Хотин-қизларнинг ташаббуслари муносиб қўллаб-қувватланаяпти
  • 20 Апрель 2016

Хотин-қизларнинг ташаббуслари муносиб қўллаб-қувватланаяпти

Юртимизда аёлларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган бўлиб, уларнинг иқтидор ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, оилада, жамиятда муносиб ўрин эгаллашига кўмаклашиш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бераяпти.

Буни ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларда фаол қатнашиб, юрт равнақига ўз улушини қўшаётган, шижоати ҳавас қилгудек опа-сингилларимиз тимсолида яққол кўриш мумкин. 

Хусусан, Навоий вилояти хотин-қизлари ўртасида тадбиркорлик, илм-фан, маданият, таълим, тиббиёт соҳаларининг илғор вакиллари сафи тобора кенгаймоқда. Айниқса, бугунги кунда аёлларимизда ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатиш тармоқларида ўз бизнесини йўлга қўйиб, ишбилармонлик лаёқатини намоён этишга интилиш ортиб бораётир.  Бошқача айтганда, хотин-қизлар етакчилигидаги тадбиркорлик субъектлари кўпаймоқда. Бу уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари кафолатланганидан, барча жабҳада, жумладан, хусусий сектор ривожида иштирок этиши учун ҳар тарафлама имкониятлар мавжудлигидан, аёлларни ишсизликдан ҳимоя қилишга устувор эътибор қаратилаётганидан далолат беради.

Навоий шаҳрилик Холисхон Қудратова тадбиркорлик фаолиятини бошлаганига ҳали кўп бўлмади, бироқ қисқа вақт ичида у қатор истиқболли лойиҳаларни амалиётга татбиқ этди.

“Жаҳон бизнес барака сервис” масъулияти чекланган жамияти таркибида  аҳолига сифатли савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларини очди. Ўтган йили “Тадбиркор аёлнинг энг яхши лойиҳаси” кўрик-танловининг республика босқичида тегишли номинация бўйича ғолиб бўлган Холисхон ҳозирги вақтда қиймати бир миллиард сўмлик лойиҳа устида ишламоқда. Унга кўра, яқин кунларда аҳолига тиббий, шунингдек, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш марказларини ташкил этиш мўлжалланаяпти. Ушбу замонавий марказларда истеъмолчилар учун барча қулайлик яратилади. Натижада қирққа яқин ёшлар доимий даромад манбаига эга бўлади.

Қувонарлиси, ўз бизнес- режаларини шу тариқа муваффақиятли уддалаётган аёл-ларимизнинг аҳоли бандлиги ҳамда турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилган изчил ислоҳотлардаги иштироки кенгаймоқда. Айни чоғда Навоий вилоятида икки мингдан ортиқ аёл тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётир. Ваҳолонки, -мустақилликнинг дастлабки даврида улар бармоқ билан санарли даражада эди. 

Вилоятда 2015 йили ишбилармонлик билан шуғулланиш истагини билдирган хотин-қизларнинг бизнес лойиҳалари учун қарийб 46 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди. Бунинг эвазига улар ҳунармандчилик, чорвачилик, паррандачилик, фермерлик, сервис ва савдо хизмати кўрсатиш тармоқларида янги қувватларни ташкил этди. Икки мингга яқин иш ўринлари яратилди. Эътиборлиси, “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурига мувофиқ, бу борадаги ишлар кўлами янада кенгаймоқда. Тижорат банклари томонидан берилаётган мақсадли кредит маблағлари Давлат дастурида белгиланган устувор вазифалардан бири — аёлларни тадбиркорлик фаолиятига йўналтиришда, оилавий бизнесни  ривожлантиришда муҳим омил бўлаяпти.

Шу билан бирга, аёлларнинг бизнес соҳасидаги билим ҳамда кўникмаларини мустаҳкамлаш мақсадида жойларда мутахассислар томонидан семинар-тренинглар, давра суҳбатлари ташкил қилинаётир. Давлат органлари ва фуқаролик институтлари шериклигида ўтказилаётган амалий тадбирларда ишбилармон аёлларимиз дуч келаётган муаммолар муҳокама этилиб, ечими ҳал қилинмоқда. Хотин-қизларга бухгалтерия ҳисобидан то бизнес-режа тайёрлаш, тадбиркорлик субъектини рўйхатдан ўтказиш, экспорт-импорт операциялари, божхона, солиқ тизимлари билан ишлашгача бўлган жараёнда ҳар томонлама кўмак берилаяпти.

Жумладан, вилоят хотин-қизлар қўмитаси Марказий банкнинг вилоят бош бошқармаси, вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, халқ таълими бошқармалари билан ҳамкорликда ёшларнинг, энг аввало, ўқувчи қизларнинг тадбиркорликка қизиқишини кучайтириш ҳамда соҳага оид билимларини бойитиш мақсадида “Битирувчининг илк мустақил қадамлари” номли қўлланмалар тарқатди. “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури доирасида “Тадбиркор қизнинг энг яхши лойиҳаси” танловини юқори савияда ташкил этиш, шу орқали уларнинг ижтимоий аҳамиятга эга бизнес ғояларини рағбат-лантириш чоралари кўрилмоқда.

Шунингдек, қўмитамиз “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар уюшмаси вилоят бўлими билан биргаликда коллеж битирувчи қизлари ўртасида “Ўз бизнесингни йўлга қўй” мавзуида ўтказаётган семинарлар ҳам алоҳида эътиборга моликдир. Мазкур тадбирлар доирасида иқтисодий барқарор бизнес субъектларига экскурсияларнинг уюштирилиши битирувчиларга ишбилармон аёллар тажрибасини яқиндан ўрганиш имконини бераяпти. Бундан ташқари, улар хусусий мулк, кичик бизнес ҳамда хусусий -тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилиш борасидаги қонунчилик билан таништирилмоқда.

Албатта, хотин-қизлар тадбиркорлигини равнақ топтириш йўлида амалга оширилаётган бу каби саъй-ҳаракатлар опа-сингилларимизнинг бандлигини таъминлаш, оилалар фаровонлигини юксалтириш, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий инфратузилмасини такомиллаштириш, аҳолининг турмуш даражасини янада яхшилашдек эзгу мақсадларга хизмат қилаяпти. Пировардида аёлларимизнинг ўзига ишончи ортмоқда, ижтимоий фаоллиги кучаяётир. Зотан, бу оила институтининг мустаҳкамлиги, жамият барқарорлиги ва мамлакат равнақини белгилаб берувчи омиллардандир.

 

Насиба СОДИҚОВА,

Навоий вилояти хотин-қизлар қўмитаси раиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn