Қатъиятли, интилувчан, ташаббускор
  • 16 Декабрь 2015

Қатъиятли, интилувчан, ташаббускор

Пойтахтимизда “Ўзбекистонда ёшлар тадбиркорлиги: ҳолати ва истиқболлари” мавзуида I республика ёш тадбиркорлар бизнес-форуми ўз ишини бошлади.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ташаббуси билан Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Адлия вазирлиги, Давлат солиқ, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмиталари, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳамкорлигида ўтказилаётган тадбирнинг очилиш маросимида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, тегишли вазирлик ҳамда идоралар вакиллари, ўз бизнесини йўлга қўйган ёшлар иштирок этди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга бўлган эътибор йилдан-йилга ортиб бормоқда. Айниқса, ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш энг устувор вазифалардан бирига айланган. Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги эзгу саъй-ҳаракатларни янги босқичга кўтарди.
Йигит-қизларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, уларнинг бизнес ғояларини қўллаб-қувватлаш ҳамда имтиёзли микрокредитлар билан таъминлашга кўмаклашиш, тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг  ҳам асосий дастурий вазифаларидан бири ҳисобланади. Ҳозирги пайтга қадар ташкилотнинг “Менинг бизнес ғоям”, “Ёш тадбиркор — юртга мададкор” каби танловлари навқирон авлоднинг иқтидор ва салоҳиятини рўёбга чиқаришга хизмат қилаётир.
—  2011 йилдан бери ўтказиб келинаётган “Менинг бизнес ғоям” танловида қарийб тўрт юз мингга яқин йигит-қизлар иштирок этди, — дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши тадбиркорлик лойиҳалари координатори Бахтиёр Мирзатов. — Улардан 1705 нафарига 12,4 млрд. сўм миқдорида кредитлар ажратилди. Эртамиз эгаларининг бизнес лойиҳалари қўллаб-қувватланиши натижасида 4218 та иш ўрни яратилди. Етти йилдан буён ўтказилаётган “Ёш тадбиркор — юртга мададкор” танловида эса кредит олишга тавсия этилган ёшлар сони 8 559 нафарга етди. Шу пайтгача уларга берилган кредитлар туфайли 17 мингга яқин  иш ўринлари вужудга келди.
Эришилган ютуқлар кўламини ошириш, уларни изчил давом эттириш, бугунги ўсиб келаётган ёшлар талабини тўла қондириш, улар учун янада қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш мақсадида мазкур соҳада фаолият юритаётган давлат ва нодавлат ташкилотлар ҳамкорлигини кучайтириш долзарбдир. Мамлакатимизда ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришнинг бугунги ҳолатини таҳлил қилиш ва истиқболларини белгилаб олишга йўналтирилган “Ўзбекистонда ёшлар тадбиркорлиги: ҳолати ва истиқболлари” ёш тадбиркорлар бизнес-форумининг ўтказилаётганлиги ҳам айни шу жиҳати билан муҳим аҳамиятга эга.
Анжуманнинг асосий мақсади — ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, бандликни таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш соҳасида фаолият олиб бораётган барча давлат ва нодавлат ташкилотлар билан ижтимоий ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш орқали республикамизда ёшларга оид давлат сиёсатини изчил рўёбга чиқаришдан иборат.
— Мазкур тадбирда 18 ёшдан 35  ёшгача бўлган ўз бизнесига эга ёшлар иштирок этмоқда, — дейди “Камолот” ЁИҲ Марказий кенгаши тадбиркорлик лойиҳалари маркази раҳбари Алишер Исломов. — Форумнинг ҳудудий босқичларида 1500 нафардан зиёд ёш тадбиркорлар ўз лойиҳа ва таклифлари билан қатнашган бўлса, мамлакат босқичида ҳар бир ҳудуддан олти нафардан йигит-қиз, бир нафар ҳудудий консультатив маркази координатори ҳамда Савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармаси масъул ходими қатнашаётир.
Бизнес-форум иши олти шуъбага бўлинган ҳолда олиб борилмоқда. Вазирлик ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда назорат органлари вакиллари, депутатлар, мутахассислар жалб қилинган шуъбаларда ёшларга тадбиркорлик фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асослари, бу борада яратилган имконият ва имтиёзлар юзасидан тушунтиришлар берилаётгани алоҳида эътиборга молик.
— Ўн йилдан буён тадбиркорлик билан шуғулланаман, — дейди тадбир қатнашчиларидан бири, фарғоналик Шаҳнозахон ўаниева. — Корхонамиз аҳолини қандолат маҳсулотлари билан таъминлашга ихтисослаштирилган бўлиб, бу ерда касб-ҳунар коллежларини тамомлаган юздан зиёд йигит-қиз меҳнат қилмоқда. Ушбу бизнес-форумда тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, бизнес-режа тузиш, инновацион ғоялар ва технологиялар асосида экспорт-импорт операцияларини ривожлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан тўланадиган солиқлар ва уларга белгиланган имтиёзлар, кредит турлари, гаров таъминоти, гаров ҳужжатларини расмийлаштириш тартиби юзасидан тегишли тавсиялар берилаётгани фаолиятимизни янада кучайтиришда муҳим ўрин тутади.
Тадбир доирасида ёшлар учун соҳа мутахассислари иштирокида учрашувлар, маҳорат дарслари, бизнес-саёҳатлар ва давра суҳбатлари ўтказилиши режалаштирилган.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn