Маҳалла — ёшлар тақдирида
  • 18 Декабрь 2015

Маҳалла — ёшлар тақдирида

Мамлакатимизда ёшларни юксак маънавиятли, мустақил ва эркин фикрлайдиган, замонавий илм-фан ютуқларини тўлиқ ўзлаштирган, қисқача айтганда, баркамол инсонлар этиб вояга етказиш, уларнинг замонавий касб-ҳунарларни пухта эгаллаши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, демократик давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнида фаоллигини ошириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаяпти.

Ушбу жараёнларда, шубҳасиз, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳамда унинг ҳудудий тузилмалари ва юртимиздаги мавжуд 10 мингга яқин фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳам салмоқли ҳиссаси бор. Бугунги кунда маҳаллаларда 8 та жамоатчилик комиссияси, шу жумладан, Вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари ҳамда Маърифат ва маънавият масалалари бўйича комиссиялари, ота-оналарнинг фарзанд тарбияси бўйича билимини оширишга йўналтирилган “Ота-оналар университетлари” изчил фаолият юритмоқда. Ўз навбатида, “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлиги механизмини кучайтириш чоралари кўрилаётир. Эътиборлиси, ана шу саъй-ҳаракатлар ёшларимизни маънавий ва жисмоний жиҳатдан соғлом қилиб вояга етказиш, она-Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш, аввало, уларнинг қалби ва онгида мафкуравий иммунитетни янада кучайтириш, миллий ўзлигимиз ҳамда дунёни чуқур англайдиган инсонлар бўлиб улғайишида муҳим ўрин тутаётир.
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди ташаббуси билан Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари, “Камолот” ЁИҲ, Маънавият тарғибот маркази, “Нуроний” жамғармаси, Миллий телерадиокомпания ҳамкорлигида “Қадриятлар бешигисан, азиз маҳаллам!” шиори остида ўтказиб келинаётган уч босқичли “Маҳалла — менинг тақдиримда” кўрик-танлови ҳам ана шу эзгу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Таъкидлаш жоизки, танловнинг саралаш (маҳаллалараро) ва туман (шаҳар) босқичлари жорий йилнинг ноябрь ойида ўтказилган бўлиб, уларда республикамиз бўйича жами 8582 та фуқаролар йиғини жамоалари қатнашди. Тадбирларда 35 мингга яқин ёшлар жамоалар таркибида, 142 мингдан ортиқ аҳоли, шу жумладан, 83 мингга яқин ёшлар кузатувчи сифатида иштирок этди.
Шу кунларда мазкур кўрик-танловнинг ҳудудий босқичлари юқори савияда ўтказилаяпти. Уларда маҳаллалар ҳудудларидаги умумтаълим мактабларининг 9-синф ҳамда касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларнинг 1 ва 2-босқич ўқувчиларидан иборат жамоалар учта шарт асосида ўзаро баҳс юритаётир.
Танловнинг Тошкент шаҳар босқичи “Туркистон” саройида юқори савияда ташкил этилди. Унда туман босқичларида ғолиб бўлган 11 маҳалла фуқаролар йиғини жамоалари ўзаро беллашди.
Аввало, иштирокчилар ўз маҳалласи ҳақида, ёшларнинг жисмонан соғлом, маънавий етук бўлиб вояга етишида маҳалланинг тутган ўрни тўғрисидаги тақдимотларни слайдлар ёрдамида намойиш этди. Улар маҳалла институтининг тарихини ўзлари истиқомат қилаётган маҳаллалар мисолида баён қилдилар.
Кейинги шартда маҳалла фаолияти, ёшлар тарбияси ҳамда “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлиги механизмини кучайтириш, соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ҳамда маънавиятга оид билимлари синаб кўрилди. Сўнгги шартда иштирокчилар ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини қарор топтириш, уларни гиёҳвандлик, ахлоқсизлик, четдан кириб келаётган ҳар хил зарарли таъсирлар, “оммавий маданият” ниқоби остидаги хатарлардан асраб-авайлаш ва бу борада миллий қадриятларимизнинг ўрни ҳақидаги иншолари билан қатнашди.
— Бу ерда биз ўзимиз яшаётган маҳалла ҳаёти ҳақида ҳикоя қилиш баробарида, шаҳримиздаги илғор фуқаролар йиғинлари фаолияти билан ҳам яқиндан танишдик, қизиқарли маълумотларга эга бўлдик, — дейди Чилонзор туманидаги “Яккатут” маҳалла фуқаролар йиғини жамоаси аъзоси К. Юсупова. — Шу билан бирга, янги дўстлар орттирдик.
Якуний натижаларга кўра, Шайхонтоҳур туманидаги “Жанггоҳ” ва Мирзо Улуғбек туманидаги “Дархон” маҳалла фуқаролар йиғинлари жамоалари биринчи ва иккинчи ўринларни қўлга киритди. Учинчи ўринга эса бир йўла иккита — Чилонзор туманидаги Яккатут ҳамда Учтепа туманидаги Боғистон маҳаллалари жамоалари муносиб, деб топилди.
Танлов ёшлар маънавиятини янада мустаҳкамлаш, улар ўртасида “Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?”, “Эртага ким бўлишимиз, қандай янги марраларни эгаллашимиз керак?” деган саволлар мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш нуқтаи назаридан фойдали бўлмоқда. Тадбирнинг
Бухоро вилояти босқичида бу фикр яна бир карра ўз тасдиғини топди. Унда иштирок этган 13 та маҳалла фуқаролар йиғини жамоалари учта шарт бўйича пухта ҳозирлик кўрганини намойиш этиб, маҳалланинг оила ва тенгдошлари ҳаётидаги ўрнини таъсирчан мисоллар орқали очиб берди.
— Маҳалламиз ўғил-қизлари аҳил-иноқ яшашади, бўш вақтларини спорт зали ва тўгаракларда ўтказади, — дейди Қоровулбозор туманининг Имом Бухорий номидаги маҳалла фуқаролар йиғини жамоаси сардори В. Исмоилов. — Мен таҳсил олаётган 2-академик лицей ҳам шу ҳудудда жойлашган. Танловга тайёргарлик жараёнида жуда кўп маълумот олдик. Юртимиз маҳаллалари тарихига оид билимларимизни янада мустаҳкамладик. Муҳими, маҳаллага бўлган меҳримиз янада ошди.
Шундай қилиб, якунда қоровулбозорликлар биринчи ўринни эгаллади. Fиждувон туманидаги “Fовшун” қишлоқ фуқаролар йиғини ва Жондор туманидаги Қозикент маҳалласи жамоалари эса кейинги ўринларга лойиқ кўрилди.
Бугун Сирдарё вилоятида 319 та фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органи бўлиб, ёшларни баркамол этиб тарбиялаш, навқирон авлод орасида жисмоний тарбия ва спортни кенг оммалаштириш, маънавиятини юксалтириш, катталарга ҳурмат, меҳр-оқибат руҳида бўлишларига эришиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратаяпти. Шунингдек, “Ота-оналар университетлари” фаолияти самарали ташкил этилган. Ёш авлод тарбияси йўналишида олиб борилаётган бу саъй-ҳаракатлар танлов иштирокчилари чиқишлари орқали ифодалаб берилди.
— Кўрик-танловнинг учинчи шарти бўйича “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур” мавзуида иншо ёздим, — дейди Сайхунобод саноат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Д. Исматова — Унда ўзим истиқомат қилаётган Турон маҳалласи фаолияти мисолида юртимизда ёшларнинг маънан ва жисмонан етук инсонлар бўлиб камол топишига қаратилган юксак эътибор ҳамда яратилган шароитларни кўрсатишга ҳаракат қилдим. Ҳозир маҳалламизда спорт билан шуғулланишимиз ва касб-ҳунар ўрганишимиз учун барча имконият яратилган. Айтайлик, ҳудудда замонавий спорт мажмуаси, болалар ва ўсмирлар спорт мактаби мавжуд. Яқинда эса мусиқа ва санъат мактаби ҳам бунёд этилди. Ўзим ҳудуддаги касб-ҳунар коллежида таълим олиш билан бирга, тикувчилик тўгарагига қатнайман.
Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, Сайхунобод туманидаги “Турон” маҳалла фуқаролар йиғини жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Кейинги ўринлар Гулистон шаҳрининг “Боғишамол” маҳалла фуқаролар йиғини ва Гулистон туманининг “Нуробод” қишлоқ фуқаролар йиғини жамоаларига насиб этди.
Навоий шаҳрида бўлиб ўтган кўрик-танловнинг вилоят босқичида 10 та жамоа вакиллари ўз билим ва маҳоратини синовдан ўтказди. Навоий шаҳридаги “Бунёдкор” маҳалла фуқаролар йиғини жамоаси ғолиб бўлди. Хатирчи туманидаги “Уйшун”, Қизилтепа туманидаги “Ванғози” маҳалла фуқаролар йиғинлари вакилларига кейинги ўринлар насиб этди.
— Бугунги кунда маҳалламиздаги оилалар тинч-тотув ва иноқликда яшаб келаяпти, — дейди “Бунёдкор” жамоаси аъзоси, коллеж ўқувчиси Ш. Неъматов. — Чунки маҳалла фаолларининг ташаббуси билан ўтаётган барча тадбирлар ўзаро ҳамжиҳатлик, бирдамликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилаяпти. Менимча, бу каби танловлар маҳалла ёшлари ўртасида маънавий муҳитни яхшилаш ва миллий қадриятларимизни кенг тарғиб этишда айни муддаодир.
Жиззах вилоятидаги фуқаролар йиғинларида ҳам ёшларимизнинг ҳар томонлама етук инсонлар бўлиб камол топишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, ўғил-қизлар ўртасида тарихий хотира, юксак маънавият, халқимиз анъаналари, маданий меросига ҳурмат, мамлакатимиз мустақиллигининг буюк тарихий аҳамиятини англаш каби фазилатларни шакллантириш, она-Ватан ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, улар қалби ҳамда онгида мафкуравий иммунитетни кучайтиришга қаратилган маънавий-маърифий ишлар изчил давом эттирилаётир. Бу танловнинг вилоят босқичида иштирок этган 13 та фуқаролар йиғини жамоалари ёшларининг билими ҳамда зукколигида ўз ифодасини топди.
— Маҳалламизда ёшларни жисмонан соғлом, маънавий етук қилиб вояга етказиш бўйича олиб борилаётган ишларни кўрсатишга ҳаракат қилдик, — дейди Дўстлик туманидаги “Қаҳрамон” қишлоқ фуқаролар йиғини жамоаси сардори М. Исломова. — Биринчи шарт бўйича тақдимотимиз, саволларга берган жавобларимиз ва ёзган иншомизда маҳалла ёшлар ҳаётида қанчалик муҳим ўрин тутаётганини очиб берганимиз учун бўлса керак, ғолибликни қўлга киритдик. Бу ерда тенгдошларимизнинг чиқишлари билан танишиб, билимларимизни янада бойитдик. Дўстлик туманидаги “Қаҳрамон” қишлоқ фуқаролар йиғини жамоаси биринчи, Фориш туманининг “Хонобод” жамоаси ҳамда Зоминдаги “Оқтепа” маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари кейинги ўринларни банд этди.
Кўрик-танловнинг Хоразм вилояти босқичида ҳам ўқувчи-ёшлар фаол қатнашди. Буни унинг қуйи босқичларида 5 минг нафарга яқин ўғил-қиз иштирок этгани ҳам тасдиқлайди. Муҳими, бу ерда улар маҳалла тарихи, миллий урф-одат ва қадриятларимиз ҳамда четдан кириб келаётган зарарли хуружлардан ҳимояланиш билан боғлиқ билим ва кўникмаларини бойитиш имконига эга бўлди.
Иштирокчиларнинг тақдимотларида, асосан, буюк аждодларимиз билан ғурурланиш ҳисси, бу борада юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Пировардида Боғот туманидаги “Оқтепа” маҳалла фуқаролар йиғини жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Кейинги ўринлар Ҳазорасп туманининг “Омад” жамоаси ва Қўшкўпир туманидаги “Маданият” маҳалла фуқаролар йиғини вакилларига насиб этди.
Fолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, муносиб рағбатлантирилди. Тадбир давомида ёш санъаткорларнинг чиқишлари танловга байрамона шукуҳ бағишлади.
Кўрик-танловнинг ҳудудий босқичлари давом этмоқда.

«Халқ сўзи» мухбирлари
материаллари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn