Хавфсизлик, қулайлик ва замонавийлик
  • 23 Апрель 2016

Хавфсизлик, қулайлик ва замонавийлик

йўловчиларга хизмат кўрсатишнинг асосий талабидир

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикасининг “Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида”ги Қонуни ижросини ўрганиш натижалари кўриб чиқилди.

Мажлисда тегишли вазирлик ҳамда идоралар, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда мутасадди ташкилотлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда замонавий инфратузилманинг муҳим таркибий қисми ҳисобланган транспорт хизмати соҳаси давр билан ҳамқадам ривожланиб бормоқда. Хусусан, хориждан ва юртимизнинг турли ҳудудларидан келган меҳмон ҳамда сайёҳлар билан ҳамиша гавжум пойтахтимизда йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатиш қамрови кенгайиб бораётир. “Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида”ги Қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ, йўловчилар ҳаёти, саломатлиги, мол-мулки, уларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлайдиган барқарор механизм яратилгани бунда муҳим омил бўлмоқда.

Маълумки, ҳар куни Тошкент шаҳрида транспорт корхоналари томонидан 235 йўналиш бўйича йўловчиларга хизмат кўрсатилаяпти.

“Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида”ги Қонун ижросини ўрганиш натижалари шуни кўрсатмоқдаки, пойтахтимизда йўловчилар ташиш хизмати такомиллашиб, тармоқдаги корхона ва ташкилотларнинг иш самарадорлиги ошиб бораётир. Бунда йўловчиларга барча қулайликни яратиш, транспорт воситаларининг йўналишларда белгиланган жадвал бўйича оралиқдаги вақтга қатъий риоя этган ҳолда ҳаракатланишига алоҳида эътибор қаратилаётгани айни муддаодир.

Бундан ташқари, йўловчилар хавфсизлигини кафолатлаш юзасидан ҳам тизимли ишлар олиб борилаяпти. Жамоат транспортларининг техник ҳолати белгиланган тартибда мунтазам текширилаётир. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси томонидан ўтган йили рейдлар ўтказиш чоғида бу борада аниқланган камчиликлар ўз вақтида бартараф этилди.

Амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, ташувчининг фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурта қилинади. Ўтган йили ноябрь ойида кучга кирган “Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Қонун асосида соҳадаги корхоналар ҳамда суғурта компаниялари ўртасида йўловчиларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига етказилган зарарни қоплаш борасида ташувчининг фуқаролик жавобгарлиги юзага келганда унинг мулкий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида шартномалар тузилди.

Мустақиллик йилларида йўловчиларга юксак хизмат кўрсатиш маданияти намунасига айланган Тошкент метрополитени уч йўналишга эга бўлиб, улардаги темир йўлларнинг умумий узунлиги саксон километрни ташкил этади. Метрополитен линияларида поездлар ҳаракатланиши қоидалари ҳамда нормаларини, тиббий-санитария ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш чоралари кўрилган. Алоқа воситалари, сув таъминоти ҳамда вентиляция тизимлари ва бошқа техник воситалар соз ҳолатда сақланмоқда.

— Мажлисда жамият ижтимоий, иқтисодий ҳамда маданий ҳаётининг асосий кўрсаткичларидан бири — жамоат транспорти тизимида рўёбга чиқарилаётган саъй-ҳаракатлар Тошкент шаҳри мисолида муҳокама қилинди, — деди Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Ф. Дадаходжаев. — Жамоат транспорти хизматларига дахлдор масалалар бўйича фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилишда замонавий ахборот-коммуникация воситаларидан фойдаланилаётгани, интерактив хизматларнинг йўлга қўйилгани ўзининг ижобий натижаларини бераётгани диққатга сазовор жиҳатлардан биридир. Айни пайтда соҳадаги қонун ҳужжатларига сўзсиз риоя қилиш орқали йўловчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини тобора яхшилаш, жамоат транспорти ҳайдовчиларининг этикаси ва касбий маданиятини ошириш, улар иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир этилишининг олдини олиш, транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш, улардан фойдаланиш муддатларига амал қилиш, ҳайдовчиларни мунтазам тиббий кўрикдан ўтказиш масалаларига янада жиддий ёндашиш зарур.

Иштирокчилар халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши мазкур соҳада депутатлар назоратини кучайтириши муҳим эканлигига урғу бердилар.

Мажлис якунлари бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

 

Фарида МАҲКАМОВА,

«Халқ сўзи» мухбири. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn