Аҳил ва мустаҳкам оила — жамият таянчи
  • 19 Декабрь 2015

Аҳил ва мустаҳкам оила — жамият таянчи

Оила — ҳаёт абадийлиги ва авлодлар давомийлигини таъминловчи қадриятлар бешиги, келажак насллар учун бетакрор тарбия масканидир.

Шу боис мамлакатимизда барча хайрли ишлар, эзгу амаллар, аввало, оилаларни мустаҳкамлаш, баркамол авлодни вояга етказиш ҳамда уларнинг ёруғ келажагини таъминлаш мақсадини рўёбга чиқармоқда. Зеро, оилада шаклланган соғлом муҳит фаровон турмуш, осуда ҳаёт тарзимизнинг мустаҳкам пойдеворидир.
Президентимиз Ислом Каримовнинг Конституциямиз қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги “Асосий вазифамиз — жамиятимизни ислоҳ этиш ва демократлаштириш, мамлакатимизни модернизация қилиш жараёнларини янги босқичга кўтаришдан иборат” номли дастурий маърузасида
ушбу жиҳатлар янада чуқур таҳлил қилиб берилди.
Давлатимиз раҳбари якунига етиб бораётган Кексаларни эъзозлаш йилига ҳамоҳанг равишда, кириб келаётган 2016 йилни мамлакатимизда “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилишни таклиф этганларида, яна бир бор амин бўлдикки, ҳар бир одам бу дунёда бахт-саодатни фақат ва фақат оиласидан топади, ҳар кимнинг қандай инсон бўлиб ҳаётга кириб бориши, аввало, улғайган муҳити ва олган тарбияси ҳосиласига бевосита боғлиқ. Зотан, оилани миллий қадриятларимиз ҳамда замонавий қарашлар уйғунлиги асосига қуриш — кечаги кундан хулоса, бугунидан маъно ва эртанги кунга ишонч билан яшаётган халқимиз танлови, мустаҳкам маънавий илдизларга таяниб яшаш саодатидир.
Шу ўринда қайд этиш жоизки, жорий йилда мамлакатимизда ёши улуғ инсонлар ҳурматини жойига қўйиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Давлат дастури доирасида 2 триллион 246 миллиард сўм ва 225 миллион АҚШ долларидан зиёд маблағ сарфлангани бу борадаги ишларнинг миқёси ҳамда салмоғи нақадар улкан эканидан далолат беради.
Бугун дунёнинг кўплаб давлатларида кексалар қаровсиз, ёлғиз, жамиятдан ажралиб қолаётган бир пайтда давлатимиз пенсияга ажратадиган маблағнинг миқдори жаҳондаги камдан-кам давлатлар қаторида ўртача ойликнинг 41 фоизидан зиёдини ташкил этмоқда. Шу йилнинг ўзида 2 миллион 750 минг нафар отахон ва онахонларимизнинг пенсия миқдори изчил кўпайтирилгани бунга мисолдир. Ёки юртимизда татбиқ этилган 100 ёшга етган ва ундан ошган кексаларимизнинг пенсиясига энг кам иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида устама тўлаб бориш тизимини бошқа мамлакатларда учратиш қийин.
Хусусан, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда унинг жойлардаги бўлимлари барча нуроний, энг аввало, 100 ёшдан ошган отахону онахонлар ҳолидан хабар олиш, уларга ҳар томонлама яқиндан кўмак бериш борасида қатор лойиҳаларни амалга оширди. Кўплаб хонадонларга борар эканмиз, кексаларимизнинг чеҳрасида ўз турмушидан розилик, мамнунлик зоҳир бўлганидан қувондик. Шу билан бирга, жойларда ўтказилган кўплаб хайрли тадбирларда нуронийларимизга санаторийларга бепул йўлланмалар тақдим этилди. Умуман, бу йил юртимизда 50 мингдан зиёд уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, пенсионер ҳамда ногиронлар санаторийларда бепул даволанди.
Аслида, юртимизда қайси йилга ном берилмасин, ҳамиша кексаларнинг, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларни ҳар томонлама ҳимоя қилишга алоҳида аҳамият қаратилади. Шундан келиб чиққанда, Кексаларни эъзозлаш йилининг Соғлом она ва бола йилига уланиб кетаётганида теран маъно бор: кексалари бор уйдан файзу барака аримайди, бундай мустаҳкам оилада эса соғлом оналар ўз ҳаётидан мамнун бўлиб, баркамол авлодни дунёга келтиради ва тарбиялайди.
Бинобарин, оналар чеҳрасидаги қувонч, мамнунлик ва шодумонлик ўша оилада тинч, фаровон ҳамда барқарор ҳаёт мужассам эканидан дарак беради. Шу боис Президентимиз таъкидлаганидек, ҳаммамиз Яратганнинг буюк мўъжизаси бўлган азиз аёлларимиз тимсолида ҳаёт абадийлигини таъминлаб келаётган табаррук зотларни кўрамиз. Ер юзида ҳаёт пайдо бўлибдики, одамзод мўътабар она сиймоси олдида ҳамиша таъзим қилади. Аёлларга шарқона эҳтиром ва эъзоз кўрсатиш — биз учун ота-боболаримиздан қолган ибратли мерос бўлиб, бундай анъаналаримизга доим содиқ бўлиб яшаймиз.
Яқинда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг янги ҳисоботида 1990 — 2015 йилларда Ўзбекистонда оналар ўлими 33,3 фоиз қисқаргани қайд этилди. Бунга, албатта, Президентимиз раҳнамолигида оналар саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг ҳаётини енгиллаштириш борасида яратиб берилган шарт-шароитлар натижасида эришилди. Бугун қатор мамлакатларда иқтисодий инқироз, қирғинбарот урушлар, табиий офатлар, ички можаролар оқибатида аёллар ҳимоясиз, ночор ва ғариб аҳволда қолаётган бир пайтда юртимиз хотин-қизлари тинч-омон, фаровон турмуш кечирмоқда. Буни барча оилалар ўз тақдири мисолида кўриб, англаб турибди.
Эсласак, авваллари мамлакатимизда оналар эртадан кечгача фақат дала юмушлари билан банд, уларнинг соғлиғидан путур, ҳаётидан мазмун кетган эди. Мустақилликнинг илк давриданоқ, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан камқонлик касалига мубтало бўлган ҳомиладор аёллар учун имтиёзли овқатланиш жорий қилинди, хотин-қизларни оғир меҳнатдан холи этиш, уларга қисқартирилган иш куни белгилаш, кундалик турмуш учун бекаму кўст маданий-маиший шароитлар яратишга катта эътибор қаратилди.
Буларнинг ҳаётий исботини биргина мисол — Ўзбекистон нуфузли халқаро ташкилотлар рейтингида болалар саломатлиги муҳофазаланган етакчи мамлакатлардан бири экани, ривожланиш кўрсаткичлари бўйича фарзандларимизнинг 92 фоизи Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келаётганида ҳам кўриш мумкин.
Бу борада олиб борилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтадиган бўлсак, эътироф этиш жоизки, ўтган йилдан бошлаб соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғинида — туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларида ҳомиладорликнинг дастлабки уч ойлигида, яъни 10-14 ҳафталарида барча аёллар оммавий ультратовуш текширувидан ўтказилмоқда. Натижада ҳомиладорликнинг эрта даврида ҳомиланинг умумий аҳволи, унинг ривожланиши ҳамда туғма нуқсонлар ва акушерлик патологиясини аниқлаш имкони туғилди. Ёки перинатология хизматининг аҳамияти ой-куни етмай туғилган чақалоқларни парваришлашда ҳам яққол намоён бўлаётир. Авваллари кам вазнда туғилган чақалоқлар ҳаётини асраб қолиш жуда катта муаммо эди. Бугун мамлакатимизда энг кам вазнда туғилган гўдакларни ҳам соғлом ҳолда ривожлантириш имконияти бор. Ваҳолонки, ҳозирги вақтда бундай кам вазнли чақалоқ туғилиши ўта оз. Чунки оналар соғлом, болаларнинг илиги тўқ.
Президентимиз ўз маърузасида Соғлом она ва бола йилида бу соҳадаги ишларни янги босқичга кўтариш бўйича асосий йўналишларни белгилаб берди. Хусусан, Тошкент шаҳрида Жанубий Корея давлатининг беғараз ёрдами билан қиймати 130,6 миллион АҚШ доллари бўлган кўп тармоқли замонавий болалар шифохонаси қурилиши бошлангани, мазкур мажмуанинг МДҲ мамлакатлари ҳудудида ягона бўлган, тўртинчи, яъни энг юқори даражага эга ноёб тиббиёт маскани экани соғлом авлод тарбияси йўлидаги улкан ишларни муҳим босқичга олиб чиқиши, шубҳасиз.
Давлатимиз раҳбари олис-чекка ҳудудларда, мураккаб иқлим шароитида яшаётган аёллар учун ижтимоий, маиший, тиббий шароитлар яратиш, қизлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни янада кенг оммалаштириш, бўлажак келин-куёвларни тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича масъулиятни кучайтириш каби муҳим масалалар қаторида юртимизда қиз болаларнинг — бўлғуси оналарнинг ҳам жисмоний, ҳам маънавий соғлом бўлиб вояга етиши, уларнинг ўрта мактабдан сўнг лицей ва коллежларда, албатта, таълим олишини таъминлашга яна бир бор эътибор қаратди. Жумладан: “Қиз болани коллежни битирмасидан, ҳунар эгалламасидан туриб, кимки турмушга бермоқчи бўлса, билиб қўйинглар, буни мен узоқни кўрмаслик, калтабинлик деб ҳисоблайман. Қиз бола, аввало, касб эгалласин, ўз фикрига эга бўлсин, ҳаётни англасин. Шундан кейин у ҳаётда ўзининг муносиб ўрнини топади, жамиятимизнинг фаол аъзосига айланади, эртага у қурадиган оила ҳам мустаҳкам бўлади. Бу менинг энг катта орзуим ва тилагимдир”, дея таъкидлади.
Шунингдек, Юртбошимиз ҳомиладор аёлларни асраб-авайлаш, ёш оналар ва болаларни талаб даражасида парвариш қилиш, уларнинг овқат рациони, унинг сифати ва калорияси каби масалаларга жиддий аҳамият қаратиш лозимлигига урғу берди.
Яна бир муҳим масала — оилаларимизда соғлом маънавий муҳитни қарор топтириш, хусусан, эр-хотин, ота-она ва фарзандлар, қайнона ва келин, қўни-қўшни ўртасидаги муносабатларнинг ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат руҳида бўлишига эришиш — бу юртимиздаги тинчлик-осойишталик ва аҳилликни янада мустаҳкамлашнинг энг муҳим шарти экани ҳам қайд этилди.
Бундай узоқни ўйлаб айтилаётган фикр ҳамда даъватларни ҳар бир оила аъзоси, ҳар бир ота-она чуқур англаб олиши, “Менинг қизим, келиним, оиламнинг эртанги куни учун Президентимиз, давлатимиз қайғураяпти, хўш, мен бу эзгу ишга қандай ҳисса қўшсам бўлади?” деб ўйлаши, қизларимиз ва келинларимизнинг ҳаётда мустаҳкам ўрин эгаллашига ёрдам бериш йўлида ҳаракат қилмоғи зарур. Аслида ҳам соғлом бола — соғлом ва аҳил оиланинг мевасидир.
Соғлом она ва бола йилида коллежларни битирган қизларни иш билан таъминлаш, уларга ўз бизнесини ташкил этиши учун имтиёзли кредитлар ажратиш, ёш оилаларга уй-жой сотиб олиш ва қуриш учун ипотека кредитлари, узоқ муддат фойдаланишга мўлжалланган товарлар харид қилишга истеъмол кредитлари бериш борасидаги ишлар кўлами янада кенг қулоч ёзиши, шубҳасиз.
Мухтасар айтганда, буларнинг барчаси халқимизга мансуб азалий қадрият — соғлом ва покиза насл давомийлигини таъминлашга хизмат қилади. Зеро, она ва бола соғлом бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади.

Элмира БОСИТХОНОВА,
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn