Хорижлик экспертлар: «Атроф-муҳит муҳофазаси масалалари Ўзбекистон давлат сиёсатида устувор аҳамият касб этади»
  • 18 Декабрь 2015

Хорижлик экспертлар: «Атроф-муҳит муҳофазаси масалалари Ўзбекистон давлат сиёсатида устувор аҳамият касб этади»

Маълумки, жорий йилнинг 21 ноябрь куни Тошкентда “Жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш: Ўзбекистон ва Европа давлатлари тажрибаси” мавзуида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтган эди. Тадбирнинг айрим хорижлик иштирокчилари “Жаҳон” ахборот агентлигига берган интервьюларида мазкур мавзунинг долзарблиги юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини ўртоқлашдилар.

Алда ОЗОЛА,
Латвия Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва минтақавий ривожланиш вазирлиги давлат котибининг ўринбосари:
— Мамлакатларимиз ўртасида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги икки томонлама ҳамкорлик муносабатлари фаол ривожланаётир. Улар, ўз навбатида, қатор муҳим масалаларни ҳал этиш юзасидан мунтазам тажриба ҳамда ахборот алмашишларга ҳам кўмаклашмоқда.
Республикангизда табиатни асраш жараёнларига жамоатчиликни жалб қилиш ва соҳанинг меъёрий-ҳуқуқий заминини такомиллаштириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар эътирофга лойиқдир. Вазирлигимиз бундан кейин ҳам қўшма лойиҳаларни ҳамда ташаббусларни ҳаётга татбиқ этиш юзасидан Ўзбекистон экологик ҳаракати, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, шунингдек, бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда иш олиб боришга тайёр. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда Латвия Республикаси Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва минтақавий ривожланиш вазирлиги ўртасида жорий йилнинг апрелида имзоланган битимни 2015/2016 йилларда амалга ошириш Дастури бу йўналишдаги амалий ҳужжат сифатида хизмат қилаяпти.

Мартин ЮНГ,
Австрия технология институти эксперти:
— Ўз атрофига дунёнинг турли мамлакатларидан ҳуқуқшуносларни, олим ва мутахассисларни жамлаган Тошкент форуми мавзунинг очиб берилиши ҳамда эришилган натижалар нуқтаи назаридан муваффақиятли ўтди. Тадбир ўзаро фикр алмашиш, жамоатчилик экологик назоратини амалга оширишнинг самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш бўйича Ўзбекистоннинг ва хорижий давлатларнинг тажрибасини ўрганиш имконини берди.
Анжуман доирасида биз Ўзбекистонда атроф-муҳитни муҳофаза қилишда фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишдик. Шу билан бирга, хорижлик иштирокчилар ўз мамлакатларининг мазкур соҳадаги тажрибаларини ҳам ўртоқлашдилар. Учрашув қатнашчилари аҳолининг ахборотлардан хабардорлиги жамоатчиликнинг атроф-муҳит муҳофазасига тўлақонли кўмаклашишининг муҳим шартларидан бири эканлиги юзасидан фикр билдирдилар.

Пьер-Эммануэль ДЮПОН,
Париж университети Ҳуқуқ, иқтисодиёт ва бошқарув факультетининг катта ўқитувчиси (Франция):
— Мамлакатингизнинг бу йўналишдаги 30 та Қонун ва 150 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлардан иборат салмоқли ҳамда самарали қонунчиликни шакллантириш бўйича тажрибаси экспертларда катта қизиқиш уйғотди. Қолаверса, “Экологик назорат тўғрисида”ги Қонунда мазкур жараёнда жамоатчиликнинг иштироки таъминланишининг амалий механизмлари белгилаб берилгани диққатга сазовор эканлигини ҳам қайд этишни истардим.
Парламент қуйи палатасида 15 депутатлик ўрнидан иборат квотага эга бўлган Ўзбекистон экологик ҳаракатининг фаолияти ҳам алоҳида эътиборга моликдир. Бундай ёндашув экология масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигидан далолат беради.

Момоко ЧИБО,
Жунтендо университети профессори (Япония):
— Атроф-муҳит муҳофазаси умумбашарий аҳамиятга эга бўлган вазифа ҳисобланади. Бугунги кунда башарият сайёрамизнинг глобал исиб кетиши ва ресурсларнинг камайиши натижасида келиб чиққан жиддий ҳамда кенг кўламли муаммолар билан рўпара келмоқда.
Шуниси қувонарлики, Ўзбекистонда экология масалалари мамлакат раҳбариятининг диққат-эътиборида турибди. Экологик назоратнинг ҳаётга татбиқ этилишида жамоат ташкилотлари ва фуқаролик институтлари фаол қатнашаётгани бу фикрни тасдиқлайди.
Университетимиз Ўзбекистоннинг мазкур соҳадаги тажрибаси билан яқиндан танишиш ниятидадир. Шу билан бирга, қўшма илмий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш учун Ўзбекистон олий ўқув юртлари билан академик алмашувларни ҳам йўлга қўйишни режалаштирмоқдамиз.

«Жаҳон» АА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn