Замонавий маданият маркази
  • 19 Декабрь 2015

Замонавий маданият маркази

Норин туманининг Тўда қишлоғида маданият ва аҳоли дам олиш маркази фойдаланишга топширилди. У ҳудуддаги собиқ маданият уйи негизида ташкил этилди.

Бунёдкорлик ишларига 476 миллион сўм маблағ йўналтирилиб, бинонинг томоша зали, маданий-маърифий тадбирлар ўтказишга мўлжалланган хоналари замонавий қиёфага келтирилди. Шунингдек, муассаса 50 миллион сўмлик жиҳозлар билан таъминланди.
— Бу ерда аҳоли, айниқса, ёшларнинг бўш вақтини мароқли ўтказиш учун барча имконият яратилди, — дейди меҳнат фахрийси Назиржон Раҳмонов. — Жумладан, санъатга иштиёқманд ўғил-қизларга мўлжалланган хонада доирадан тортиб, энг замонавий чолғу асбобларигача бор. Иқтидорли ёшлар улардан фойдаланиб, санъат сирларини пухта ўзлаштирсалар, спорт тўгарагида ташкил этиладиган машғулотлар бўлажак чемпионлар маҳоратига сайқал беради.
Марказнинг очилиш маросими қишлоқ бадиий ҳаваскорлари ижросидаги концерт дастури билан ўзгача мазмун касб этди. Шу куни  иштирокчилар бу ерда фаолият бошлаган ўндан ортиқ тўгаракда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn