Ноанъанавий йўналиш
  • 17 Декабрь 2015

Ноанъанавий йўналиш

Китоб туманидаги “Kitob Sayyoh” хусусий корхонаси томонидан экотуризм манзилларига ноанъанавий саёҳат йўналиши ишлаб чиқилди.

Унга мувофиқ, юртимиз аҳли ва меҳмонларига табиат қўйнидаги миллий урф-одатларимиз акс эттирилган ўтовларда хизмат кўрсатилади. Бу ерда улар азалий қадриятларимиз, тарихий қадамжолар билан яқиндан танишиш баробарида, атроф-муҳитнинг бетакрор манзараларидан ҳам баҳраманд бўладилар.
— Шу мақсадда ҳар бири тўрт ўринга мўлжалланган 6 та ўтов қурдик, — дейди корхона раҳбари Аҳад Бердиев. — Бу ерда сайёҳлар қисқа муддат яшаб, йўналиш жуғрофиясидан ўрин олган Шаҳрисабз шаҳрининг маданий-тарихий объектлари билан танишиш, Китоб кенглик станциясида телескоп орқали юлдузларни томоша қилиш, шунингдек, Суқар, Қайнар, Аёқчи каби тоғли ҳудудларга экскурсия уюштириш имкониятига эга бўладилар.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, мамлакатимизга ташриф буюраётган чет эллик меҳмонларнинг аксарияти диёримизнинг энг хушманзара жойларини кўришни истайди. Мазкур лойиҳанинг яна бир ижобий жиҳати шундаки, унда сайёҳларга юқори даражада хизмат кўрсатувчи меҳмонхоналар талаб этилмайди. Аниқроқ айтганда, туризмнинг ушбу турида анъанавий ҳордиқ чиқариш ёки маиший қулайликлар у қадар муҳим ҳисобланмайди.
“Ўзбектуризм” Миллий компанияси вилоят вакиллиги маълумотларига қараганда, жорий йилнинг учинчи чорагида ҳудудда 47 минг 978 нафар сайёҳга  хизмат кўрсатилган. Шундан 3 минг 400 нафари хорижий давлатлар фуқароларидир. Бунда воҳанинг туристик бренди тайёрлангани алоҳида аҳамият касб этди. Айни пайтда соҳага илғор ахборот-коммуникация технологиялари ва банк хизматларини кенг татбиқ этиш кўзда тутилмоқда. Шу мақсадда Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларидаги сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган 10 та ҳудудда Wi-Fi зоналари ташкил қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 1 ноябрдаги “2013 — 2015 йиллар даврида Қашқадарё вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори доирасида вилоятда амалга оширилган кенг кўламли ишлар жойларда экотуризм ривожига қаратилаётган эътибор келгусида сайёҳлар сони янада ортишига хизмат қилади.

Аҳад МУҲАММАДИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn