Баркамол авлод — ишончимиз ва ғуруримиз
  • 08 Апрель 2014

Баркамол авлод — ишончимиз ва ғуруримиз

Ёшлар камолоти, манфаати, ёруғ иқболи, бахту саодати — “Ўзбекистон — келажаги буюк давлат”ни барпо этишдек улуғвор мақсадимизнинг мазмун-моҳиятини ташкил этади. Чунки давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “ёшлар эртанги кунимизнинг ишончи ва таянчидир”.

Президентимиз ташаббуси билан 2014 йил 6 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор ҳам айнан шу йўлдаги саъй-ҳаракатларнинг янада юксак босқичга кўтарилишини тасдиқлаб беради.
Агар ўтган йилларга назар ташласак, деярли ҳар бир йилда ёшлар истиқболи, жисмоний саломатлиги ва маънавий камолоти йўлида улкан эзгу ишлар амалга оширилганига гувоҳ бўламиз.
Бугун ёшларимиз ҳеч кимдан кам эмас. Улар халқимиз, Президентимиз, давлатимиз ардоғида.
— Истиқлол йилларида камол топиб, муваффақиятга эришаётган ёшлар сафида эканлигимдан ҳамиша фахрланаман, — дейди Сурхондарё вилоятидаги Ангор педагогика коллежининг 3-босқич ўқувчиси Сарвиноз Шайдуллаева. — Яратиб берилган шарт-шароит туфайли болалигимданоқ спортнинг айкидо тури билан шуғулланаман. Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси, 1-ДАН “Қора белбоғ” соҳибасиман. 2011 йилда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган халқаро турнирда, 2012 йили Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилган халқаро мусобақада 1-ўринни, Париж шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида 2-ўринни қўлга киритдим. 2013 йилда ҳаётимда унутилмас воқеа рўй берди. Президентимиз ташаббуси билан таъсис этилган Зулфия номидаги Давлат мукофотига лойиқ кўрилдим. Хориждаги мусобақаларда қатнашиб, гувоҳи бўламизки, у ердаги тенгдошларимиз бизга ўзгача ҳавас билан қарашади. Буни ютуқларимиз ҳақида тўлқинланиб, ҳайратланиб гапиришларидан билса бўлади. Биз бундай ҳавасга муносиб бўлишимиз керак. Чунки телевизорда кўриб, интернет орқали хабардор бўлиб турибмизки, айрим мамлакатларда кунда-кунора уруш-тўполон, баъзи давлатларда турли инқирозларга дуч келинаяпти.
Юртимизда эса тинчлик-хотиржамлик ҳукмрон. Мана шундай осуда ҳаётнинг қадрига етиш биз, ёшлардан, айниқса, катта масъулият талаб этади.
Юртимизда Сарвинозга ўхшаб юксак муваффақиятларни қўлга киритаётганлар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Бу эса, табиийки, уларнинг истиқболини ўйлаб олиб борилаётган эзгу ислоҳотлар самарасидир. Бинобарин, қайд этганимиздек, истиқлол даврида ҳар бир йилга ўзига хос ном берилиши замирида ҳам ёшлар тақдирига кўрсатилаётган ғамхўрлик мужассам. Хусусан, “Обод турмуш йили” Давлат дастурини амалга оширишда таълим соҳасини ривожлантиришга янада эътибор кучайтирилди. Натижада 2013 йилда мамлакатимизда 756 та таълим маскани, мусиқа ва санъат мактаблари, болалар спорти объектлари янгитдан қурилди, реконструкция қилинди ҳамда капитал таъмирланди. Замонавий компьютер синфлари, ўқув лабораториялари, устахоналар ташкил этилиб, зарур асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Шунингдек, республикамизда умумтаълим мактабларининг 1-синфидан бошлаб хорижий тилларни чуқур ўрганиш йўлга қўйилди. Бу эса, албатта, фарзандларимизнинг жаҳон илм-фани ва маданияти ютуқларини эгаллаши, етук малакали кадрлар бўлиб етишиши учун янги имкониятлар очиб бериши билан айниқса муҳимдир.
Эзгуликка йўғрилган бундай ишларнинг табиий маҳсули ва натижаси ёшларимиз қўлга киритаётган ютуқларда яққол намоён бўлмоқда. Президентимиз Асосий Қонунимиз қабул қилинганининг 21 йиллигига бағишланган тантанада навқирон авлод вакиллари эришган ютуқларни алоҳида таъкидлаб, шундай деган эдилар: “...Тошкент шаҳрида ўтказилган 47-халқаро Менделеев олимпиадасида юртимиз ўқувчилари биринчи ўринни эгаллагани ҳаммамизга мамнуният етказади. Ватанимизнинг шону шуҳратини бутун дунёга тараннум этаётган, сафлари тобора кенгайиб бораётган бундай фарзандларимизни ҳар қанча қўллаб-қувватласак, ҳар қанча эъзозласак, арзийди, албатта...”
— Давлатимиз раҳбарининг ушбу қанотбахш сўзлари барча юртдошларимиз каби бизни ҳам беҳад тўлқинлантириб юборди, — дейди Ўзбекистон Миллий университетининг С. Сирожиддинов номидаги академик лицейи ўқувчиси, 47-халқаро Менделеев олимпиадасида олтин медални қўлга киритган Дилшода Ортиқбоева. — Зеро, эътибор бор жойда ўсиш, ўзгариш бўлади. Агар бизда ҳар қанча истеъдод, ҳар қанча иқтидор бўлмасин, у қўллаб-қувватланмаса, сайқал топмайди. Шу маънода, биз бугунги тақдиримиздан беҳад миннатдормиз. Таълим соҳасида яратилган
шарт-шароитлар, ўз салоҳиятимизни намоён этиш ва касб ўрганиш борасидаги имкониятлар учун Президентимиз Ислом Каримовдан беҳад миннатдормиз.
Эътибор ҳамда эъзоз истеъдодни чархлайди, қобилиятни тоблайди. Юксак иқтидор соҳиби эса муваффақият қозонаверади, эришган ютуқларидан куч-ғайрат олиб, янада юксак парвозларни кўзлайди. Муҳими шундаки, юртимизда ёш истеъдод соҳибларини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эзгу ва олимақом сиёсат тафти худди аввалги йилларда бўлганидек, Соғлом бола йилида ҳам навқирон авлод вакилларига янада баланд руҳ, ёниқ шижоат бахш этмоқда.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn