«Инсон, унинг ҳаёти ва эркинликлари — Ўзбекистон Асосий Қонунининг олий қадриятларидир»
  • 17 Декабрь 2015

«Инсон, унинг ҳаёти ва эркинликлари — Ўзбекистон Асосий Қонунининг олий қадриятларидир»

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг мустаҳкамланишида мамлакатимиз Конституциясининг тутган ўрни Сеулда муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллиги муносабати билан ташкил этилган давра суҳбатида Корея Республикаси ҳукумати ҳамда эксперт-таҳлил доиралари вакиллари қатнашди. Тадбир иштирокчилари ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти ва ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти барпо қилинишига қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишда Конституция муҳим ўрин тутишини қайд этишди.
Давра суҳбати чоғида таъкидланганидек, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини ҳаётга татбиқ қилиш доирасида Асосий Қонунга киритилган қўшимчалар ҳамда давлат қурилиши жабҳасида қатор меъёрий ҳужжатларнинг қабул қилингани  ҳокимият тармоқлари ўртасидаги ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати механизмларини янада ривожлантириш ҳамда оптималлаштиришни таъминлагани баробарида, давлат ҳокимиятининг демократик тизимини янада такомиллаштириш имконини берди.
Жанубий кореялик экспертлар инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича кўрилаётган кенг кўламли чора-тадбирларга юқори баҳо бердилар. Уларнинг фикрича, бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларнинг амалий натижалари аҳоли ҳаёти ва фаровонлиги даражасининг юксалишида ўзининг яққол ифодасини топмоқда. Шу ўринда иқтисодиётнинг ўсиши қарийб 6 баробарни ташкил этаётгани, аҳоли реал даромадлари ҳажми эса жон бошига 9 баравар ошгани кореялик экспертлар томонидан алоҳида таъкидланди.  
Тадбирда сўзга чиққан Корея халқаро муносабатлар бўйича Кенгаши раиси Чунг Тэ Ик Конституция давлатнинг Асосий Қонуни ҳисобланиши ва у олий юридик кучга эга бўлиб, инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини кафолатлаши, ҳокимиятнинг марказий ва маҳаллий органлари ташкил этилиши тартиби, уларнинг ваколатлари ҳамда бир-бири билан ўзаро алоқадорлигини белгилаб бериши ҳақида тўхталди. Шу муносабат билан кореялик эксперт 2014 — 2015 йилларда Ўзбекистонда бўлиб ўтган парламент ва Президент сайловлари мамлакатимиз сайлов тизимининг очиқлиги ҳамда шаффофлигини намоён этганини, шунингдек, улар умумэътироф этилган халқаро меъёр ва андозаларга мос эканлигини алоҳида таъкидлади.
Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Тадқиқот хизматининг Маърифий ва маданий ҳамкорлик бўлими директори Ю Ий Жунг эътироф этганидек, Ўзбекистон раҳбарияти томонидан мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб мамлакатни модернизациялаш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларини демократлаштириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
“Республикада суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда судларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасидаги фаолиятининг самарадорлигини кучайтириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳам эътиборга моликдир”, деди Ю Ий Жунг.
Ханянг университети Осиё-Тинч океани тадқиқотлари маркази директори Ом Гу Хо тадбир иштирокчилари эътиборини Марказий Осиё мамлакатлари орасида Ўзбекистон биринчи бўлиб Конституциясини ишлаб чиққани ва уни қабул қилганига қаратди.
— Бу ҳужжат мамлакат тараққиётини таъминлашга йўналтирилган туб иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш учун мустаҳкам пойдевор қўйди, — деди эксперт. — Конституциянинг демократик тамойилларга қатъий содиқлиги туфайли 23 йил ичида Ўзбекистон Республикасида иқтисодиётнинг тез ўсиши ва аҳоли фаровонлигининг юксалиши таъминланди.
Дуксунг университети Халқаро ва сиёсий тадқиқотлар факультети профессори Ким Сонг Жин:
— Мустақил ривожланиш йиллари давомида республика ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти асосидаги демократик давлат сифатида жаҳонда ўз эътирофини топди. Шуниси қувонарлики, барча янги йўналишни қамраб олаётган ўзгаришлар ўсувчанлик хусусиятига эгадир.
Мамлакатда тинчлик ва барқарорлик,  миллатлараро ҳамда динлараро ҳамжиҳатликнинг  сақланиши ва мустаҳкамланиши Ўзбекистоннинг энг катта муваффақияти ҳисобланади. Ўзбекистон заминида яшайдиган барча миллат ва элат вакилларининг тилига, урф-одат, анъаналарига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, шунингдек, уларни ривожланишига бирдек шароитлар яратиш таъминланиши сингари Конституцияга муҳрлаб қўйилган тамойилларга қатъий амал қилинаётгани туфайли бунга эришишга муваффақ бўлинди.
Кукмин университетининг Халқаро ва минтақавий тадқиқотлар факультети профессори Ли Санг Жун:
— Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши белгилаб қўйилган. Бу тушунчалар, менинг назаримда, мазкур ҳужжат аҳамиятининг энг муҳим асосини ташкил этади. 
Шу билан бирга, кейинги йиллар давомида парламент ваколатларини кенгайтириш, партиялараро рақобатни кучайтириш ва фуқаролар ҳуқуқлари ҳимоясини мустаҳкамлашга оид Конституцияга киритилган тузатишлар ҳам жуда долзарб аҳамиятга эга эканлигини алоҳида таъкидлашни истар эдим.

«Жаҳон» АА.
Сеул

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn