Оилаларни мустаҳкамлашда маҳалла институтининг аҳамияти ортмоқда
  • 20 Апрель 2016

Оилаларни мустаҳкамлашда маҳалла институтининг аҳамияти ортмоқда

Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви томонидан  оилаларни мустаҳкамлаш, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатишда маҳалла -институтининг ўрнига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Унда фонд мутасаддилари, қатор ҳамкор ташкилотлар вакиллари, фуқаролар йиғинлари ходимлари ҳамда журналистлар қатнашди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, хусусан, ёш оилаларга зарур кўмак ва ёрдам бериш, ёшларимизни турли зарарли иллатлар таъсиридан ҳимоя қилиш, миллий урф-одатларимизни кенг тарғиб этиш, бу борада маҳалланинг ўрни ҳамда таъсирини кучайтиришга қаратилган изчил саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Пировардида эса оилаларни мустаҳкамлаш, уларга моддий-маънавий ёрдам кўрсатиш, маҳаллаларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш борасида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳамда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ўрни тобора салмоқли бўлиб бораётир.

Хусусан, жорий йилнинг биринчи чорагида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда маҳаллаларда эрта никоҳнинг салбий оқибатларини тушунтиришга йўналтирилган 27 мингдан зиёд, ёш оилалар ажралиб кетиши ҳолатларининг олдини олишга қаратилган 28 мингга яқин, никоҳланувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича қарийб 26 мингта тарғибот тадбирлари ташкил этилди. Уларга жами 4,6 миллион нафардан зиёд аҳоли, шу жумладан, ёшлар қамраб олинди.

Бундан ташқари, фуқаролар йиғинлари ҳузурида фаолият юритаётган “Ота-оналар университетлари” томонидан ота-оналарнинг фарзанд тарбияси бўйича ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий ва физиологик билимларини ошириш мақсадида ўтказилган 33 мингга яқин тарғибот тадбирлари оилаларни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутмоқда. Айни чоғда  “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлиги доирасида таълим масканларида ўқитиш сифатини ўрганиш ҳамда ўқувчиларнинг бўш вақтларини самарали ташкил этиш масалалари юзасидан уюштирилган 36 мингдан ортиқ учрашувлар бугун ўз самарасини бераяпти.

Тадбирда фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари томонидан оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни мустаҳкамлаш борасида олиб борилган кенг кўламли тушунтириш ишлари натижасида 14 мингдан зиёд оилаларда турли низоларнинг олди олингани алоҳида қайд этилди. Қолаверса, 66 мингдан ортиқ оилаларга моддий, 82 мингга яқинига тиббий ёрдам кўрсатилишига, 65 мингдан зиёд фуқароларнинг иш билан таъминланишига кўмаклашилди. 

“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури доирасида ҳар бир ҳудудда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари вакиллари, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандлари учун банкларда омонат дафтарчалари очилди. Узоқ туманларда яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож 127 та оилага бепул кийим-кечак улашилди. Шу билан бирга, маҳаллалардаги 450 нафар кам таъминланган оилалар, уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, ёлғиз кексалар ҳамда -ногиронларга моддий ёрдам кўрсатилди.

Бу борадаги саъй-ҳаракатлар шу йилнинг 12-13 март кунлари ўтказилган умумхалқ хайрия ҳашарида янада кенг қулоч ёзди. Яъни 21 минг 476 та оиланинг 521 минг метр квадрат майдондаги уй-жойлари ҳашар йўли билан таъмирланди, 26 минг 418 та эҳтиёжманд оилалар вакиллари, шундан 11 минг 186 нафар ногирон ва ёлғиз қариялар ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий кўмак берилди. Ушбу тадбирларга “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳисобидан 106 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланди. 

Анжуманда ёшлар тарбияси, эрта никоҳ ва оилавий низоларнинг олдини олиш, оилаларни қўллаб-қувватлашда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳамда фуқаролар йиғинлари олдида турган устувор вазифалар хусусида ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.

 

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn