Ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси
  • 04 Февраль 2016

Ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси

Айни пайтда мамлакатимизда 8 минг 300 дан зиёд ННТ фаолият кўрсатмоқда. 1991 йилда бу рақам юзтани ҳам ташкил этмаган.

“Нодавлат нотижорат ташкилоти” тушунчаси бугун юртимиз аҳолисининг кенг қатламига яхши таниш. Ҳозирги кунда фуқаролик жамияти ривожида муҳим ўрин тутадиган мазкур институт ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини оширишга муносиб ҳисса қўшмоқда. Нодавлат нотижорат ташкилотлари энг чекка, олис ҳудудлар ҳаётига ҳам дадил кириб бораётгани, фуқароларнинг турмуш сифатини яхшилашга йўналтирилган дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда маҳаллий ҳокимият органларига яқиндан кўмаклашаётгани диққатга сазовор, албатта.
Мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотларининг такомиллашувини таъминлаш борасида пухта қонунчилик базаси шакллантирилган. Сўнгги йилларда қабул қилинган  “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар фуқаролик жамиятини юксалтиришда, ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий вазифаларини ҳал этишда демократик институтлар ролини кучайтиришда мустаҳкам пойдеворга айланди.
— Охирги уч йилда юртимизда ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга молик давлат дастурларини бажаришга жалб этилган нодавлат нотижорат ташкилотлар сони 1,6 маротабага ошди, — дейди  Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти лойиҳа раҳбари Г. Ҳотамова.  — Моддий-техник, ахборот ва услубий жиҳатдан қўллаб-қувватланиши натижасида ННТ бугунги кунда аҳоли саломатлигини асраш, эҳтиёжманд қатлам вакиллари, хотин-қизлар ҳамда болалар манфаатини таъминлаш, спортни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, хусусий тадбиркорликни равнақ топтириш, бандлик даражасини юксалтириш ва бошқа долзарб йўналишларда қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Дарҳақиқат, давлат ва жамиятнинг тараққиёт сари биргаликдаги саъй-ҳаракатини фуқаролик институтлари иштирокисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Юртимизда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ННТнинг ижтимоий шериклиги барча соҳада намоён бўлиб, амалий натижасини бераётгани алоҳида диққатга сазовор. Ўз навбатида, ННТни моддий ва молиявий рағбатлантириш бўйича яратилган ташкилий механизмлар кўплаб эзгу ташаббусларнинг ҳаётий ифодасини топишига замин яратаяпти. Биргина ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан ўтказилган танловлар давомида 277 та ННТ лойиҳаларига давлат томонидан маблағ ажратилди.
Хусусан, ана шундай қўллаб-қувватлаш самарасида айни кунларда Тошкент вилоятидаги “Умид нурлари”  нодавлат нотижорат ташкилоти ёшларнинг, айниқса, қизларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ривожлантиришга оид лойиҳасини бажаришга киришган бўлса, “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциациясининг Қорақалпоғистон бўлими касб-ҳунар коллежларини битирган қизларни тадбиркорликка жалб этиш, оилавий бизнесни ташкил қилиш бўйича ўтказаётган  маҳорат сабоқлари қизғин тус олган.
— Ҳудудимизда 530 дан ортиқ ННТ фаолият кўрсатмоқда, — дейди Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг Қорақалпоғистондаги ахборот-ресурс маркази раҳбари Г. Жалибекова. — Жамият ҳаётининг турли жабҳаларида фаолият олиб бораётган ушбу ташкилотларни инсон манфаатларига хизмат қилишдек устувор мақсад бирлаштириб турибди. Жумладан, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оилаларда ҳар томонлама соғлом муҳитни қарор топтириш йўлидаги саъй-ҳаракатларга ҳисса қўшаётган ННТ сафи кенгаймоқда. Мисол учун, Болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш ассоциациясининг ҳудудимиздаги бўлими кам таъминланган оилалар фарзандлари учун қандолатчилик, тикувчилик иши, компьютер саводхонлиги бўйича ўқув-машғулотларини йўлга қўйиб, шу кунларда Нукус шаҳрида Болалар ва оилаларни ривожлантириш марказини фойдаланишга топшириш  арафасида турибди. Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш марказининг ҳудудимиздаги бўлими томонидан татбиқ этилган лойиҳа эса қишлоқ жойларда яшовчи аёлларга ижтимоий хизмат кўрсатишга йўналтирилган. Ушбу лойиҳа туфайли 220 нафардан зиёд опа-сингилларимиз ўз бизнесини бошлаш, ишга жойлашиш, турли маиший масалаларни ечишда малакали психолог ҳамда ҳуқуқшунослар ёрдамидан фойдаланиш имкониятига эга бўлди. Қувонарлиси, Оролбўйининг олис овулларида ҳам долзарб ижтимоий аҳамиятга молик мана шундай лойиҳаларни амалга ошириб, аҳоли турли қатламлари манфаатларини ҳимоя қилаётган ўнлаб нодавлат нотижорат ташкилотлар бор.
Берилаётган катта эътибор ва имтиёзу имкониятлар самарасида ўз фаолиятини мустаҳкамлаб, аҳоли турмуш даражасини оширишда, баркамол авлодни тарбиялашда давлат органларига кўмакдош бўлаётган ННТ сони Жиззах вилоятида ҳам сезиларли даражада ўсиб бораётир. “Истиқлол авлоди” аёллар ва болаларни социал-иқтисодий ҳамда ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази — улардан бири.
— Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди ажратган маблағ эвазига Жиззах шаҳридаги “Желли Гулли” маҳалласида намунавий спорт объектини барпо этиш ишлари билан машғулмиз, — дейди ушбу марказ директори Н. Камолова.— Замонавий лойиҳа асосида қурилаётган ва ўзига хос усулда жиҳозланиши кўзда тутилаётган ушбу  мажмуада маҳалладаги 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган минг нафардан зиёд болалар ҳар томонлама чиниқиши учун барча шароит яратилади. Маҳалладаги кам таъминланган оилалар фарзандларини зарур спорт кийимлари билан таъминлаб, спорт машғулотларига тўлиқ қамраб олиш  асосий мақсадимиздир.
Жиззах вилоятидаги яна бир ННТ — “Зиё” ногиронларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш реабилитация маркази амалиётга жорий этаётган лойиҳа ҳам эътиборга молик. Унга кўра, ўаллаорол, Бахмал, Зарбдор ва Пахтакор туманларидаги олис қишлоқларда ўқувчи-ёшлар ўртасида гельминт касалликларининг олдини олиш бўйича санитария-профилактика ишлари амалга оширилмоқда. Лойиҳага олтмишдан ортиқ мактабнинг 2 минг нафардан зиёд ўқувчилари жалб қилинади.  Аҳамиятлиси шундаки, мазкур хайрли ишларнинг барчаси ижтимоий шерикликка асосланади.
Мухтасар қилиб айтганда,  мамлакатимизни модернизация қилиш жараёнида, ижтимоий-иқтисодий тараққиётга хизмат қилувчи давлат дастурлари ижросини таъминлаш борасида нодавлат нотижорат ташкилотлари фаол иштирок этмоқда. Бу “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилининг ҳаётга изчил татбиқ этилаётганини, жамиятда демократик қадриятларни қарор топтиришда, инсон манфаатлари устуворлигини таъминлашда ушбу институтнинг ўрни ва роли ошаётганини кўрсатади.


Фарида МАҲКАМОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn