Огоҳлик, масъулият, уюшқоқлик республикамизда ўтказилган ёнғин хавфсизлиги ойлиги жараёнида яққол ифодасини топди
  • 22 Декабрь 2015

Огоҳлик, масъулият, уюшқоқлик республикамизда ўтказилган ёнғин хавфсизлиги ойлиги жараёнида яққол ифодасини топди

Юртимизда иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва уй-жой фондини ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқ ҳолга келтириш ҳамда ёнғиндан муҳофаза қилиш, моддий-маънавий бойликлар бутлигини таъминлаш долзарб вазифалардан ҳисобланади.

Шундан келиб чиққан ҳолда, куз-қиш мавсумида содир бўлиши мумкин бўлган ёнғинларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 ноябрдаги “Ҳар йили ёнғин хавфсизлиги ойлигини ўтказиш тўғрисида”ги қарорига асосан, шу йилнинг 20 ноябридан 20 декабрига қадар юртимизда ёнғин хавфсизлиги ойлиги юқори савияда ўтказилди. Мухбиримиз ушбу даврда амалга оширилган ишлар ва уларнинг натижалари хусусида Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник Исмоил ШАРИПОВ билан суҳбатлашди.
— Мазкур ойлик давомида амалга оширилган ишлар натижаларига назар ташлайдиган бўлсак, унинг катта аҳамиятга эга эканлиги ойдинлашади, — дейди И. Шарипов. — Буни тадбир доирасида тизим ходимлари томонидан ёнғинларнинг олдини олиш мақсадида 32 минг 227 та корхона, ташкилот, муассаса ва хўжаликларда текширишлар ўтказилгани, 7 минг 836 тасида ёнғин-профилактика кўриклари ташкил этилгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Шу билан бирга, 1 миллион 380 мингдан ортиқ аҳоли тураржойларининг ёнғинга қарши ҳолати текширилди ҳамда 3 миллионтасида ёнғинга қарши тарғибот ишлари ўтказилди.
Эътиборлиси, ушбу профилактик тадбирлар жараёнида 594 мингга яқин камчиликлар аниқланиб, уларнинг аксарияти бартараф этилди. Айни чоғда ёнғин хавфсизлиги талабларини бузган раҳбар ва жавобгар шахсларга нисбатан маъмурий чоралар қўлланилди. Умуман, ойлик давомида жами 2 миллион нафардан зиёд ишчи-ходимлар иштирокида 85 мингдан ортиқ учрашув ҳамда суҳбатлар уюштирилди.
Ёнғинларнинг олдини олиш, унинг хавфидан хабардор қилувчи плакат ва эслатмалар тайёрланиб, шаҳар ҳамда туман марказий кўчалари, аҳоли гавжум жойларга ўрнатилди. Бундай кенг кўламли ишларни юқори даражада бажаришда давлат ва жамоат ташкилотлари, хусусан, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари ҳамда фаоллари билан яқин ҳамкорлик қилингани муҳим аҳамият касб этди.
Иқтисодиёт тармоқларида алоҳида ўрин тутувчи ва тараққиётимизнинг асосий бўғинларидан ҳисобланган ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин хавфи юқори бўлган объектларни ёнғиндан асраб-авайлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Шу мақсадда ушбу объектларда текширув ва ёнғин-профилактика кўриклари ҳамда ишчи-хизматчилар билан суҳбатлар ўтказилди. Қолаверса, ходимларга йўриқномалар тарқатилиб, ёнғинга сабаб бўлувчи омиллар ва уларни бартараф этиш чоралари юзасидан кенг тушунтириш берилди.
Айтиш жоизки, ойлик доирасида шу тоифадаги иншоотлар 4 та ёнғин ўчириш автомобили, 2 та мотопомпа, 15 дона газ ҳамда тутундан ҳимоя аппарати, 2 та сув тортиш насоси ва бошқа зарур воситалар билан таъминланди. Шунингдек, объектларнинг 27 та бино ҳамда иншооти ёнғин ўчириш қурилмалари, 235 таси ёнғин ҳақида автоматик равишда хабар берувчи мосламалар билан жиҳозланди.

— Фарзандларимизнинг ёнғин хавфсизлиги билан боғлиқ билимларини ошириш борасида олиб борилган чора-тадбирлар хусусида ҳам тўхталсангиз.
— Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш нафақат ишлаб чиқариш ёки аҳоли тураржойларида, балки таълим-тарбия муассасаларида ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шунга кўра, ходимларимиз ойлик давомида таълим-тарбия ва даволаш муассасаларида кўплаб тадбирлар ўтказди. Бунга мактабларда ўқувчилар иштирокида бўлиб ўтган ёнғин хавфсизлигини таъминлашга оид машқ ва машғулотларни мисол сифатида келтириш мумкин. Шунингдек, барча мактабгача таълим муассасасининг ёнғинга қарши ҳолати текширилиб, болалар ҳамда тарбиячилар иштирокида учрашувлар ташкил қилинди, ўқувчилар ўртасида 3 мингдан зиёд викториналар уюштирилди.
Шунингдек, фавқулодда ҳодисалар содир бўлганда, қутқарув ишларини ташкил этиш бўйича маҳаллаларда, даволаш ва таълим-тарбия муассасалари ҳамда бошқа объектларда амалий тактик машқлар, кўргазмали машғулотлар йўлга қўйилганини ҳам айтиш ўринлидир.

— Мазкур тадбирнинг аҳамияти ҳамда боришини кенг оммага етказишда, асосан, нималарга эътибор қаратилди?
— Бунда, асосан, оммавий ахборот воситалари орқали кенг тарғиб қилишга алоҳида урғу берилди. Кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда аҳолининг бу борадаги билимларини мустаҳкамлаш мақсадида телерадио, газета ва электрон оммавий ахборот воситалари орқали кўплаб чиқишлар уюштирилди ҳамда роликлар бериб борилди.
Кўрилган ана шундай кенг кўламли чора-тадбирлар ўз натижасини берди. Пировардида ёнғинлар ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 49 фоиз, фуқароларнинг тан жароҳати олиш ҳолати 74 фоиз камайишига эришилди. Зеро, бу тадбирдан кўзланган асосий мақсад юртдошларимизнинг тинчлик-осойишталигини таъминлаш, халқимиз мол-мулкини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш орқали мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишдан иборатдир.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ
суҳбатлашди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn