Иқтидорли йигит-қизлар рағбатлантирилди
  • 25 Февраль 2016

Иқтидорли йигит-қизлар рағбатлантирилди

Пойтахтимизда “Камолот” стипендияси кўрик-танлови совриндорларини тақдирлаш маросими ўтказилди.

Турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари, ўқитувчилар, талабалар қатнашган мазкур тадбирда навқирон авлод вакилларига пухта таълим-тарбия бериш, уларнинг эзгу орзу-интилишлари, истеъдод ҳамда қобилиятини юзага чиқаришга кўмаклашиш мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири экани таъкидланди.

Бинобарин, Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эртамиз эгаларининг жамиятда ўз ўрнини топишида алоҳида аҳамият касб этаяпти.

Юртимизда ёш истеъдодларни маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам самарали тизим йўлга қўйилганини айтиш жоиз. Олий ўқув юртларида бир қатор давлат стипендиялари жорий қилинган. Истеъдодли ўғил-қизларни аниқлаш ва уларни рағбатлантиришга йўналтирилган “Ниҳол” мукофоти, Зулфия номидаги Давлат мукофоти таъсис этилган. “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар ҳам баркамол авлодни вояга етказиш, фаол йигит-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдек эзгу  мақсадларга хизмат қилмоқда. 

Ҳаракат томонидан 2002 йилдан буён мамлакатимиз олий ўқув юртлари талабалари ўртасида “Камолот” стипендияси танлови ўтказиб келинаётир. Ушбу стипендия ўн ой мобайнида тўлаб борилади. Агар совриндорлар кейинчалик ҳам фаоллигини давом эттирса, ташаббускорлиги билан эътибор қозонса, тўлов муддати талаба олий таълим муассасасини тугатгунига қадар узайтирилиши мумкин.

Бу йилги танловда республикамиздаги олий таълим масканларининг бакалавриат, магистратура босқичида таҳсил олаётган уч юздан зиёд талабалари иштирок этди. Етмиш беш нафар иқтидорли йигит-қиз стипендия совриндорига айланди. 

— Мамлакатимизда ёшларни ижодий ва интеллектуал жиҳатдан баркамол этиб тарбиялашга улкан эътибор қаратилаётганидан жуда хурсандмиз, — дейди мазкур стипендия соҳиби, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг тўртинчи босқич талабаси Зебинисо Муҳсинова. — “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати лойиҳалари бунга яққол мисол бўла олади. Улар ўз режасини амалга ошириш истагидаги ёшларга имконият яратиб беришга йўналтирилган. Билдирилган ишончни оқлаш учун бор куч-ғайратимни сафарбар этаман.

Совриндорлар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn