Атроф-муҳит мусаффолиги — долзарб масала
  • 10 Апрель 2014

Атроф-муҳит мусаффолиги — долзарб масала

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан Тошкент шаҳри экологиясига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди. Унда мамлакатимиз пойтахтида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатга инсон омили таъсирини камайтириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди.

Маълумки, Тошкент кейинги йилларда том маънода мегаполис шаҳарлардан бирига айланиб, бу ерда аҳоли сони муттасил ортмоқда. Қурилаётган замонавий ва кўркам иншоотлар шаҳар қиёфасини тубдан ўзгартираяпти. Бу эса, ўз навбатида, шаҳар табиатини янада асраб-авайлашни тақозо қилаётир. Пойтахтимиз бетакрор флора ва фауна дунёси билан ҳам алоҳида ажралиб туради. Бу ерда умуртқали ҳайвонларнинг 200 га яқин, дарахт ва буталарнинг 220 турини учратиш мумкин. Шаҳарнинг яшил майдонлари ҳудуди эса 15,2 минг гектарни ташкил этади.
Бошқача айтганда, Тошкентнинг 30 фоизи яшиллик билан қопланган.
Соҳа мутахассислари таъкидлаганидек, инсон ва табиат ўртасидаги муносабатларни уйғунлаштириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларини ижобий ҳал этиш бугунги куннинг долзарб муаммоларидан бири ҳисобланади. Чунки эндиликда атроф-муҳитнинг антропоген таъсир оқибатида ифлосланиши дунё мамлакатларига нафақат иқтисодий зарар келтираяпти, балки ижтимоий масалаларни ҳам юзага чиқармоқда. Шу боис ҳозирги кунда пойтахтимизнинг санитария-эпидемиологик ҳолатини яхшилаш ва ҳудудларда тозаликни сақлаш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Айтайлик, пойтахтимизда йилига 630 минг тоннага яқин маиший, қарийб 50 минг тонна саноат чиқиндилари пайдо бўлади. Шуларни инобатга олган шаҳар Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси мутасаддилари чиқиндиларнинг фуқаролар ҳаёти ва саломатлигига, атроф-муҳитга етказаётган салбий таъсирининг олдини олиш, чиқиндиларни турларга ажратиш, уларни йиғиш ва ташкилий равишда олиб чиқиб кетиш ишларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратишмоқда. Бунда, албатта, миллий қонунчилик ва халқаро ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижроси муҳим аҳамият касб этаяпти. Шунга қарамай, ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар талайгина. Ўтган йил давомида суд органларига табиатга ноқонуний муносабатда бўлган саноат корхоналари фаолиятини тўхтатишни сўраб 3 та тақдимнома киритилгани, 3 та ҳужжат эса жиноий иш қўзғатиш учун шаҳар прокуратурасига юборилгани, 1389 киши маъмурий жавобгарликка тортилгани бунинг тасдиғидир.
Тадбирда пойтахтимиз экологиясини яхшилаш, хусусан, “Ботаника” боғида амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари ҳақида ҳам  батафсил маълумот берилди.

Д. ЖУМАБОЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn