Эзгуликка йўғрилган эҳтиром
  • 19 Декабрь 2015

Эзгуликка йўғрилган эҳтиром

Ҳар йилнинг декабрь ойи бошларида шукуҳли бир ҳолатнинг гувоҳи бўламиз, юртимиз аҳли Президентимизнинг Конституция кунига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасини ўзгача қизиқиш билан қаршилайди. Бунинг асосий сабабларидан бири — кириб келаётган йилга мамлакатимизда эзгуликка йўғрилган ўзига хос ном берилишида.

Бу йил ҳам шундай бўлди. Юртбошимиз азалдан меҳнаткашлиги, бир оила фарзандидек уюшқоқлиги билан довруқ қозонган халқимизнинг бунёдкорлиги эвазига юз бераётган кўламли ўзгаришлар, ободончиликлар, барча жабҳада эришилаётган улкан ютуқларни алоҳида таъкидлаб ўтди. Айниқса, фуқароларимизнинг ватанпарварлик фазилатини юқори баҳолаб, уларни теварак-атрофдаги нотинчликлардан огоҳ бўлишга, тегишли хулосалар чиқаришга, ўзаро тотувликни янада мустаҳкамлашга, оилалар оройиши,  фарзандлар ҳаловатининг энг ишончли гарови тинчлик-омонлик эканлигини янада теран англашга, қадрлашга чақирди. Шулар баробарида, барчанинг сиёсий фаоллиги, фуқаролик позицияси ўсиб бораётганлигини  ифтихор билан қайд этди. Асосий Қонунимизнинг адолатли жамият қуришдаги роли, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан инсон манфаатларини таъминлашга хизмат қиладиган қонунлар ишлаб чиқилиб, амалда ижобий натижаларини бераётгани, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар, аввало, халқимиз фаровонлигига қаратилгани сингари масалалар ҳам кенг ифодасини топганлигига эътибор қаратди.
Маърузада, жумладан, мўътабар аёлларимиз, уларнинг кундалик ҳаётимизга янада тароват қўшишдаги беқиёс ҳиссаси, жамиятда тутган ўрни ҳақида ҳам муносиб сўзлар айтилди. Аёл дейилганда, кўпинча бир хаёлга эргашамиз-у, Бош майдонимизга алоҳида шукуҳ бағишлаган, боласини бағрига босиб турган мунис онанинг табаррук сиймоси акс этган ҳайкал кўз ўнгимизда ўз-ўзидан жонлана бошлайди.
Дарҳақиқат, ҳаётда юрт ва оила тушунчаси, оилада эса она ва бола сиймоси муштаракдир. Уларнинг турмуши сокин кечишини, жамиятимизнинг муҳим бўлаги бўлмиш оиланинг ўчоғи ўчмаслигини таъминлаб туриш қадим-қадимдан эркакларимизнинг асосий бурчи бўлиб келган ҳамда шундайлигича қолмоқда. Аммо оиладагиларнинг соғлиғини асраш рўзғор бошлиғига тўлиқ боғлиқ эмас, бу иш барқарор ривожланиб бораётган мамлакатда давлат аҳамиятига молик масала мақомига эришгандагина тўлақонли тарзда самара бера олади. ўурурланиб айтсак арзийдики, биз аллақачон мана шу йўлдан бораяпмиз.
Бунинг далил-исботи сифатида ушбу йўналишдаги ишларимизга чет эллик нуфузли тадқиқотчилар томонидан бериб келинаётган аъло баҳоларни айтиш билан чекланмай, кундалик турмушда ўз кўзимиз билан кўриб турганларимизни сўзлаш янада ўринлидир.
Қачон Олтиариққа бормайин, қаердадир янги спорт майдончаси қурилгани, бирон бир мактабнинг таъмирланаётгани, қайсидир боғчанинг ҳовлиси янада кўркамлаштирилаётганини кўраман.
Салобати бизнинг болалик давримиздаги марказий касалхонаникидан кам бўлмаган, энг замонавий ускуналар билан муттасил бойиб, ходимларининг сони ҳам кўпайиб бораётган қишлоқ врачлик пункти ҳамширалари уйма-уй кезиб юришганининг гувоҳи бўламан. Бири алоҳида қаровга муҳтож беморлардан хабар олса, бири кўзи янги ёриган оналар, уларнинг чақалоқларини назоратдан ўтказади, бошқаси болалар ўртасида у ёки бу касалликка қарши эмлаш бошланганлигини эълон қилиб чиқади.
Бу муассасанинг мудири, олий маълумотли шифокор Шарофатхон ҳам ўз хонасида тинчиб ўтиролмайди, бирон кимсанинг дарди кучайиброқ қолганини эшитса, фурсатни ўтказмай етиб боради. Кўмагига муҳтожларга доим мададкор. Қайнонасининг фахрланиб айтишича, бурчини биринчи ўринга қўяди. “Тунов куни қўшнимизнинг чақалоғи қаттиқ шамоллаб қолувди, яна бир хабар олай, дея кечасиям беморнинг аҳволини билиб чиқди”. Шунақа! Инсонпарвар юртнинг шифокори ҳам инсонпарварлиги билан фарқланиб тураверади!
Шу кабилардан келиб чиқилса, келгуси йилимизнинг “Соғлом она ва бола йили” деб аталиши хонадон бекаларини эъзозлаш туйғуси қонига аждодларидан ўтиб келаётган, беҳад болажонлиги билан яққол ажралиб турувчи халқимизнинг феълига узукка кўз қўйгандек мос тушди, барчага бирдек маъқул келувчи иш бўлди.
Борлиқ эзгу умидларимизнинг рамзига айланмиш болалар ҳар битта уйнинг чироғи бўлса, меҳридарё оналар заҳматкаш чароғбонлардир. Шундай экан, хонадонларимиздан ҳеч қачон ёруғлик аримасин, бу порлоқ нурлар ўлкамизни ҳам абадулабад чароғон қилиб тураверсин.

Анвар ОБИДЖОН,
Ўзбекистон халқ шоири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn