«Эътироф — 2015»
  • 22 Декабрь 2015

«Эътироф — 2015»

Мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида бадиий ижод, маданият ва санъат, журналистика ҳамда спорт соҳаларини янада ривожлантириш борасида улкан эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Анъанавий тарзда ўтказилаётган “Эътироф” анжумани ҳам ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилаяпти.

Кеча пойтахтимиздаги муҳташам “Истиқлол” санъат саройида “Эътироф” мукофотининг 2015 йилдаги совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Мустақиллик йилларида миллий маънавиятимизни тиклаш,  ёшларни миллий санъатимиз ва маданиятимиз воситасида юксак фазилатлар соҳиби этиб камолга етказиш борасида улкан ишлар амалга оширилаётир.
2015 йил мамлакатимиз маданий-маърифий ҳаётида юксак савияда ўтказилган ранг-баранг тадбирлар, ижодий лойиҳалар, фестиваллар, концертлар, кўрик-танловларга бой бўлди. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги театр жамоаларининг спектакллари юртимиз бўйлаб ташкил этилган гастроллар давомида мухлислар эътиборига ҳавола қилинди.
Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Шарқ тароналари” X халқаро мусиқа фестивалида дунёнинг 66 та давлатидан келган санъаткорлар Регистон майдонида миллий куй-қўшиқлари, рақсларини намойиш этди.
Поёнига етаётган йилда спорт соҳасида ҳам улкан муваффақиятлар қўлга киритилди. Ўзбекистонлик ёшлар спортнинг кўплаб турлари бўйича қитъа ва жаҳон чемпионатларида зафар қучиб, Ватанимиз нуфузини янада оширишга муносиб ҳисса қўшди.
“Эътироф — 2015” мукофотига тавсия этилган номзодлар “Театр, кино ва оммавий томошалар”, “Эстрада, анъанавий, опера хонандалиги, мусиқа ижрочилиги ва рақс санъати”, “Тасвирий ва амалий санъат”, “Бадиий ижод, журналистика ва телевидение”, “Спорт”,  “Эътибор, эҳтиром, эъзоз” каби олти йўналиш асосида йигирма уч номинация бўйича аниқланди.
Тантанали кечада турли номинациялар бўйича совриндорларга “Эътироф — 2015” мукофотининг статуэткаси, диплом ва совғалар топширилди.
Санъат усталари ҳамда ижрочи ёшлар иштирокидаги катта концерт дастури кечага янада файз бағишлади.

М. ЎРОҚОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn