Бунёдкорлик саодати
  • 16 Декабрь 2015

Бунёдкорлик саодати

...Эрта тонгдан янги ётқизилган пўлат излар бўйлаб ҳаракатланган поезд қисқа фурсатда Оҳангарон воҳасининг Чинор, Тангатопти, Четсув, Кўксарой қишлоқларини кесиб, довон сари ошиқади.

Вагон купесининг очиқ эшиги ўз-ўзидан сурилиб, ёпила бошлайди. Бунинг ажабланадиган жойи йўқ, чунки йўловчилар денгиз сатҳидан 2 минг 200 метр баландлик сари кўтарилишаётганини жуда яхши билишади.
Конституциямиз қабул қилинганининг 23 йиллиги муносабати билан жойларда ташкил этилаётган маърифий учрашувлар, самимий мулоқотлар, мамлакатимизнинг диққатга сазовор гўшаларига уюштирилаётган сайру саёҳатлар ҳар бир юртдошимиз кўнглида бир олам завқ, фахр-ифтихор уйғотмоқда, тинч ва фаровон ҳаётимиз учун шукроналик туйғуларини жўш урдираётир.
Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда ташкил этилган ана шундай тадбирлардан бири иштирокчилар ёдида умрбод сақланиб қолса, ажабмас. “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури доирасидаги тадбир вилоятнинг бир гуруҳ нуронийлари ва иқтидорли ёшлари учун Қамчиқ довони бўйлаб қурилаётган “Ангрен — Поп” электрлаштирилган темир йўл линияси билан яқиндан танишиш имконини берди.
Истиқлол йилларида мамлакатимиз темир йўл тизимида рўёбга чиқарилаётган лойиҳаларни, ҳеч иккиланмай, мустақилликнинг буюк мўъжизаларига қиёслаш мумкин. Янги қурилаётган пўлат излар хавфсиз ва равонлиги, замонавийлиги, халқаро талабларга тўла жавоб бериши, айни пайтда, салобат ва маҳобати билан ҳар қандай кишини лол қолдиради.
Айтиш жоизки, темир йўллар юртнинг қудрати ва иқтисодий салоҳиятини намоён этувчи асосий омиллар сирасига киради. Зотан, улар одамлар узоғини яқин, оғирини енгил қилишга, пировардида, мамлакат ободлиги ва  аҳоли турмуш фаровонлигига хизмат қилади.
Хусусан, айни пайтда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ва Хитойнинг “China Railway Tunnel Group” компанияси томонидан бунёд этилаётган “Ангрен — Поп” электрлаштирилган темир йўл линияси ҳақида ҳам ана шундай фикр билдириш мумкин. Евроосиё трансмиллий транспорт йўлагининг муҳим бўғини ҳисобланган, умумий узунлиги 123,1 километрни ташкил этувчи мазкур линия Ўзбекистонимизнинг бошқа вилоятларини Фарғона водийси билан боғлаб, ягона миллий темир йўл тармоғини вужудга келтиради. Қолаверса, у Чотқол ва Қурама тоғ тизмалари оралаб ўтган 19,1 километрлик тоғ туннелини ўз ичига олиши билан дунёдаги энг ноёб лойиҳалардан бири ҳисобланади.
— Икки кам саксон ёшдаман, — дейди Четсув қишлоғилик меҳнат фахрийси Азим Қаҳҳоров. — Бир пайтлар шу ерларда Оҳангарон сув омбори, йирик электр станцияси барпо этилганида ҳам, бунчалик ҳаяжонга тушмаганмиз. Мустақилликдан айланай, афсоналарни ҳақиқатга айлантириб юборди. Ота-онамиз болалигимизда “Биз тоғликлармиз, ҳов анави пурвиқор Қурама тоғлари бизнинг ғуруримиз”, деб кўп айтишар эди. Не бахтки, энди фарзандларимиз, набира ва эвараларимиз истиқлол неъматлари билан, хусусан, довон бўйлаб ўтаётган мана шундай қудратли темир карвонлар билан фахрланишади.
Янги электрлаштирилган линияда аллақачон қуриб битказилган “Кўл” бекати ва “Орзу” вокзалида ўтказилган уч авлод учрашувлари, айниқса, ҳаяжонли лаҳзаларга бой бўлди. Унда сўз олганлар мамлакатимизда мустақиллик йилларида Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган улкан қурилиш ва бунёдкорлик ишлари, шаҳар ва қишлоқларимизнинг тобора чирой очиб бораётган ҳусну жамоли ҳақида тўлқинланиб гапирар эканлар, эришаётган ютуқларимиз юртимиздаги тинчлик ва осойишталикнинг шарофатидан эканинини алоҳида таъкидладилар. Маърифий учрашувларда мамлакатимизнинг таниқли ижодкорлари, маданият ва санъат намояндалари ўз бадиий-мусиқий чиқишлари билан тоғликлар қувончига қувонч қўшишди.

Ғайрат ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn