Эъзоз умримизга умр қўшмоқда
  • 23 Апрель 2016

Эъзоз умримизга умр қўшмоқда

Табаррук ёшдаман. Мана, тўқсон уч баҳорни қаршиладим. Шукр, ўғил-қизлар ардоғида, қўни-қўшни, маҳалла-кўй эътиборидаман. Ҳар қадамда давлатимиз эъзозу эҳтиромини ҳис қилиб яшаяпмиз.

Яқинда қизим Раҳимахон қўлида газета билан уйга кириб келди. Президентимизнинг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони эълон қилинган экан. У ўқиб турди, мен жон қулоғим билан тингладим. Вужудимни ҳаяжон босди. Очиғи, хурсандлигимдан кўзларимга ёш келди. Невараларимга юзланиб, “Қаранг, қандай меҳр-оқибатли юртнинг фарзандисизлар. Ўзбекистонда ҳеч ким эътибордан четда қолмайди. Шундай тинч ва фаровон мамлакатда туғилиб, вояга етишнинг ўзи катта бахт. Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшадиган ақлли-ҳушли йигит-қиз бўлинглар”, деб насиҳат ҳам қилиб қўйдим.

Чиндан ҳам, биз, кекса авлод вакиллари давлатимиз ҳамда жамоатчиликнинг доимий ғамхўрлиги оғушидамиз. Сал тобимиз қочгудек бўлса, барака топишсин, шифокорлар ёнимиздан жилмайди. Сиҳатгоҳлар эшиги биз учун ҳамиша очиқ. Байрамлар ҳам нуронийлар иштирокида ўтади. Сирасини айтганда, биз учун нима зарур бўлса, барчаси -муҳайё! Юртбошимиз Фармони бунинг яна бир карра тасдиғидир. Ана шу меҳр ва самимиятдан бошимиз кўкка етди.

Мени йўқлаб келган маҳалладошларим баъзан “Уруш даҳшатлари, қаҳатчилик йилларини кўргансиз. Ҳозир табаррук ёшдасиз. Айтинг-чи, узоқ умр кўришнинг сири нимада?” деб сўраб қолишади. Шунда “Эъзоз киши умрига умр қўшади”, деб жавоб бераман уларга. Ахир давлатимиз, яқинларим эътиборини ҳис этиб турганим боис ҳаётимда мазмун бор. Фарзандларим, невараларимнинг меҳри юрагимга қувват бўлаяпти. 

Дарҳақиқат, биз тенги авлоднинг пешонасига уруш, очлик йилларини кўриш ёзилган экан. Баъзан ўша машъум даврларни эслаб, тунлари уйқум қочади. Навқирон йигитларнинг эрта сўлгани, бева қолган аёллар, вайронага айланган шаҳару қишлоқлар, бир бурда нонга зор болалар — буларни унутиб бўладими? Қолаверса, ҳозирги тинч ва фаровон ҳаёт ўз-ўзидан бўлган эмас. Шу боис дориламон кунларга етказганига шукр, дейман. Юртдошларимизни, айниқса, ёшларимизни буларнинг қадрига етишга, осойишта ҳаётимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлашга чорлайман.

 

Назира ДАГАЕВА,

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси.

Бухоро шаҳри

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn