Меҳр ва эътиборнинг ёрқин ифодаси
  • 30 Декабрь 2015

Меҳр ва эътиборнинг ёрқин ифодаси

Мамлакатимизнинг барча ҳудудида «Президент арчаси» тантаналари бошланди.

Юртимизда ҳар бир фарзанд давлатимизнинг юксак эътибор ва ғамхўрлиги оғушида камол топмоқда. Уларнинг ҳеч кимдан кам бўлмай, келажагимизнинг муносиб ворислари сифатида вояга етишлари учун барча шарт-шароит яратиб берилаётир. Кеча пойтахтимиздаги “Туркистон” саройида бошланган “Президент арчаси” тантаналари мисолида ҳам бунга яна бир карра амин бўлиш мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва “Sen yolg`iz emassan” республика жамоатчилик болалар жамғармаси ҳамкорлигида ўтказилаётган тадбирга Тошкент шаҳридаги Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, махсус мактаб-интернатлар ўқувчилари, кам таъминланган оилалар фарзандлари таклиф этилди.
Санъат саройи фойесидаги кўркам арча атрофида болажонлар шеърлар айтиб, эстрада хонандалари ижросидаги тароналарга жўр бўлишаяпти.
Саҳнада эса “Томоша” болалар студияси томонидан “Меҳримизда сеҳримиз” деб номланган махсус театрлаштирилган мусиқали дастур намойиш қилинмоқда. Интеллектуал ўйинлар кичкинтойларнинг топқирлиги ва зукколигини синовдан ўтказаётган бўлса, шўх наволар уларни рақсга чорлаётир. Турли эртак қаҳрамонлари ижросидаги чиқишлар ҳам ўғил-қизларга завқу шавқ улашаяпти.
— “Президент арчаси” тадбири орқали мурғак қалбларга инган қувонч кўпга татийди, — дейди пойтахтимиздаги 22-Меҳрибонлик уйи директори ўринбосари Хурсаной Холова. — Биз ҳам уларнинг шодлигига шерик бўлганимиздан бениҳоя мамнунмиз. Бундай юксак меҳр-мурувватни ҳис қилиб улғаяётган ёшлардан келажакда эл-юртнинг чинакам фидойилари етишиб чиқишига ишончимиз комил.
Пойтахтимизнинг 23-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Собиржон Шариповни суҳбатга тортиб, унинг орзу ва мақсадлари билан қизиққанимизда, учувчи бўлмоқчилигини айтди.
— Осмонда парвоз қилишни жуда ёқтираман, — дейди у. — Кўпинча тушимда самолётни бошқараётганимни кўраман. Шу мақсадимга етишиш учун ҳозир астойдил билим олаяпман. Фанларни чуқур ўрганмоқдаман. Ҳаммасидан баҳоларим беш. Бугун эса кайфиятимиз янада аъло. Мириқиб ўйнадик, қувноқ томошалардан баҳраманд бўлдик.
Дарҳақиқат, болажонлар юзидаги табассум айни пайтда мамлакатимизда камол топаётган ёшлар нечоғли бахтиёр авлод эканлиги ифодасидир.
Эстрада, театр, рақс, цирк санъати усталари, болалар бадиий жамоаларининг чиқишлари тантаналарнинг янада файзли ўтишини таъминлаётир.
Болаларга Президентимизнинг Янги йил совғалари топширилди.
Айни пайтда бундай тадбирлар Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятда юксак савияда давом этмоқда.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn