Фарзандлар камоли ҳар бир ота-онанинг эзгу мақсадидир
  • 16 Декабрь 2015

Фарзандлар камоли ҳар бир ота-онанинг эзгу мақсадидир

Дарҳақиқат, Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида алоҳида таъкидлаганидек, “Бу ёруғ оламда ҳаёт бор экан, оила бор. Оила бор экан, фарзанд деб аталмиш бебаҳо неъмат бор. Ҳар қайси онгли инсон жондан азиз фарзандининг бахтини, камолини ўйлаб, ҳамиша эзгу орзу-интилишлар билан яшайди, ўз зурриётининг ҳар томонлама соғлом ва баркамол бўлишини истайди”.

Шундан бўлса керак, фарзандини бекаму кўст ўстириш, уни эл-юрт корига ярайдиган инсон қилиб тарбиялаш болажон халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган эзгу фазилат ҳисобланади. Мустақиллик йилларида миллат генофондини яхшилаш, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли бу борадаги ишлар янада юқори босқичга кўтарилди.
Эртанги кунимиз эгалари саналмиш ёш авлоднинг ҳам жисмонан, ҳам маънан етук инсон бўлиб улғайиши йўлида барча шарт-шароит муҳайё қилингани шундай дейишимизга асос бўла олади. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2016 йил мамлакатимизда “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилингани, аслида, ушбу йўналишдаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳисобланади. 
Мутахассисларнинг фикрича, боланинг маънавий, руҳий ва жисмоний камолотида ўйинчоқлар ғоят муҳим аҳамиятга эга. Агар улар миллий қадриятларимиз, ўзбекона ҳаёт тарзимизга ҳар томонлама мос бўлса, нур устига аъло нур. Бугун болалар ўйинчоқлари ишлаб чиқариш соҳасида ана шу тамойиллар асосида фаолият олиб борилаётгани диққатга сазовордир.
Истиқлол йилларида саноат равнақига қаратилаётган эътибор, тадбиркорларга яратиб берилаётган қулай шарт-шароитлар натижасида ўйинчоқлар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган корхоналар сони йил сайин кўпаймоқда. Пойтахтимиздаги “Funny Toys Plast” масъулияти чекланган жамияти тизимдаги ана шундай илғор хўжалик юритувчи субъектлардан саналади.
— Бизнес фаолиятимизни савдо хизмати кўрсатишдан, яъни хориждан ўйинчоқларни олиб келиб сотишдан бошлаганмиз, — дейди мазкур жамият раҳбари Акром Музаффаров. — Бундай маҳсулотларга ички бозорда эҳтиёж юқорилиги, тадбиркорлик ҳаракатининг қўллаб-қувватланаётгани бизни уларни ўзимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга ундади. Шу тариқа 2011 йилда олти нафар киши билан ишга киришдик. Аммо биринчи маҳсулотни чиқариш осон кечмади. Бунинг учун хориж тажрибаси ўрганилиб, замонавий технологик линиялар ўрнатилди. Натижада дастлаб 4 турдаги болалар пластмасса ўйинчоқлари тайёрлаш ўзлаштирилди.
Ўтган давр ичида ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш мақсадида мавжуд цехлар хорижнинг энг сўнгги русумдаги технологик линиялари билан жиҳозланди. Бунинг эвазига қўшимча меҳнат жойлари яратилиб, корхона жамоаси сафи қарийб 30 нафар кишига етказилди. Уларнинг ғайрат-шижоати билан 80 дан ортиқ турдаги маҳсулот тайёрлашга эришдик. Болалар машиналари, йиғма ўйинчоқлар, ўйинчоқ аравачалар, ошхона анжомлари туркумидаги маҳсулотлар шулар жумласидандир.
Импорт ўрнини босувчи бу маҳсулотларнинг сифати юқори, нархи эса нисбатан арзон бўлгани боис уларга талаб тобора ошиб бораяпти. Бу корхона фаолиятини муттасил кенгайтиришни тақозо қилаётир. Шундан келиб чиқиб, қуюв цехи замонавий технологик ускуналар билан таъминлангани айни муддао бўлди.
Гап шундаки, бу ерда ўрнатилган машиналарнинг иш унумдорлиги юқори бўлиб, уларнинг ҳар бири ёрдамида бир кеча-кундузда бир тоннагача маҳсулот ишлаб чиқарилади. Бунинг самараси ўлароқ, жорий йилнинг ўтган ўн ойи давомида буюртмачиларга 215 мингдан зиёд пластмасса ўйинчоқлар етказиб берилди.
Бу ўйинчоқларнинг ҳар бири, таъбир жоиз бўлса, қулай тарбия воситаси. У мурғак гўдакларнинг дунёни англаши, сўз бойлигининг шаклланишида муҳим ўрин тутади. Айтайлик, йиғма ўйинчоқлар боланинг ақлини чархлаб, хотирасини мустаҳкамлайди. Булардан ташқари, таҳлил қилиш, таққослаш, диққатни жамлаш каби қобилиятини ривожлантиради. Чунки бундай ўйинчоқлар жамламаси 200 дан зиёд  бўлакдан иборат бўлиб, улар ёрдамида болалар мустақил равишда турли-туман шакллар ясайди. Шу аснода тасаввур ва тафаккур олами кенгайиб бораверади.
Таъкидлаш керакки, “Funny Toys Plast” ёрлиғи туширилган болалар машиналарига нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам эҳтиёж катта. Бу бежиз эмас. Сабаби, уч ва ундан катта ёшдаги жажжиларга мўлжалланган “Mеga Car”, “Super Car”, “Робот”, “Автобуюк” каби машиналар моделлари бежиримлиги, ёрқин ранги, кўркам дизайни билан ҳар қандай гўдакни ўзига жалб этади. Сифатининг юқорилиги эса янада рақобатдош бўлишини таъминлаяпти. Масалан, бу турдаги хориж маҳсулотлари 25 килограммгача юк кўтара олса, ўзимизнинг маҳсулот 35 килограммдан ортиқ вазнда ҳам енгил ҳаракатланади.
— Янги йилнинг юртимизда “Соғлом она ва бола йили” деб номланиши ўйинчоқ ишлаб чиқариш соҳаси олдига ҳам янги-янги вазифаларни қўймоқда, — дейди Акром Музаффаров. — Бинобарин, жажжи болакайнинг улғайиб, касб танлаши, келажакда қандай йўлдан бориши, ҳатто ўзининг ҳаёт тарзини қандай ахлоқий-маънавий асосларга қуриши бевосита унинг болаликда тафаккури қандай ривожлангани билан белгиланади. Шу боис болажон халқимизнинг ўйинчоқларга бўлган катта талабини ўзимизнинг маҳсулотлар билан таъминлаш устида изланишларни асло сусайтирганимиз йўқ.
Айни пайтда атак-чечак қиладиган гўдаклар учун юриш мосламаси, яъни “ходунок”лар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш арафасидамиз. Дастлаб бундай маҳсулотларнинг беш хили харидорларга тақдим этилади. Сўнгра талабдан келиб чиққан ҳолда, янги моделларини маҳаллийлаштириш кўзда тутилган.
Корхона жамоаси томонидан маҳсулот тайёрлашда бозор талаби, болажонларнинг хоҳиш-истаги ўрганилаётгани муваффақиятлар омили бўлаётир. Шу йилнинг ўн ойида ички бозорга 1 миллиард 2 миллион сўмлик, ташқи бозорга эса 106 минг АҚШ долларилик маҳсулотлар етказиб берилгани бунинг яққол далилидир.
Кўриниб турибдики, мамлакатимизда саноатимизнинг навқирон йўналиши бўлган ўйинчоқ ишлаб чиқариш соҳасини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар кутилган самараларни бермоқда. Ички бозор ўзимизнинг маҳсулотлар билан тўлдирилиб, импорт улуши тобора қисқармоқда.
Буларнинг барчаси жондек азиз дилбандларимизнинг соғлом ўсиши, теран фикрлайдиган ва зукко бўлиб улғайишига хизмат қилаётгани билан ғоятда аҳамиятлидир. Зеро, Президентимизнинг “Юксак маънавият — енгилмас куч” китобида алоҳида қайд этилганидек, “...ҳар қайси гўдак илк бор оламни ўз атрофидаги ашё ва буюмлар, жумладан, ўйинчоқлар орқали англашини инобатга оладиган бўлсак, уларнинг инсон тарбиясидаги ўрни беқиёс экани аён бўлади. Ўйинчоқлар образи боланинг мурғак тасаввурига бамисоли тошга ўйилган нақшдек муҳрланиб, унинг онгида бир умр сақланиб қолади”.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Бунёдкорлик саодати Қишлоқ аҳлига туҳфа »