Халқаро ҳамжамият: «Ўзбекистон Конституцияси — изчил ривожланишнинг ҳуқуқий асосидир»
  • 13 Декабрь 2015

Халқаро ҳамжамият: «Ўзбекистон Конституцияси — изчил ривожланишнинг ҳуқуқий асосидир»

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллиги байрами кенг нишонланаётган шу кунларда хорижий мамлакатлар давлат арбоблари, илмий-академик ва ишбилармон доираларининг вакиллари “Жаҳон” ахборот агентлигига берган интервьюларида давлатимиз ҳамда жамиятимиз ҳаётининг барча соҳасида юз берган туб янгиланишларда мамлакатимиз Асосий Қонунининг тутган ўрни ва аҳамияти ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини баён этдилар.

Сергей ЛЕБЕДЕВ,
МДҲ ижроия қўмитасининг раиси — Ижрочи котиби:
— Ўзбекистон Конституцияси давлат ва халқнинг юксак манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, тинчлик, хавфсизлик ҳамда фаровонлик йўлида мамлакатнинг узоқ муддатга мўлжалланган тараққиёт йўналишини аниқ-равшан белгилаб берди.
Бу жараёнда 2010 йили Президент Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Мамлакатда демократикислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичини бошлаб бергани ҳолда, Конституциянинг асосий меъёрларини амалга ошириш доирасидаги демократик ўзгаришларнинг мантиқий бардавомлиги стратегиясини ҳам белгилади.
Концепцияда ўз аксини топган қонунчилик ташаббуслари асосида киритилган ўзгартишлар конституциявий ҳокимият тармоқлари ҳамда унинг асосий субъектлари — Президент, парламент, ҳукумат ва суд органлари ўртасида ваколатлар бўлинишини янада ривожлантириш ҳамда ҳаётга татбиқ этиш имконини таъминлади.
Бу давлат ҳокимияти тизимида Олий Мажлиснинг ўрни ва аҳамиятини оширди, давлатнинг ички ҳамда ташқи сиёсатини шакллантиришда олий қонунчилик органининг позицияси ва имкониятларини кучайтирди. Қонунчилик палатасида энг кўп депутатлик ўрнини эгаллаган сиёсий партиялардан мамлакат Бош вазири лавозимига номзод кўрсатиш сингари муҳим институтлар жорий қилинди. Конституцияда мустаҳкамланган парламентнинг ҳукуматга ишончсизлик вотумини билдириш ҳуқуқи ҳамда бошқа қатор меъёрлар ҳокимият барча тармоғининг тенг ҳуқуқлилиги ва мувозанатини таъминлади.

Валериус СИМУЛИК,
Литва Республикаси Сейми депутати:
— Биз юртингизда инсон ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини таъминлаш бўйича кўрилаётган кенг қамровли чора-тадбирларни юқори баҳолаймиз. Уларнинг натижалари аллақачон аҳоли фаровонлиги ва турмуши сифатининг сезиларли даражада юксалишига, мамлакатнинг халқаро обрў-эътибори ошишига олиб келди. Шубҳа йўқки, Ўзбекистон Конституцияси мазкур вазифаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши учун асос бўлиб хизмат қилмоқдаки, унда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, ор-номуси ҳамда қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгиланган. Шу билан бирга, ҳуқуқий демократик давлат барпо этишга содиқлик ҳам муҳрлаб қўйилгани жаҳон ҳамжамияти томонидан юқори баҳоланаяпти.
Литва Сейми ва Марказий сайлов комиссиясининг вакиллари 2014 йилнинг декабрида ҳамда жорий йилнинг март ойида Ўзбекистонда барча халқаро андозаларга мувофиқ равишда бўлиб ўтган парламент ва Президент сайловлари чоғида кузатувчи сифатида қатнашиб, янги киритилган конституциявий меъёрларнинг амалий жиҳатдан ҳаётга татбиқ этилаётганини ўз кўзлари билан кўриб, ишонч ҳосил қилдилар.
Парламентнинг янги таркиби шаклланиши якунлари бўйича биз қатор ижобий ўзгаришларни кўраётирмизки, улар парламентнинг янги шароитлардаги фаолиятини акс эттиради. Фракциялар ўртасида соғлом рақобат кучайгани, қабул қилинаётган қонунлар моҳияти бўйича мунозараларнинг ўтказилиши, давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари раҳбарларининг ҳисоботлари, шу жумладан, қонунчилик ҳужжатлари талабларининг ижроси юзасидан ҳисоботларнинг мунтазам тингланиши ва депутатлик сўровларига батафсил жавоблар олинишининг ташкил этилгани ана шулар жумласига киради.

Филипп Де КОЭН,
Кортрейк шаҳар мэрининг ўринбосари (Бельгия):
— Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида оила тўғрисидаги алоҳида бўлимнинг, шунингдек, оналик ҳамда болалик муҳофазасига бағишланган меъёрларнинг муҳрлаб қўйилгани эътиборга моликдир. Чунки бу давлат сиёсатининг ижтимоий йўналтирилганини акс эттиради.
Оналик ва болалик муҳофазаси, аҳолининг ижтимоий ҳимояси, оилавий қадриятларни асраш масалалари тараққиётнинг “ўзбек модели” асосида ўзининг ифодасини топган. Натижада аҳоли фаровонлиги, турмушининг сифати, шунингдек, фуқаролар саломатлигининг кўрсаткичлари ошмоқда. 2015 йилнинг “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилингани ўз фарзандларини кексаларга ҳурмат руҳида тарбиялайдиган ўзбек халқидаги энг яхши сифатларнинг ёрқин намоёнидир. Бу борадаги Давлат дастури доирасида кекса ёшдаги одамларни ижтимоий жиҳатдан манзилли ҳимоялаш ҳамда қўллаб-қувватлашни кучайтириш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирларни юксак баҳолаймиз.

Жан-Антуан ДЮПРА,
Сорбонна Париж IV университетининг Шаҳарсозлик ва тараққиёт институти директори ўринбосари (Франция):
— Мамлакат Асосий Қонуни меъёрларининг ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани республика иқтисодий тараққиётига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатмоқда. Ўтган давр мобайнида миллий иқтисодиёт 5,5 баробардан кўпроқ ўсгани, аҳолининг реал даромадлари жон бошига ҳисоблаганда, қарийб 9 карра ошгани кишини фахрлантирмай қўймайди. Энг муҳими, кейинги ўн бир йил давомида глобал иқтисодий инқироз давом этишига қарамай, ялпи ички маҳсулот ўсиши суръатлари ҳар йили 8 фоиздан зиёдни ташкил этаётир. Булар, том маънода, дунё миқёсида кам учрайдиган кўрсаткичлардан ҳисобланади.
Ижтимоий соҳани ривожлантириш давлатингиз сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Ишончим комилки, Конституциянинг мустаҳкам асосига таянган ҳолда, мамлакатингиз янада тараққий топиш, фаровонлик ва юксалиш учун мавжуд салоҳиятлардан самарали фойдаланишда давом этади.

КИМ Чанг Жонг,
Корея Республикаси Конституциявий суди раиси:
— Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида инсон ҳақ-ҳуқуқ ва эркинликлари кафолати, қонун устуворлиги ҳамда ҳокимият бўлиниши сингари универсал демократик қадриятлар муҳрлаб қўйилган. Асосий Қонундан келиб чиқилган ҳолда, мамлакатда фуқаролар ҳуқуқларининг муҳофазасини, кучли фуқаролик жамиятини ҳамда ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини шакллантиришни, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожини таъминлайдиган самарали ҳуқуқий пойдевор яратилган.
Шу билан бирга, мамлакатда тинчлик ҳамда барқарорлик муҳити, миллатлараро ва динлараро ҳамжиҳатликнинг сақланиши ҳамда мустаҳкамланиши мустақиллик йилларида республика эришган энг муҳим муваффақиятлардан бири ҳисобланади. Ўзбекистон Асосий Қонунида муҳрланган меъёр ва тамойилларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани туфайли мамлакатда истиқомат қиладиган 130 миллат ва элатлар, 16 диний конфессия вакилларининг ҳақ-ҳуқуқлари тўла таъминланмоқда. Улар эмин-эркин таълим олишаяпти, касбларни ўзлаштиришаётир, ижодий фаолият билан шуғулланишмоқда ҳамда ўз саломатликларини мустаҳкамлашаяпти. Энг муҳими, уларнинг анъана ва қадриятларига нисбатан эҳтиром намоён бўлаётир.

Кёко НАКАЯМА,
Келгуси авлод партияси етакчиси, Япония парламенти маслаҳатчилар палатасининг депутати:
— Мамлакатингиз шитоб билан ўзгариб бораётганини кўриб, беҳад қувонаман. Конституцияда ўз ифодасини топган меъёрлар асосида Ўзбекистонда ҳуқуқий демократик давлат асосларини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқ ҳамда эркинликлари ҳимоясини кучайтириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Республикада иқтисодий ўсишнинг юқори суръатлари таъминланаяпти, транспорт-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси такомиллашаётир, фуқароларнинг фаровонлиги тобора ошиб бормоқда. Барча йўналишда эришилган улкан муваффақиятлар боис Ўзбекистон халқаро муносабатлар тизимида мустаҳкам ўрин эгаллагани ҳолда, глобал ҳамда минтақавий аҳамиятга молик масалаларнинг ҳал этилишида муҳим ўрин тутмоқда.

Ван ЧЖИЦЗЯН,
Янчжоу шаҳар мэрининг ўринбосари (Хитой):
— Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий соҳадаги муваффақиятларини Хитойда яхши билишади. Республиканинг 1992 йили қабул қилинган Конституцияси ўзида ривожланишнинг демократик тамойилларини жамлаган. У ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти қурилишининг пойдевори бўлиб қолди.
Шуниси қувонарлики, мамлакат Асосий Қонунининг мазмуни давр талабларини ҳисобга олган ҳолда изчил такомиллаштирилиб борилмоқда. Бунда беш йил муқаддам Президент Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Мамлакатда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси дастуриламал бўлиб хизмат қилди. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, Конституцияга киритилган ўзгартиш ҳамда қўшимчалар ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари Ўзбекистонда бошқарувнинг демократик тизимини янада такомиллаштириш имконини берди. Мамлакатда бу борада эришилган ижобий натижалар бугунги кунда бутун жаҳонда эътироф этилмоқда ва ўрганилмоқда.
2014 — 2015 йилларда бўлиб ўтган парламент ва Президент сайловлари мамлакатда бу борада эришилган муваффақиятларнинг яққол тасдиғи бўлди. Улар мамлакатда рўй бераётган ўзгаришларнинг бориши ҳамда уларнинг натижаларини қўллаб-қувватлайдиган республика фуқароларининг сиёсий дунёқараши даражаси ўсиб бораётганини рўй-рост кўрсатди.

Ильгар ВАЛИЗОДА,
“Янгиликлар” халқаро матбуот маркази директори, Озарбайжон сиёсатшунослар клуби раҳбари:
— Ўзбекистоннинг Асосий Қонуни миллий давлатчиликни ривожлантириш, мамлакатнинг изчил ижтимоий-иқтисодий тараққий топиши учун зарур сиёсий-ҳуқуқий заминни яратди. Конституция меъёрлари ўзбек халқининг улкан салоҳиятини ҳаётга татбиқ этиш учун кенг имкониятларни беради.
Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётида маҳалла институтининг ролини оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб институти бўлган маҳалла қарор қабул қилиниши жараёнига аҳолининг кенг қатламлари жалб этилишига кўмаклашмоқда.
Республика суверен ривожланиш йиллари мобайнида халқаро майдонда ўз манфаатларини ҳимоя этишга қодир эканлигини ҳамда бошқа давлатлар манфаатларига ҳурмат билан қарашини бутун дунёга намоён қилди.

«Жаҳон» АА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn