Мард ва фидойи ўғлонлар тинчлигимиз ва осойишталигимиз посбонларидир
  • 31 Декабрь 2015

Мард ва фидойи ўғлонлар тинчлигимиз ва осойишталигимиз посбонларидир

Мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик ҳамда ҳамжиҳатлик Ватанимиз тараққиёти йўлида амалга оширилаётган эзгу ишларнинг мустаҳкам асоси бўлиб хизмат қилаётир.

Ўзбекистонимизнинг тарихан қисқа даврда иқтисодий жиҳатдан барқарор давлатга айлангани, халқаро миқёсда ўзининг муносиб ўрнига эга бўлгани, барча соҳада улкан ютуқларга эришиб, кўпчиликнинг ҳайрат ва ҳавасини орттираётгани Президентимиз раҳнамолигида ҳаётга татбиқ этилган тараққиётнинг “ўзбек модели” нақадар пухта ҳамда ишончли эканлигини яққол тасдиқламоқда. Қўлга киритилаётган муваффақиятларда бугунги замон талаблари даражасида шакллантирилган Қуролли Кучларимизнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Чунки миллий армиямиз юртимиз мустақиллиги, унинг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлиги ҳимоясининг кафолатидир.
Таъкидлаш жоиз, мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини юксалтиришда ҳар бир жиҳатга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, ўтган йиллар давомида қатор олий ҳарбий таълим муассасалари фаолиятининг йўлга қўйилгани офицер кадрларга бўлган талаб ва эҳтиёжни қондириш имконини берди. Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти ана шундай масъулиятли ишга ўз ҳиссасини қўшиб келаётган масканлардан биридир. Ҳозирги кунда бу ерда мотоўқчи бўлинмалар командири, чегара қўшинлари командири, командирларнинг шахсий таркиб билан ишлаш бўйича ўринбосарлари каби мутахассисликлар бўйича офицерлар тайёрланаётир. Курсантларга тажрибали ва малакали профессор-ўқитувчилар дарс беришмоқда.
— Муассасамиз энг замонавий жиҳозлар, ҳарбий техника ва мультимедиа воситалари, тренажёрлар, ахборот-коммуникация технологиялари, спорт инвентарлари, ўқув-адабий қўлланмалар билан тўлиқ таъминланган, — дейди олий ҳарбий таълим муассасаси бошлиғининг шахсий таркиб билан ишлаш бўйича ўринбосари, подполковник Ҳасан Халилов. — Қолаверса, енгил атлетика, волейбол, тош кўтариш, кўпкураш, шахмат каби спорт турлари бўйича ҳамда бадиий-ҳаваскорлик тўгараклари фаолияти йўлга қўйилган. Отиш ва техник тайёргарлик полигони, стадион, спорт зали, сузиш ҳавзаси курсантлар ихтиёрида.
Бу имкониятлар уларнинг назарий ҳамда амалий билимларни пухта ўзлаштириши, техник-тактик тайёргарлиги талаб даражасида бўлиши, тил ўрганиши, стратегик жиҳатдан таҳлил қила олиш қобилияти ошиши, энг муҳими, ҳақиқий ватанпарвар сифатида камолга етишида муҳим аҳамият касб этаяпти. Ўз навбатида, ўқитувчи-офицерлар ва курсантлар учун бугунги кун талабларига мос маиший шароитлар яратиб берилганини ҳам айтиш ўринлидир.
Дарҳақиқат, Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти фаолияти билан яқиндан танишар эканмиз, ушбу маскан Қуролли Кучлар тизими ва олий ҳарбий таълим муассасалари ўртасида ташкил этилаётган анъанавий танловлар, спорт мусобақаларида доимо яхши натижаларга эришиб келаётгани бежиз эмаслигига тўла ишонч ҳосил қилдик. Жумладан, Мудофаа вазирлиги тизимида ўтказиладиган “Энг яхши олий ҳарбий таълим муассасаси” кўрик-танловида бир неча бор юқори ўринларни эгаллаган. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Қуролли Кучлар тизимида ўтказилаётган “Энг илғор мутахассис” танловида ҳам таълим маскани офицерлари қатор номинациялар бўйича кўп марта ғолибликка эришган. Улар орасида “Энг илғор батальон командири”, “Энг илғор взвод командири”, “Энг илғор гуруҳ командири” йўналишларида етакчи бўлганлар бор.
— Миллий армиямиз сафида хизмат қилиш — ҳар бир ўғлоннинг муқаддас бурчи, — дейди курсант Аҳад Исмоилов. — Мен мана шундай олий ҳарбий таълим муассасасида таҳсил олиб, шарафли касб эгаси бўлишимдан чексиз фахрланаман. Элу юртимиз тинчлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшиш қатъий аҳдимдир. 
Аҳад назарий ва амалий машғулотларни чуқур ўзлаштириш баробарида, спорт билан мунтазам шуғулланишни канда қилмайди. Шу боис у Қуролли Кучлар тизимидаги турли мусобақаларда совриндорлар қаторидан мунтазам жой олиб келаяпти.
— Китоб мутолааси — севимли машғулотларимдан — дейди яна бир бўлажак ҳарбий хизматчи Жавоҳир Меҳридинов. — Бўш вақтим топилди дегунча қадрдон кутубхонамизга ошиқаман. У ерда ўзимиз истаган барча ўқув ва бадиий адабиётлар бор.
Курсантларнинг маънавий дунёқарашини янада кенгайтиришда музейларга саёҳат, турли учрашувлар, интеллектуал ўйинлар ташкил этиш ҳам муҳим омил бўлмоқда.
Мухтасар айтганда, Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти она-Ватанимизнинг асл мард ўғлонларини тарбиялайдиган нуфузли маскандир. Йигитлар бу ерда янада чуқур билимга эга бўлиб, фидойи, иродаси мустаҳкам ва улкан салоҳият соҳиби бўлиб камол топишлари, шубҳасиз.

Саиджон МАХСУМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Баҳром АБДУРАҲИМОВ олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn