Ҳамкорлик алоқалари ривожланмоқда
  • 09 Апрель 2016

Ҳамкорлик алоқалари ривожланмоқда

Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси Бош котиби Шаран Барроу раҳбарлигидаги делегация расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлди. Ташриф доирасида меҳмонлар мамлакатимизда турли тармоқлар ходимлари ижтимоий-иқтисодий манфаатларини таъминлаш ва ижтимоий шериклик ҳамда мулоқотни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар билан яқиндан танишди. Айни чоғда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан ҳамкорлик истиқболлари масаласи атрофлича муҳокама қилинди.

— Ўзбекистонга илк бор келишимга қарамай, бу мамлакатдаги ҳамжиҳатлик ва жипслик менда илиқ таассурот қолдирди, — дейди Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси Бош котиби. — Жаҳон ҳамжамиятининг юртингизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳот ҳамда янгиланишларга бўлган қизиқиши ва эътибори делегациямиз ташрифига туртки -берди. Бу ердаги тинчлик ҳамда барқарорлик, барча соҳанинг изчил ривожланаётгани ва аҳоли фаровонлигининг юксалиб бораётгани Президентингиз томонидан юритилаётган оқилона сиёсат шарофатидир. Ўзбекистонда давлат, касаба уюшмалари ҳамда иш берувчилар ўртасида йўлга қўйилган самарали ижтимоий мулоқот ва ижтимоий шериклик, унинг натижаларидан ҳайратим ошди. Мамлакатингизда ҳар бир соҳада, шу жумладан, ижтимоий-меҳнат муносабатларида эришилаётган ютуқлар фахрланишга арзигуликдир.

Ташриф доирасида Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашида делегациянинг касаба уюшма фаоллари билан учрашуви бўлиб ўтди. Унда асосий эътибор фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоялаш, аҳоли бандлиги, меҳнат муҳофазаси, бу борадаги ижтимоий шерикликни ривожлантириш йўналишларида олиб борилаётган ишларга қаратилди. Хусусан, фуқароларнинг ўз билим ҳамда салоҳиятини юзага чиқаришлари учун зарур шарт-шароит ва имкониятлар яратилгани қайд этилди. Унда, шунингдек, Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар моҳиятида аҳоли фаровонлигини юксалтиришдек эзгу мақсадлар мужассамлиги алоҳида таъкидланди. Хусусан, ижтимоий-меҳнат муносабатларининг асосий субъектлари сифатида ходимлар, иш берувчилар ва касаба уюшмалари ҳамда давлат органлари зиммасидаги муҳим масъулиятли вазифалар юзасидан фикр билдирилди.

Делегация раҳбари Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ривожланиб бораётгани аҳоли турмуш даражасини янада юксалтириш, ижтимоий-меҳнат соҳасидаги кўплаб масалаларни муваффақиятли ҳал этиш, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини самарали таъминлаш имкониятини яратаётганлигини эътироф этди. Мазкур йўналишлардаги ишларга мамлакат касаба уюшмалари ҳам муносиб ҳисса қўшиб келаётир.

— Ўзбекистон меҳнат соҳасидаги халқаро мажбуриятларига масъулият билан ёндашиб келмоқда, — деди Ш. Барроу. — Корхона, ташкилот ва муассасаларнинг меҳнат жамоаларида бўлиб, давлат, иш берувчилар ҳамда касаба уюшмалари ўртасида йўлга қўйилган амалий ижтимоий мулоқот билан яқиндан танишдик. Ўйлайманки, юртингизда уч томонлама ҳамкорлар ўртасида амал қилаётган самарали ижтимоий шериклик, касаба уюшмаларининг изчил фаолият юритиши йўлида яратилган шарт-шароитлар ривожланган давлатлар учун ҳам намуна бўлиб хизмат қилади.

Меҳмонлар касаба уюшмаларининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги иштирокини, шунингдек, бандликни таъминлашга кўмаклашиш, меҳнатни муҳофаза этиш, меҳнаткашлар, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳамда меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аҳоли билан қайта алоқани йўлга қўйиш йўналишларидаги фаолиятини юқори баҳоладилар.

Мамлакатимизда кичик бизнесни, хусусан, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилингани ва бу аҳоли бандлигини таъминлашда ҳуқуқий кафолат бўлиб хизмат қилаётгани делегация аъзолари диққат-эътиборида бўлди. Айни чоғда касаначи ходимлар ҳамда шахсий томорқа хўжаликларида банд бўлган фуқаролар учун меҳнат муносабатларини расмийлаштириш борасидаги ишлар ҳам юқори баҳоланди.

Шунингдек, меҳмонлар Ўзбекистон касаба уюшмаларининг аҳоли бандлигини таъминлашга кўмаклашиш билан бирга, янги иш ўринларини яратиш, уларда коллеж битирувчилари ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар самарадорлигини эътироф этган ҳолда, ушбу йўналишдаги тажриба бошқа мамлакатлар -касаба уюшмалари фаолиятида учрамаслигини қайд этдилар.

— Кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектларида ишлаётган ходимларни касаба уюшмаларига жалб қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳам бизда яхши таассурот қолдирди, — дея таъкидлади юқори мартабали меҳмон. — Шундай иш тутиш натижасида охирги 5 йил ичида Ўзбекистон касаба уюшмалари сафига 500 минг нафар янги аъзо қўшилгани диққатга сазовордир.

Ташриф доирасида корхона, ташкилот ва муассасалар меҳнат жамоалари билан учрашувлар ўтказилди. Хусусан, “Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи” АЖ, “Sam Antep Gilam” масъулияти чекланган жамияти, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти қошидаги академик лицейда бўлиб, ишчи-ходимлар учун яратилган муносиб меҳнат шароитлари, жамоа шартномалари орқали уларга берилаётган қўшимча имтиёз ҳамда қулайликлар билан танишдилар. Танишувлар давомида ишчи-ходимлар меҳнатини муҳофаза қилиш мақсадида яратилган шарт-шароитлар меҳмонлар эътиборини тортди. Делегация аъзолари мазкур корхоналарда жамоа шартномалари орқали ходимлар учун яратилган маиший ва дам олиш шароитлари, уларни соғломлаштириш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган тадбирларни юқори баҳоладилар.

— Мен Ўзбекистондаги корхоналарда ходимларни ижтимоий ҳимоялаш борасида кучли тизим жорий этилганлигининг гувоҳи бўлдим, — деди Халқаро касаба уюшмалари Конфедерациясининг Умумевропа минтақавий кенгаши ижрочи котиби Антон Леппик. — Давлат, касаба уюшмалари ҳамда иш берувчилар ижтимоий шериклигида нафақат ходимлар, балки улар оила аъзоларининг ижтимоий ҳимояси таъминланаётгани ҳам айни муддао. Биз юртингизда бундай ёндашувнинг барча соҳада татбиқ этилганига гувоҳ бўлдик. Меҳнат жамоаларида яратилган муносиб шароитлар барқарор муҳитни таъминлаш билан бирга, ишлаб чиқариш унумдорлиги ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади.

Ташриф доирасидаги мулоқотлар асносида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришнинг долзарб жиҳатлари бўйича ўзаро фикр алмашдилар.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn