Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим омили
  • 29 Февраль 2016

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим омили

Маълумки, Ўзбекистон дунёда энг мазали ва фойдали мева-сабзавотлар етиштириш борасида улкан салоҳият ҳамда имкониятга эга мамлакат ҳисобланади. Бинобарин, юртимизнинг ноёб тупроқ-иқлим шароити, республикамизда қуёшли кунлар бир йилда ўртача 320 кун бўлиши, тўрт фаслнинг изчил алмашинуви кенг турдаги юқори сифатли мева-сабзавотларни етиштириш учун қулай имкониятлар яратади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида парламент юқори палатасининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан ташкил этилган “Боғдорчилик, узумчилик ва сабзавотчиликка ихтисослаштирилган хўжаликларга хизматлар кўрсатиш самарадорлигини оширишнинг долзарб масалалари” мавзуидаги давра суҳбатида айнан мана шундай имкониятлардан самарали фойдаланиш омиллари муҳокама қилинди.

Парламент аъзолари, вазирлик ва идоралар, акциядорлик компаниялари масъул ходимлари, боғдорчилик, узумчилик ҳамда сабзавотчилик хўжаликлари раҳбарлари, профессор-ўқитувчилар, олимлар, жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашган тадбирда Ўзбекистонда аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, истеъмолчиларнинг талабини тўлиқ қондириш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорт ҳажмини ошириш масалаларига алоҳида эътибор берилаётгани таъкидланди. Соҳанинг ҳуқуқий асоси, айниқса, Ер кодекси, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги, “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги қонунлар ҳамда бир қатор қонуности меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари бу борада ҳал қилувчи аҳамият касб этаётир.

Давра суҳбатида айтиб ўтилганидек, юртимизда олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида қишлоқ хўжалигининг мева-сабзавотчилик, боғдорчилик, узумчилик ва чорвачилик каби тармоқлари ҳам жадал суръатларда ривожланаяпти.

Бунда озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш мақсадида охирги йилларда сабзавотлар, картошка, полиз экинларининг юқори сифатли, касалликка чидамли ҳамда серҳосил уруғларини жорий этиш чоралари кўрилгани, интенсив боғлар ва узумзорлар яратилгани ҳамда боғ ва токзорларда фаннинг ишлаб чиқариш билан интеграциялашувини чуқурлаштиришга доир аниқ мақсадли ишлар ҳам олиб борилгани муҳим аҳамиятга эга. Айни пайтда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва инфратузилмани ривожлантириш, ҳосилни сақлаш, ички истеъмол бозорини бойитиш, аҳолини, энг аввало, қиш-баҳор фаслида мева-сабзавот маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ҳамда унинг экспорт қилинишини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада биргина ўтган йилнинг ўзида 12 миллион 592 минг тонна сабзавот ва картошка, 1 миллион 850 минг тонна полиз маҳсулотлари, 1 миллион 556 минг тонна узум, 2 миллион 731 минг тонна мева етиштирилди.

Ўз навбатида, қишлоқ хўжалиги хом ашёсини чуқур қайта ишлаш, етиштирилган маҳсулотларни сақлаш инфратузилмасини ривожлантириш доимий эътибордадир. Мисол учун, ўтган йили қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлайдиган 230 та корхона, 77 минг 800 тонна сиғимга эга бўлган 114 та янги совитиш камераси ташкил этилди ва модернизация қилинди. Мамлакатимизда мева-сабзавотларни сақлашнинг умумий қуввати 832 минг тоннага етказилди. Бу эса, йил давомида нархларнинг мавсумий кескин ошиб кетишига йўл қўймасдан, аҳолини асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, ушбу маҳсулотларнинг экспортини кенгайтириш, нарх-наво -барқарорлигини сақлаш имконини бермоқда.

— Юртимизда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ислоҳ қилишнинг асосий негизини кенг кўламли ташкилий-ҳуқуқий, институционал ўзгаришлар ташкил этди, — деди Олий Мажлис Сенати Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раисининг ўринбосари Б. Тажиев. — Бу ислоҳотлар мамлакатимизда озиқ-овқат мустақиллиги ва хавфсизлигини таъминлаш имконини берди. Шу билан бирга, бугунги глобаллашув шароитида республикамизнинг ушбу йўналишдаги имкониятларидан янада унумли фойдаланиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини изчил ошириб бориш кун тартибига қўйилмоқда. Бинобарин, давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида алоҳида қайд этилганидек, замонавий технологиялар асосида пахта толасини ҳамда мева-сабзавот маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ташқи ва ички бозорда талаб юқори бўлган тайёр, экологик тоза тўқимачилик ҳамда енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 2030 йилда 5,6 марта, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ҳажмини эса 5,7 карра ошириш имконини беради. Табиийки, ушбу мақсадларга эришиш мамлакатимиз аграр соҳа вакиллари, илмий доиралари, шунингдек, парламент аъзолари олдига долзарб вазифаларни қўяди. Фермер хўжаликлари, агросаноат корхоналари фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва уларни рағбатлантириш мақсадида тегишли ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш, амалдаги қонун ҳужжатлари ижроси устидан парламент назоратини кучайтириш айни муддаодир.

Давра суҳбатида боғдорчилик, узумчилик ва сабзавотчиликни янада ривожлантириш, соҳадаги шартномавий муносабатлар-

нинг мониторингини олиб бориш, фан ҳамда ишлаб чиқариш ҳамкорлигини -чуқурлаштириш, тармоқнинг экспорт салоҳиятидан самарали фойдаланиш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Қобил ХИДИРОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn