Конституциямизнинг 23 йиллиги Боннда нишонланди
  • 19 Декабрь 2015

Конституциямизнинг 23 йиллиги Боннда нишонланди

Германиянинг Бонн шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Мазкур тадбир мамлакатимизнинг Германия Федератив Республикасидаги Бош консуллиги томонидан Германия — Ўзбекистон дўстлик жамияти билан ўзаро ҳамкорликда ташкил этилди.

Бонн шаҳар мэрияси масъул ходимлари, Германия парламенти ва ижтимоий-сиёсий, эксперт-таҳлил ҳамда ишбилармон доиралар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўтган мазкур тадбирда мустақиллик йилларида юртимизда эришилган улкан муваффақиятлар ҳамда давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар хусусида фикр юритилди. Бунда мамлакатимиз Асосий Қонунининг ўрни ҳамда аҳамияти беқиёс эканлигига алоҳида урғу берилди.
Ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни муносабати билан ўтган йилда амалга оширилган ишларни сарҳисоб этиш ва келгуси йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб олиш анъанага айлангани маросим қатнашчиларининг эътиборига ҳавола қилинар экан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан кириб келаётган 2016 йил юртимизда “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилингани қайд этилди.
Тадбирда сўзга чиққан Германия — Ўзбекистон дўстлик жамияти президенти Вольф Бауэр мамлакатимизни сиёсий-ҳуқуқий жиҳатдан янада тараққий топтиришнинг муҳим асоси ҳисобланган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар хусусида тўхталди. У республикамизда ҳуқуқий демократик жамият барпо этиш борасида эришилган муваффақиятларга юқори баҳо берди.
— Германия билан Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилган бу сингари тадбирларда бевосита қатнашиш менга катта мамнуният бағишлайди, — деди у “Жаҳон” ахборот агентлигига берган интервьюси чоғида. — Ўзаро муносабатларимиз тобора ривожланиб бормоқда, янгидан-янги қирралар забт этилаяпти. Ўзбекистонда юз бераётган барча сиёсий ва иқтисодий-ижтимоий жараёнларни доимо диққат билан кузатиб бораман.
Мамлакатингиз қўлга киритган ҳар бир муваффақият мени жуда хушнуд қилади. Шу ўринда Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини қуриш борасида муҳим ютуқлар қўлга киритилганини алоҳида таъкидлашни истардим.
Ўзбекистон ҳукуматининг ижтимоий-иқтисодий ташаббусларини тўла қўллаб-қувватлайман. Аҳоли фаровонлиги, энг аввало, ёш авлодга ғамхўрлик кўрсатиш ҳар бир давлатнинг устувор вазифаси ҳисобланади. Юртингизда бу масалага жиддий эътибор ва алоҳида масъулият билан ёндашилмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқини Конституция куни ҳамда яқинлашиб келаётган Янги йил байрами билан самимий муборакбод этаман, мамлакатингизга барқарор фаровонлик, тинчлик ва осойишталик тилайман.
Мариа Хон-Бергхорн, Бонн шаҳри мэрияси Таълим ва илм-фан бўйича штаби раҳбари:
— Мен Ўзбекистонни 20 йилдан буён биламан, унинг ҳар бир тараққиёт босқичидан яхши хабардорман. Германия Федератив Республикасининг илгариги пойтахтидаги халқаро офиснинг раҳбари сифатида Бонн ва Бухоро шаҳарлари ўртасидаги шериклик алоқаларининг ўрнатилишида шахсан иштирок этганман.
Ўзбекистонда келгуси йил “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилинганини катта мамнуният билан қарши олдим. Мазкур ташаббус жорий йилнинг сентябр ойида БМТ томонидан қабул қилинган барқарор ривожланишнинг умумжаҳон мақсадларига тўла мос келади.
Мамлакатингизда амалга оширилаётган ижтимоий ислоҳотлар ҳамда баркамол авлодни тарбиялаш, оила институтини қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни ҳимоя қилишга қаратилаётган жиддий эътибор дунёнинг кўплаб давлатлари учун намуна сифатида хизмат қилади, деб ўйлайман. Афсуски, кексаларга ҳурмат, оилавий қадриятларни сақлаб қолиш, бўлажак она ҳамда болага нисбатан ғамхўрлик кўрсатиш сингари муҳим қадриятлар ўарб жамиятида тобора сусайиб бормоқда.
Жамиятда аёллар ҳуқуқ ва эркинликларини қўллаб-қувватловчи “Зонта” халқаро клуби аъзоси сифатида Президент Ислом Каримовнинг республикада юз бераётган муҳим сиёсий ҳамда ижтимоий-иқтисодий жараёнларда аёллар фаоллигини кучайтириш ва аҳамиятини юксалтиришга қаратилган даъвати мени жуда қувонтирди. Давлатингиз раҳбари томонидан белгилаб берилганидек, оила, оналик ҳамда болаликни ҳимоя қилиш бўйича шаклланган ҳуқуқий-меъёрий базани такомиллаштириш масаласи келгуси йилдаги устувор вазифа сифатида эътибор марказида бўлиши диққатга сазовордир.
Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон аҳлини мамлакат Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллиги байрами билан табриклайман. Юртингизда тинчлик ва фаровонлик бардавом бўлишини тилайман.

«Жаҳон» АА.
Франкфурт

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn