Маҳалла сайловининг ташкилий-ҳуқуқий асослари
  • 23 Апрель 2016

Маҳалла сайловининг ташкилий-ҳуқуқий асослари

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш, фуқаролик жамияти институтларини, хусусан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини ривожлантириш йўлида кенг кўламли саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Натижада ноёб бошқарув тизими — маҳалланинг нуфузи юксалиб, аҳолини аниқ манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш, кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, умуман, жамиятда аҳиллик, бирдамлик ва тотувликни мустаҳкамлашдаги ўрни ҳамда таъсири тобора ортиб бораётир.

Маҳалла институтига қаратилаётган бундай катта эътибор бугун юртимизда олиб борилаётган сиёсатнинг халқчиллигидан далолатдир. Қолаверса, унинг ҳуқуқий асоси изчил мустаҳкамланаётгани шу йўналишдаги ишлар кўламини янада кенгайтиришда муҳим омил бўлмоқда.

Бинобарин, 2013 йил 22 апрелда қабул қилинган янги таҳрирдаги “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни билан фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари сайловини ўтказиш тартиби янада такомиллаштирилди. Унга киритилган ўзгартиш ҳамда қўшимчалар сайловнинг ошкоралигини таъминлаш ва уни ташкил этиш ҳамда ўтказишда давлат ҳокимияти вакиллик органларининг ролини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Айни чоғда юртимизда май — июнь ойларида ўтказиладиган фуқаролар йиғинлари сайловига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Жойларда ташкил этилаётган турли тадбирлар, семинар ва давра суҳбатлари аҳолининг бўлажак сайлов билан боғлиқ билимларини янада мустаҳкамлаш, ушбу муҳим тадбирда фаол қатнашишларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади, албатта.

Шу ўринда сайловга тайёргарлик босқичида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам фаоллик кўрсатаётганини қайд этиш зарур. Улар ўз сайловчилари билан учрашувларда, шунингдек, жойларда маҳалла аҳли билан мулоқотларида сайлов жараёнини демократик тамойиллар асосида ўтказиш юзасидан тушунтириш ишларини олиб бормоқдалар.

Маълумки, фуқаролар йиғини раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини юқори савияда ўтказишда кўмаклашувчи комиссиялар ҳамда ишчи гуруҳларнинг фаолияти алоҳида ўрин тутади. Ҳозирги вақтда жойларда фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг -маслаҳатчилари сайловини ташкил қилиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар тузилган бўлиб, улар самарали фаолият олиб бораяпти. Ўз навбатида, мазкур комиссиялар томонидан фуқаролар йиғини раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш бўйича тузилган ишчи гуруҳлар фаолияти мувофиқлаштириб келинмоқда.

Фуқаролар йиғини раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил қилиш ҳамда ўтказиш бўйича амалга ошириладиган тадбирлар самараси, ҳар томонлама муносиб номзодларни фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари лавозимларига кўрсатиш ишчи гуруҳлар фаолияти билан чамбарчас боғлиқ. Чунки айнан ишчи гуруҳлар сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказишда аҳолига энг яқин бўлган ташкилий тузилма сифатида фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши), фуқаролар вакиллари сайлови бўйича умумий йиғилишлар ўтказилишини таъминлайди.

Ишчи гуруҳлар таркибига фуқаролар йиғинининг, тегишли ҳудудда жойлашган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари, шунингдек, халқ депутатлари тегишли туман (шаҳар) Кенгашларининг депутатлари киритилди. Фуқаролар йиғинининг амалдаги раиси ҳамда унинг маслаҳатчилари ишчи гуруҳ таркибига киритилиши мумкин эмаслиги қонунда белгиланган. Бу эса ишчи гуруҳнинг ўз фаолиятига мустақил ва холисона ёндашишини таъминлайди. Шу билан бирга, ишчи гуруҳлар -томонидан амалга ошириладиган муайян ҳаракатларга, қабул қилинадиган у ёки бу қарорларга раис ҳамда унинг маслаҳатчилари ўз таъсирини ўтказа олмайди.

Бундан ташқари, фуқаролар йиғини раиси ёки унинг маслаҳатчилари лавозимига номзодлар кўмаклашувчи комиссияга ёхуд ишчи гуруҳга аъзо шахслар ёки уларнинг яқин қариндошлари орасидан кўрсатилган тақдирда, улар кўмаклашувчи комиссия ёхуд ишчи гуруҳ таркибидан чиқарилиши ҳам сайловнинг холис, очиқ ва шаффоф ўтишига хизмат қилади.

Ишчи гуруҳ таркибига халқ депутатлари тегишли туман (шаҳар) Кенгашлари депутатлари киритилиши моҳиятан фуқаролар йиғини раиси ҳамда унинг маслаҳатчилари лавозимларига ўтказиладиган сайлов салоҳиятини ошириши билан бир қаторда, ҳам номзодларнинг, ҳам овоз берувчиларнинг сайловда масъулият билан иштирок этишига зарур шароит яратади. Ишчи гуруҳларнинг ҳамда туман, шаҳар кўмаклашувчи комиссияларининг -ваколат муддати навбатдаги сайлов эълон қилингунига қадар давом этади. Бу эса ана шу вақт мобайнида бўшаб қоладиган фуқаролар йиғини раислари ва уларнинг маслаҳатчилари лавозимларига сайловларни белгиланган муддатда ташкил қилиш ҳамда ҳудудда амалга оширилаётган ислоҳотлар изчиллигини таъминлашда айни муддаодир.

Фуқаролар йиғини аъзоларини рўйхатга олиш фуқаролар йиғини раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этишда асосий ташкилий масала ҳисобланади. Сайловчилар рўйхатини тузиш ҳар бир сайловчига ўзининг сайлаш ҳуқуқини рўёбга чиқариши учун имкон беради. Айни пайтда ишчи гуруҳ томонидан сайловни юқори даражада ўтказиш юзасидан аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Кўмаклашувчи комиссиялар ҳамда ишчи гуруҳлар фуқаролар йиғини раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил қилиш ва ўтказиш масалаларига доир фуқароларнинг мурожаатларини ҳам кўриб чиқиш ваколатига эгадир. Бу жараённинг ошкоралигини кафолатлаши баробарида, унинг иштирокчилари томонидан қонун ҳужжатлари талабларига тўлақонли риоя этилишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Бўлажак сайловларга мамлакатимиз бўйлаб амалга оширилаётган кенг кўламли тайёргарлик ишлари фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда уларнинг маслаҳатчилари лавозимларига энг муносиб номзодларнинг сайланишини таъминлашга қаратилган. Зеро, улар маҳаллани аниқ йўналтирилган асосда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш марказига айлантириш, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини самарали амалга ошириш ҳамда бошқа кўплаб вазифаларни рўёбга чиқаришга муносиб ҳисса қўшадилар.

 

Мухтабар ҲУСАНОВА,

Ўзбекистон Республикаси 

Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn