Саховатдан кўнгиллар шод
  • 19 Декабрь 2015

Саховатдан кўнгиллар шод

Инсон асло ўзини ёлғиз ҳис қилмаслиги керак. Бу инсонпарварлик ғоялари устувор жамиятимизнинг бош мақсадларидан биридир. Шу боис юртимизда аҳолининг ижтимоий муҳофазаси давлатимиз миқёсида юксак эътиборда турган вазифадир.

Айниқса, ёлғиз ва қаровчисиз кексалар, эҳтиёжманд оилалар, ота-онасиз фарзандларга нисбатан эъзозли муносабат, ғамхўрлик беқиёс аҳамият касб этмоқда.
Бизнинг “Саховат” кексалар ва ногиронлар интернат уйимизда истиқомат қилаётган 121 нафар якка-ёлғиз ногирон, қариялар билан суҳбатлашиб, бунга яна бир бор иқрор бўлишингиз, шубҳасиз. 
Зеро, инсон ҳаёт йўлининг маълум қисмини босиб ўтгач, уни ўзгача сарҳисоб қила бошлайди. Шунда баъзан амалга оширган хайрли ишларидан қувонса, баъзан тақдирнинг машаққатли синовларини эслаб, ўйга толади. Бироқ вақт — ғанимат. Умр эса — ўткинчи.
Етмиш беш ёшни қаршилаган Валя Мирзакаримованинг хулосалари шундай. Узоқ йиллар давомида мактабда ўқувчиларга сабоқ берган онахон ҳозир ушбу муассасада давлатимизнинг ғамхўрлигини ҳис қилиб яшаяпти. Шогирдлари ҳолидан хабар олиб туришади. Ҳатто ўзлари билан бирга яшашни таклиф қилувчилар ҳам бўлди. Бироқ Валя опа бунга розилик билдирмади. “Иссиқ жонмиз, — дейди у. — Кексайгач, доимий шифокор назоратига муҳтожлик сезаркансан киши. Бу ерда эса ҳеч нарсадан камимиз йўқ, ҳаётимиз бадастир. Кундалик дастурхонимиз тўкин, саломатлигимиз назоратда. Президентимизга раҳмат, ўзимизни худди оиламиздагидек ҳис этишимиз учун барча шароит яратилган”.
Муассасамизда истиқомат қилувчилар бир-бири билан ака-ука, опа-сингилдек бўлиб қолишган. Бири оғриб қолса, иккинчиси ёрдамга шошилади, дардига малҳам бўлгиси келади. 
Кексалар ва ногиронлар қошида 6 нафар шифокор, 5 нафар ҳамшира ҳамда 18 нафар энага парвона. Бу ерда турли маданий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари, танловлар ташкил этиш анъанага айланган. 3 минг нусхадан зиёд китоб фонди, матбуот нашрлари, ҳатто брайл ёзувидаги адабиётларга эга кутубхонамиз нуронийлар ихтиёрида. Отахонларнинг аксарияти — шахмат-шашка ишқибозлари. Онахонлар эса “Моҳир қўллар” тўгарагида қатнашишни хуш кўришади. Қизиғи, ушбу машғулотларда устозлар ҳам, шогирдлар ҳам — уларнинг ўзлари. Айниқса, турли кийим-кечаклар, совғабоп буюмлар тўқишда Нодира Усмоновага етадигани йўқ. Унинг саъй-ҳаракати билан бугун “Саховат”нинг кўпчилик аёллари тўқувчиликни пухта ўзлаштириб олишган.
Айтиш жоизки, “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурида белгиланган эзгу ишлар самарасидан муассасамизда яшовчилар ҳам четда қолишгани йўқ. Яъни улар республика ҳамда вилоятдаги ихтисослаштирилган тиббий марказлар мутахассислари томонидан йил давомида бир неча марта чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, зарур ҳолларда шифохона ва санаторийларга йўлланма билан таъминландилар. Бинобарин, мамлакатимизнинг сўлим гўшалари, зиёратгоҳ манзиллари, тарихий қадамжолари бўйлаб саёҳатлар уюштирилди. Бундай хайрли ишлар келгуси йилда ҳам изчил давом эттирилади. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бизларни дунёга келтириб, вояга етказган, ўзининг машаққатли меҳнати билан бугунги ёруғ кунлар рўёбига катта ҳисса қўшган кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қадрлаш — ҳар биримиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир. Шундай экан, бу ўзбек халқига мансуб бетакрор фазилатларнинг яққол тасдиғи сифатида болаларимизни, ёшларимизни инсонпарварлик руҳида тарбиялашда ёрқин намуна бўлиши муқаррар.

Адҳамжон НЎЪМОНЖОНОВ,
Фарғона шаҳридаги «Саховат» кексалар ва ногиронлар интернат уйи директори ўринбосари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn