Гулистон номига муносиб гўзал ва обод шаҳарга айланмоқда
  • 22 Декабрь 2015

Гулистон номига муносиб гўзал ва обод шаҳарга айланмоқда

Президентимиз жорий йилнинг 5 март куни Сирдарё вилояти сайловчилари билан учрашув чоғида Гулистонни Ватанимизнинг бошқа шаҳарларидан кам бўлмаган обод ва замонавий шаҳарга айлантирамиз, деб таъкидлаган эди. Шундан сўнг орадан, бор-йўғи, тўрт кун ўтгач, давлатимиз раҳбарининг “2015 — 2019 йилларда Гулистон шаҳрида дренаж тизимини янада такомиллаштириш, мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва ер ости сув сатҳини камайтириш, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш тўғрисида”ги фармойиши эълон қилинди.

Гулистон ва унинг ҳудудини ликобчага қиёслаш мумкин. Собиқ тузум даврида ўйламай-нетмай ана шундай ноқулай жуғрофий шароитда бунёд этилган шаҳарни “Дўстлик” канали кесиб ўтади. Мазкур ирригация тармоғи 1907 — 1913 йилларда қазилиб, 30 минг гектар ерни суғориш қувватига эга бўлган. Ҳозирги кунда эса каналдан йилига 2,5 миллиард куб метр сув оқиб ўтади. Шаҳар — ўзани бетонлаштирилмаган, атрофидаги очиқ ҳамда ёпиқ коллекторлар мавжуд ушбу улкан сув иншоотидан қуйироқда жойлашган. Ана шундай ножоиз лойиҳалар туфайли бу ерда мураккаб мелиоратив ҳолат юзага келиб, маҳаллий аҳоли учун жуда мураккаб муаммога айланиб қолган эди.
Айтиш керакки, Президентимизнинг фармойиши мазкур долзарб масаланинг амалий ечимини кўрсатиб берди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Сирдарё вилояти ҳокимлиги, турли идора ҳамда ташкилотлар вакилларидан иборат Республика комиссияси тузилди. Унинг кенг таркибига зарур мутахассисларнинг киритилгани ишнинг жадал ва сифатли ташкил қилинишини таъминлади.
Шу йилнинг 4 сентябрида давлатимиз раҳбарининг “2015 — 2019 йиллар даврида ижтимоий, транспорт ва муҳандислик инфратузилмасини ривожлантириш билан комплекс ҳолда ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сизот сувлар сатҳини пасайтириш, Гулистон шаҳрини архитектуравий-режали қуришни тубдан янгилаш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ушбу ҳужжатлар нафақат Гулистон шаҳри, балки бутун вилоят тарихидаги унутилмас воқеаларга йўл очди. Жорий йилнинг сентябрь — декабрь ойларида юқорида қайд этилган ҳужжатлар ижроси доирасида “Дўстлик” каналининг шаҳар ҳудудидан ўтувчи қисмида кенг кўламли ирригация-мелиорация тадбирлари амалга оширилди.
— Каналнинг туби ва қияликлари замонавий технологиялар асосида тайёрланган бетон қоришмаси билан қопланди, — дейди “Резаксойсувқурилиш” унитар корхонаси директори Карим Рўзиев. — Хусусан, унинг таркибидаги кимёвий қўшимчалар намни ўтказмасликка, арматуралар иншоотнинг мустаҳкамлигига хизмат қилади. Шунингдек, фильтрацияни камайтириш мақсадида геомембранадан, қоплама зичлигини оширишда вибраторлардан унумли фойдаланилди. Ушбу жараёнга 110 та техника воситаси ва 500 нафардан зиёд ишчи-ходимлар жалб этилди.Мутахассисларнинг фикрича, “Дўстлик” каналининг 3,5 километрлик қисмида амалга оширилган реконструкция ишлари тезда ўз самарасини берди. Кечагина бир кетмон урилса, бир челак сув тўпланадиган шаҳар заминида эндиликда сизот сувлар сатҳи кескин пасайгани гидрогеологик ўрганишлар орқали ҳам исботини топди.
Шу билан бирга, дренаж тизимини такомиллаштириш борасида ҳам кўламли саъй-ҳаракатлар олиб борилаётир. Сизот сувлар сатҳини пасайтиришда қўлланиладиган ушбу мелиорация иншоотларини янгилашда хорижнинг юқори самарали воситаларидан фойдаланилаётганлиги, айниқса, диққатга сазовор. Чунончи, эндиликда шаҳардаги барча тик дренаж қудуғига тежамкор, инновацион технологияларга асосланган механизмларни ўрнатиш мўлжалланган. Ўз навбатида, уларнинг кузатув қудуқлари ҳам аввалгидан кўп, яъни 105 та бўлиши кўзда тутилаяпти. Келгусида тик дренаж қудуқлар автоматик бошқарув — диспетчерлик марказига эга бўлади. Энг муҳими, энди мазкур қудуқлардан тортиб олинаётган сувлар, аввалгидек, шаҳар ичидаги ариқлар ёки очиқ коллекторларга оқизилмайди, балки ягона тизим орқали ташқарига чиқариб юборилади. Айни пайтда шу мақсадда 22 километрлик ёпиқ ва 6,2 километрлик очиқ коллекторларни тозалаш жадал суръатларда бажарилмоқда. Сизот сувларни темир йўл ва автомобиль йўли остидан ўтказувчи “ВС-13” ва “ОК-1” коллекторларида дюкерлар қурилиши тугалланди. 230 метр узунликдаги металл қувурлар монтаж қилинди ва 3 та сув ўтказиш назорат қудуқлари ишга туширилди.
Бунинг натижасида ер ости суви сатҳини 1,5 метргача пасайтиришга эришилди.
2015 йилнинг март ойида ер ости сувлари сатҳи ўртача 0,9-1,2 метрни ташкил этган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 1,7-2,5 метргача пасайган.
19 декабрь куни нуронийлар, ёшлар, вилоят фаоллари бу ерда амалга оширилган реконструкция ҳамда ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишдилар.
Шу муносабат билан Гулистондаги Ёшлар марказида ўтказилган тантанали тадбирни Сирдарё вилояти ҳокими О. Ашурматов очди.
Тадбирда сўзга чиққан Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Ш. Ҳамроев, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари А. Тўхтаев, Қурилишда муҳандислик қидирувлари, геоахборот ва шаҳарсозлик кадастри давлат лойиҳа илмий текшириш институти бош директори Й. Маърупов, “Ўзшаҳарсозлик” лойиҳалаш илмий тадқиқот институти бош директорининг биринчи ўринбосари Ш. Шоназаров ҳамда бошқалар Гулистон шаҳрида ер ости суви сатҳини пасайтириш борасида қилинган ишлар, бош режа асосида амалга ошириладиган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари ҳақида маълумот берди. Шунингдек, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими раҳбари Ҳ. Ортиқбоева, Сирдарё насос станциялари, энергетика ва алоқа бошқармаси етакчи мутахассиси П. Дўстмаматов ҳамда бошқалар Гулистоннинг қиёфасини янгилаш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ҳамда ҳаёт сифатини оширишга қаратаётган эътибори учун вилоят аҳли номидан Президентимизга миннатдорлик билдирди.
— Бугун амалга оширилаётган беқиёс ўзгариш ва янгиланишлардан ҳар қанча фахр-ифтихор туйсак арзийди, — дейди меҳнат фахрийси Абдумалик Азимов. — Турмушимиз, яшаш шароитимиз тубдан ижобий томонга ўзгарди. Оддий бир ҳаётий мисол: илгари муттасил ёғингарчиликдан сўнг ҳовлиларимиз сувга тўлиб кетарди, уни ташқарига чиқариб ташлашнинг сира иложи йўқ эди. Нега деганда, сизот сувга тўйинган ер шундан ортиғини ўзига шимиб ололмасди. Оқибатда захдан қаттиқ азият чекардик. Бу санитария-гигиена муҳити ёмонлашуви, жумладан, турли касалликларнинг кўпайишига сабаб бўларди. Шукрки, энди бу қийинчиликлардан қутулдик. Президентимиз ташаббуси ва раҳнамолигида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишларининг шарофатидан азиз шаҳримиз ўз номига монанд гулистонга айланиб бораяпти.
— Юртбошимизнинг ёшларга бўлган беқиёс ғамхўрлиги ва эътиборидан ғайратимизга ғайрат, кучимизга куч қўшилмоқда, таъбир жоиз бўлса, парвозимиз юксаклигидан, орзуларимизга етаётганимиздан ниҳоятда бахтиёрмиз, — дейди “Камолот” ЁИҲ Гулистон шаҳар кенгаши раиси Абдуқаҳҳор Ибодуллаев. — Айниқса, вилоятимизда биз учун яратилаётган қулайликларни кўриб, кўзингиз қувнайди. Жумладан, кейинги йилларда шаҳримизнинг биргина 4-мавзесида бир неча спорт иншооти, замонавий таълим муассасалари қад ростлади. Гулистон эрта-индин бугунгидан-да гўзал ҳусн-тароват касб этади. Ва албатта, сирдарёлик ёшлар ушбу эзгу ишларга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшаверадилар.
— Юртимизда инсон манфаатлари устувор, — дейди шифокор Гулбаҳор Абдужабборова. — Бу тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар рўёбида ҳам яққол акс этиб турибди. Чунончи, Гулистон шаҳридаги даволаш муассасалари илғор тиббий ускуналарга, малакали мутахассисларга эга. Вилоятимиздаги ташхис-даволаш марказлари имкониятларини кўрсангиз, ҳавасингиз келади. Булар ҳақида мулоҳаза юритар эканмиз, “Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?” деган ўй ўтади хаёлимиздан. Шуни тўлиқ ишонч билан айтиш мумкинки, “Дўстлик” каналида амалга оширилган улкан бунёдкорликлар аҳоли саломатлиги муҳофазасида ҳам муҳим ўрин тутади. Шаҳримиз ободлиги, унинг экологик мусаффолигини таъминлайди.
Дарҳақиқат, эндиликда Гулистон ҳудудининг мелиоратив ҳолати яхшиланиши баробарида, замонавий шаҳарсозлик талабларига мос қурилишлар жараёнини, муҳандислик-коммуникация ҳамда ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришга муҳим қадам ташланди. Дастурга кўра, яқин йиллар ичида вилоят маркази меъморий ечими жиҳатидан аҳоли ва меҳмонларга хушкайфият бағишловчи сўлим гўшага айланади. Аниқроғи, 1,5 минг томошабинга мўлжалланган амфитеатр қурилади. Вилоят мусиқали драма театри тубдан реконструкция қилинади. Никоҳ саройи қаршисида барпо этиладиган “Шоирлар боғи”да улуғ шоиримиз Алишер Навоий ҳайкали қад ростлайди. Ҳудуд бир неча мусиқали фавворалар билан янада файзли кўриниш олади. Эътиборлиси, ушбу сайилгоҳ марказий истироҳат боғига уланиб кетади. Истироҳат боғи кенгайтирилиб, “Дўстлик” каналининг ҳар иккала қирғоғи бўйлаб шаҳарнинг тўртинчи мавзесигача етиб боради.
Шу билан бирга, шаҳарда юзга яқин кўп қаватли уйлар қурилиши режалаштирилган ва бу борадаги ишлар жадал давом эттирилаётир. Айни пайтда Боёвут туманининг Гулистонга туташган 55 гектар ерида деҳқон ва буюм бозорларини бунёд этиш ишлари бошлаб юборилган. Дастурга мувофиқ, 10 та автомобиль йўли ҳамда темир йўл устидан ўтувчи шимолий кўприкни икки баравар кенгайтириш, шаҳарнинг ичимлик суви, электр ва газ тармоқларини ривожлантириш йўналишларида ҳам кенг кўламли чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган.
Умуман, Гулистонда тарихий аҳамиятга эга янгиланишлар рўй бермоқда. Бу эса у Ўзбекистонимизнинг энг гўзал шаҳарларидан бирига айланаётганининг ёрқин ифодасидир.
Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. Мирзиёев сўзга чиқди.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn