Буюк Соҳибқиронга эҳтиром
  • 10 Апрель 2014

Буюк Соҳибқиронга эҳтиром

Мамлакатимиз истиқлолга эришгач, Амир Темур шахси Ватан ва миллат тимсолига айланди. Истиқлолимизнинг ҳар бир тадбирида, мустақил давлатимизнинг ҳар бир қадамида бу буюк зот руҳи бизга ҳамроҳу ҳамнафас бўлиб келмоқда.

Зеро, Президентимиз таъкидлаганларидек: “Буюк шахсларни тарих яратади, дейдилар. Бунга қўшимча қилиб соҳибқирон бобомизнинг суронли ҳаётини хаёл кўзгусидан ўтказиб, буюк шахсларни миллат қайғуси, халқ дарди яратади, дейиш мумкин. Умрининг мазмунини “Миллатнинг дардларига дармон бўлишдан иборат” деб билган Амир Темур халқимизнинг ана шундай ардоқли, улуғ фарзандидир”.
Ўзлигимизни англаш, тарихимизни чуқур ўрганиш, буюк  аждодларимиз хотирасини эъзозлаш борасидаги изчил ва кўламли хайрли ишлар барчамиз, айниқса, ёшларимиз учун алоҳида ибрат бўлмоқда. Ана шундай эзгу саъй-ҳаракатлар самараси туфайли Амир Темур шахси, жаҳон тарихидаги ўрни, халқимиз, Ватанимиз олдидаги хизматлари асл мақомига қайтди. 1996 йил мамлакатимизда “Амир Темур йили” деб эълон қилинди, Соҳибқирон таваллудининг 660 йиллиги халқаро миқёсда кенг нишонланди, Тошкент, Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларида муҳташам ҳайкаллари қад ростлади. Улуғ бобомиз шарафига орден таъсис этилди. Шунингдек, халқаро Амир Темур жамғармаси фаолияти йўлга қўйилди.
2011 йили Президентимиз таклифи билан “Темур тузуклари” асари мукаммал ҳолда, юксак сифат билан янгидан чоп этилди. Бугун миллатимиз ғурурини кўкларга кўтарган буюк Амир Темур сиймоси улуғланиб, унинг адолат, ҳақиқат ва юртни ҳар жиҳатдан тараққий эттиришдек нурли орзуси ўз рўёбини  топмоқда.  
Бу ҳақда шу кунларда соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 678 йиллиги муносабати билан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўтказилаётган маънавий-маърифий анжуманларда алоҳида сўз юритилаяпти. Хусусан, кеча пойтахтимиздаги Амир Темур хиёбонида ҳам ана  шундай тадбир бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари, юртимизда фаолият юритаётган дипломатик корпус вакиллари, олимлар, ижодкорлар, ота-оналар, маҳалла фаоллари, ўқитувчи ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.
Тадбирда халқаро Амир Темур хайрия жамғармаси раиси, Темурийлар тарихи Давлат музейи директори Нозим Ҳабибуллаев, Корея Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ли Ук Хён, Ўзбекистон халқ шоири  Сирожиддин Саййид, темуршунос Ҳаким Сатторий ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ўзлигимизни англаш ва миллий ғуруримизни тиклашга қаратилган ислоҳотлар жараёнида Амир Темурнинг ўлмас номи, жаҳон тараққиётига қўшган беқиёс ҳиссасини ўрганиш, бой маънавий меросидан ёшларни ватанпарварлик, миллий истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашда кенг фойдаланиш юзасидан бетимсол ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Жорий йилнинг “Соғлом бола йили” деб номланиши ва бу борада Давлат дастури қабул қилиниб, унда ҳаётимиз фаровонлигини таъминлашга қаратилган хайрли мақсадлар кўзда тутилганлиги барчамизни қувонтиради. Чунончи, келажак авлодга ғамхўрлик кўрсатиш, юртни обод этиш Амир Темур бобомизнинг ҳам олий мақсади эди.
Амир Темур шахсиятига бўлган беқиёс ҳурмат борасида Президентимизнинг “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарида шундай иқтибос келтирилади: “Шахсан мен “Темур тузуклари”ни ҳар гал ўқир эканман, худдики ўзимга қандайдир руҳий куч-қувват топгандек бўламан. Ўз иш фаолиятимда бу китобга такрор-такрор мурожаат қилиб, ундаги ҳеч қачон эскирмайдиган, инсон маънавияти учун бугун ҳам озиқ бўладиган ҳикматли фикрларнинг қанчалик ҳаётий эканига кўп бор ишонч ҳосил қилганман. Масалан, “Тажрибамда кўрилганким, азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз, лоқайд кишидан яхшироқдир”, деган сўзлар бугунги кунда ҳам маънавий жиҳатдан нақадар долзарб аҳамиятга эга экани барчамизга аён”.
Биз истиқлол йилларида Амир Темур мероси, ҳаёти ва фаолиятини чуқур ўргандик. Унинг инсоний жасоратидан, азму шижоатидан ғурурландик. Зеро, рўйи заминнинг сайқали бўлмиш Самарқандда, Шаҳрисабз, Бухоро, Тошкент ва жаҳоннинг бошқа ҳудудларида       соҳибқирон томонидан бунёд этилган нодир меъморий обидалар унинг буюк зот эканлигидан далолат бериб турибди.
Тадбир иштирокчилари Амир Темур ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйишди.
Тантанада Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х. Султонов иштирок этди.
Шу куни Темурийлар тарихи Давлат музейида “Буюк аждодлар мероси — барҳаёт” номли кўргазма ўз ишини бошлади.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn