Энг яхши педагоглар эътироф этилди
  • 16 Декабрь 2015

Энг яхши педагоглар эътироф этилди

“Туркистон” саройида “Олий таълим муассасасининг энг яхши педагоги” республика кўрик-танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда уюштирган мазкур тадбирда тегишли вазирлик ҳамда ташкилотлар мутасаддилари, олий таълим муассасалари раҳбарлари, педагоглар, ёшлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Мамлакатимизда баркамол авлод тарбияси йўлида фидойилик кўрсатаётган педагоглар меҳнатини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани, жумладан, уларнинг самарали фаолият юритиши учун барча имконият яратиб берилаётгани тадбирда алоҳида таъкидланди.Бинобарин, истиқлолимизнинг илк йилларидаёқ “Таълим тўғрисида”ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг қабул қилингани таълим-тарбия соҳасини бугунги кун талаблари даражасида шакллантириш имконини яратди. Хусусан, республикамизнинг барча ҳудудида замонавий таълим муассасалари барпо этилиб, уларнинг моддий-техника базаси изчил такомиллаштирилиб борилаётир. Ана шундай масканларда пухта билим олган ёшларимиз Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишаяпти. Эртамиз эгаларининг интилиши, шижоати, интеллектуал салоҳиятига эндиликда дунё ҳамжамияти ҳавас билан қараётгани, албатта, ҳар биримизни чексиз ғурурлантиради.
Албатта, таълимдаги ислоҳотлар педагог кадрлар салоҳиятини мунтазам ошириб бориш, уларнинг ўз устида тинимсиз ишлашини таъминлаш, тажрибасини бойитишни тақозо этади. Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 12 июндаги “Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борада муҳим аҳамиятга эга.
“Олий таълим муассасасининг энг яхши педагоги” танлови ҳам ўқитувчи ҳамда мураббийлар меҳнатини рағбатлантиришга қаратилган. Унинг республика босқичида мингдан зиёд педагог қатнашди.
— Давлатимиз томонидан бизга кўрсатилаётган юксак ғамхўрликдан беҳад миннатдормиз, — дейди танлов ғолибаси, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети профессори Муҳаббат Қурбонова. — Ушбу кўрикда фаолиятим эътироф этилгани зиммамга катта масъулият юклайди. Бундан кейин ҳам ўз устимда янада кўпроқ ишлаб, изланиб, баркамол авлод тарбиясига муносиб ҳисса қўшиш ниятидаман.
Танловда 23 йўналиш бўйича 59 педагог ғолиб ва совриндор бўлди. Уларнинг билим ҳамда маҳорати “Мутахассислиги бўйича энг яхши педагог”, “Энг яхши педагог тадқиқотчи”, “Инновация ва ахборот технологияларини қўллайдиган энг яхши педагог” каби номинациялар бўйича аниқланди. Fолиблар ташкилотчилар томонидан рағбатлантирилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б. Ҳодиев сўзга чиқди.

Дилмурод СОДИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn