Танлов ғолиблари аниқланди
  • 24 Декабрь 2015

Танлов ғолиблари аниқланди

Пойтахтимизда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ташаббуси билан уюштирилган “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси — мамлакат тараққиёти ва жамият фаровонлигининг ҳуқуқий кафолати” мавзуидаги ҳуқуқий тарғибот лойиҳаси якунлари, “Парламентаризм билимдони” ҳамда “Конституция билимдони” онлайн танловлари ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳуқуқшунос олимлар, ўқувчи ва талабалар қатнашган тадбирда навқирон авлодни баркамол этиб тарбиялаш, уларнинг сиёсий-ҳуқуқий мaдaнияти, ижтимоий фаоллигини оширишга давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида эътибор берилаётгани таъкидланди.
Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини юксалтиришда дастуриламал бўлаётир.
Асосий Қонунимиз қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишлаб ташкил этилган “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси — мамлакат тараққиёти ва жамият фаровонлигининг ҳуқуқий кафолати” мавзуидаги ҳуқуқий тарғибот ойлигидан кўзланган мақсад Конституциямизнинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш орқали ёшларнинг билимини мустаҳкамлаш, ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги фаоллигини таъминлашдан иборатдир. Лойиҳа доирасида мамлакатимиз олий ўқув юртлари талабалари “Тенгдош — тенгдошга” тамойили асосида мактаб, лицей, коллеж ва маҳаллаларда бўлиб, ҳуқуқий тарғибот ишларини олиб борди. Ўтказилган ўн икки мингдан зиёд тадбирда бир ярим миллион нафардан ортиқ йигит-қиз қамраб олинди.
Ойликда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг test.kamolot.uz сайти орқали “Конституция билимдони” танлови уюштирилиб, унда 10 ёшдан 30 ёшгача бўлган ўн мингдан зиёд ватандошимиз қатнашди. Ҳаракатнинг pb.2015.uz сайти орқали эълон қилинган “Парламентаризм билимдони” танловида эса 136 минг нафардан ортиқ йигит-қиз иштирок этганлиги диққатга сазовордир.
— Конституциямизнинг ҳар бир юртдошимиз, жумладан, биз, ёшларнинг ҳаётида тутган ўрни ниҳоятда катта, — дейди “Конституция билимдони” онлайн танловининг биринчи ўрин соҳиби  Алишер Давлетов. — Илм олиш, касб-ҳунар ўрганиш, ишлаш имкониятлари бу муҳим ҳужжатда қонуний кафолатланган.
Тадбирда тарғибот ойлигида фаол қатнашган талабалар, танловлар ғолиб ва совриндорлари диплом ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланди.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Меҳнат муҳофазаси Эҳтиром намунаси »