«Ёш чегарачилар» мусобақалари эртамиз эгаларини ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашда алоҳида ўрин тутади
  • 12 Февраль 2016

«Ёш чегарачилар» мусобақалари эртамиз эгаларини ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашда алоҳида ўрин тутади

Инсон бу дунёга бахтли яшаш учун келади. Бундай юксак орзуга эришишнинг омиллари кўп.

Аммо улардан энг муҳими, тинч ва хотиржам ҳаётга эга бўлишдир. Бинобарин, ҳар қандай моддий ҳамда маънавий неъматнинг асоси осойишталик билан чамбарчас боғлиқ.
Тинчлик ҳукм сурган жойда бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари кенг кўлам касб этади. Одамлар эзгу ниятларининг рўёбини кўриб, турмушидан рози бўлиб яшайди. Фарзандларини ҳам берилган неъматларнинг қадрига етадиган, уни асраб-авайлайдиган, юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга интиладиган ватанпарварлар этиб тарбиялайди.
Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитаси томонидан “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Маданият ва спорт ишлари ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, “Маҳалла” фонди ва бошқа бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида анъанавий равишда ўтказиб келинаётган “Ёш чегарачилар”  ҳарбий-ватанпарварлик мусобақаларининг ҳам асосий мақсади ўқувчи-ёшларни Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш, ҳарбий-ватанпарварлик ғояларини кенг тарғиб этиш, уларни чегара хизматига босқичма-босқич тайёрлаб боришдан иборат.
Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичда давом эттиришда муҳим омил бўлаётир.
“Ёш чегарачилар” беллашувлари 2011 йилдан буён ташкил этиб келинади. Унда республикамизнинг чегара олди ҳудудларидаги ўрта махсус таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўқувчи-ёшлар қатнашади. Эътиборлиси, танловнинг нуфузи тобора ошиб бораяпти. Ўтган йили унинг қуйи босқичларида 4 минг нафарга яқин баркамол авлод вакиллари иштирок этгани бунинг тасдиғидир. Мазкур мусобақалар орқали фарзандларимиз Ўзбекистон Республикасининг “Мудофаа тўғрисида”ги, “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида”ги қонунлари, шунингдек, мамлакатимизда бу борада олиб борилаётган оқилона сиёсат мазмун-моҳиятини янада чуқурроқ англаб етишмоқда. Зеро, бу жиҳатлар бўлғуси Ватан ҳимоячилари учун аҳамиятлидир.
Пойтахтимизда ташкил қилинган матбуот анжуманида ана шулар ҳақида сўз юритилиб, жорий йилда “Ёш чегарачилар” мусобақалари февраль — май ойларида ўтказилиши билдирилди. Ўз навбатида, унга пухта тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама этилди.
Баҳслар  уч босқичда бўлиб ўтади. Чирчиқ шаҳрида кечадиган якуний босқичда Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлардан сараланган 13 та жамоа “Президент асарлари билимдони”, “Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси тўғрисида”ги Қонунни биласизми?”, ҳуқуқий саводхонлик, инглиз тили, жисмоний ва ҳарбий тайёргарлик каби йўналишлар бўйича ўз салоҳиятларини намойиш қилишади.
Тадбир доирасида иштирокчиларнинг пойтахтимиздаги диққатга сазовор жойларга саёҳатлари уюштирилади.

Раҳимжон ШЕРҚУЛОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn