Берлинда бўлиб ўтган тадбир Конституциямизнинг 23 йиллигига бағишланди
  • 16 Декабрь 2015

Берлинда бўлиб ўтган тадбир Конституциямизнинг 23 йиллигига бағишланди

Мамлакатимизнинг Берлиндаги элчихонасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.

Германиянинг ижтимоий-сиёсий, эксперт-таҳлил ва ишбилармон доиралари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган мазкур тадбирда мустақил ривожланиш йиллари давомида юртимизда эришилган улкан муваффақиятлар, давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга алоҳида урғу берилди.
Таъкидланганидек, бозор иқтисодиётига асосланган демократик давлат барпо қилиш, ижтимоий йўналтирилган кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш вазифаларининг адо этилишида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистоннинг серқирра муваффақиятлари, яъни иқтисодиётидаги барқарор ўсиш, аҳоли фаровонлигининг юксалиши, шунингдек, республиканинг жаҳон миқёсидаги обрў-эътибори тобора ошиб бораётгани мамлакат Асосий Қонунида ўз ифодасини топган мақсад, тамойил ва меъёрлар ҳаётга изчил татбиқ этилаётганининг натижалари ҳисобланади.
Брифингда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Мамлакатда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг мазмун-моҳияти хусусида алоҳида фикр юритилди. Қолаверса, тадбир қатнашчилари юртимизда “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан ҳам яқиндан танишдилар.
Тадбир сўнгида “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбири иштирокчиларнинг айримлари билан суҳбатлашди.
Жумладан, немис тадбиркори ва бизнес-маслаҳатчиси Томас Куква мамлакатимиз раҳбариятининг тизимли ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга ҳамда иқтисодиётни диверсификациялашга, хусусан, чет эл сармоясини фаол жалб қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади. Германиялик ишбилармон бу жараёнда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ривожи муҳим аҳамиятга эга эканлигини алоҳида қайд этар экан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳар қандай давлат иқтисодиётининг локомотиви ҳисобланишини таъкидлади.
— Шу кунларда Ўзбекистонда мамлакат Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллик байрами шукуҳи ҳукмрон, — деди у. — Бу жуда муҳим сана ҳисобланади, чунки Конституция давлатнинг сиёсий, ҳуқуқий ва иқтисодий тизимини белгилаб беради. Яна шуниси ҳам жуда муҳимки, мазкур Асосий Қонун лойиҳасининг ишлаб чиқилишида конституциявий қурилишнинг жаҳон тажрибаси чуқур ўрганилган, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг таъминланиши соҳасидаги назария ҳамда тажриба ҳисобга олинган. Фурсатдан фойдаланган ҳолда, Ўзбекистон халқини ушбу қутлуғ айём билан чин дилдан муборакбод этаман.  
Брифинг қатнашчиси, фаол жамоатчи Теодор Сабарини ҳам мустақиллик йилларида мамлакатимиз ҳаётининг турли соҳаларида эришилган ютуқлар катта салмоққа эга эканлигини билдирди.
— Тинчлик ва барқарорлик, миллатлараро ва динлараро ҳамжиҳатликнинг мавжудлиги Ўзбекистоннинг энг катта муваффақиятидир, — деди у. — Бунда мамлакат Конституцияси беқиёс ўрин тутишига шубҳа йўқ. Чунки демократия ва инсон ҳуқуқларига ҳурмат, фуқаролар манфаатлари ҳимоя қилинишининг асосий тамойиллари ушбу муҳим ҳужжатда муҳрлаб қўйилган.

«Жаҳон» АА.
Берлин

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn