Юксак эътибор ва ғамхўрликдан миннатдормиз
  • 20 Апрель 2016

Юксак эътибор ва ғамхўрликдан миннатдормиз

Кексаларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, уларни ардоқлаш халқимизга хос азалий қадриятлардандир. Ушбу олижаноб фазилат мустақиллик йилларига келиб, давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бундан биз ҳамиша ғурурланиб, хурсанд бўлиб юрамиз.

Қўлларимизни дуога очганда ҳам мана шундай дориламон кунларга етказгани учун шукроналар айтамиз, тинч ҳамда фаровон ҳаётимиз бардавом бўлсин, дея ният қиламиз.

Бу йил 95 ёшни қаршилайман. Уч қиз ва уч ўғилни тарбияладим. 22 нафар набирам, 60 нафар эварам, яна 12 нафар чеварам бор. Инсон умрида осойишталикнинг ўрни қанчалик муҳим эканини мен ўз ҳаётим мисолида кўрдим. Ниятларингиз, орзу-умидларингиз фақат тинчлик-хотиржамлик ҳукмрон бўлган жойдагина амалга ошаркан. Баъзан ёлғиз қолганимда шулар ҳақида ўйлаб, умримнинг ўтган йилларини хотирлайман. Афсуски, айни ўйнаб-куладиган йигитлик чоғимиз уруш даврига тўғри келди. Одамларда ҳаловат йўқолган, кун кечириш қийин... Эҳ-ҳе, буни айтишнинг ўзи жуда оғир. Биз ана шу мусибатларни бошимиздан кечирганимиз учун ҳам ёшларга насиҳат қилганда, “Тинчликнинг қадрига етинглар, мустақилликка муносиб фарзанд бўлинглар”, дея уқтирамиз. Чунки ҳозирги ёшларимизга ҳар қанча ҳавас қилса, арзийди. Кўз тегмасин, кошонадек мактабларда, институтларда ўқишаяпти.

Касб-ҳунар ўрганишаяпти. Ота-оналарининг орзу-ҳавасини рўёбга чиқаришаяпти. Буларнинг барчаси, сўзсиз, осойишталик туфайли.

Гарчи, ёшлигимиз қийинчиликда ўтган бўлса-да, кексайганимизда роҳат кўраяпмиз. Қаерга бормайлик, ҳурматимиз жойида. Яқинда Тошкент вилоятидаги “Бўстон” санаторийсида ўн икки кун дам олиб қайтдим. Бепул йўлланма беришганди. Бундан -ташқари, тарихий шаҳарларимиз, табаррук қадамжоларимизни зиёрат қилиш учун тез-тез саёҳатлар ташкил этилаётгани қалбимизга қувонч, руҳимизга тетиклик бағишлаяпти.

Давлатимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотларнинг ҳар бирида биз, нуронийларга юксак эътибор кўрсатилиши диққатга сазовор. Масалан, ҳар йилнинг 9 май санаси юртимизда Хотира ва қадрлаш куни сифатида кенг нишонланади. Шу муносабат билан бизларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатилиб, ўтганлар руҳи хотирланади. Мана, бу гал ҳам Президентимизнинг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони эълон қилинганини эшитиб, хурсанд бўлдик. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига бир марталик пул мукофоти белгиланиб, уни тантанали ҳамда байрамона тарзда топшириш таъкидланган.

Биз, кексалар кўрсатилаётган бундай юксак эътибор ва ғамхўрлик учун Президентимиздан жуда ҳам миннатдормиз. Шундай гўзал юртда яшашнинг ўзи бахт!

 

Абдувосиқ АБДУЛЛАЕВ,

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси.

Тошкент шаҳри, Учтепа тумани

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn