Инсон манфаатлари кафолати
  • 13 Декабрь 2015

Инсон манфаатлари кафолати

Пойтахтимизда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда давлат органлари ҳамда фуқаролик институтларининг ўзаро ҳамкорлиги масалаларига бағишланган илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ томонидан ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ҳамкорлигида ташкиллаштирилган мазкур тадбирда депутатлар, сенаторлар, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари, вазирлик, идоралар мутахассислари, олимлар, олий таълим муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда инсон манфаатлари устуворлиги узоқни кўзлаб олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар стратегиясининг туб негизидир. Демократия умуминсоний принципларга асосланиши, уларга кўра, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши Асосий Қонунимизда ўз ифодасини топган. Бинобарин, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бизнинг Конституциямиз, эски совет конституциясидан фарқли ўлароқ, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг манфаатлари давлат манфаатларидан устун эканини муҳрлаб қўйиш орқали одамлар учун муносиб ҳаёт шароитини яратишни ўзининг муҳим мақсади қилиб белгилади, ижтимоий адолат принципларини қонунчилик фаолиятимиз барча йўналишининг асоси, деб эълон қилди.
Дарҳақиқат, мамлакатимиз Конституцияси ҳамда қонунлари фуқароларнинг ижтимоий, сиёсий, социал-иқтисодий, маданий ва гуманитар ҳуқуқлари, эркинлиги ҳамда манфаатлари ҳимоясини кафолатламоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистон мустақиллик йилларида инсон ҳуқуқлари бўйича етмишдан ортиқ халқаро ҳужжатга қўшилди, бу соҳада зарур ташкилий-ҳуқуқий шароит ва кафолатларни яратиш мажбуриятини ўз зиммасига олди. Айни мақсадда мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг миллий тизимини шакллантириш ҳамда ривожлантиришга доир изчил ишлар амалга оширилди. Мазкур тизим инсон ҳуқуқлари бўйича асосий халқаро норма ва стандартларни миллий қонунчилигимиз ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётига босқичма-босқич имплементация қилиш бўйича ўз моделимизга асосланган.
Юртимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида шакллантирилган миллий институтлар тизимида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг алоҳида ўрни бор. Жамиятимизда ижтимоий шериклик асосида фуқаролик жамияти институтларининг давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлиги мустаҳкамлангани инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, жумладан, Омбудсман фаолияти ривожига ҳам замин яратди. Давлат ҳокимияти
ва бошқаруви органлари мансабдор шахсларининг, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмаларнинг фуқаролар ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасидаги ҳуқуқни қўллаш фаолияти устидан парламент назорати кучайтирилгани Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил фаолияти самарадорлигининг ошишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Анжуман қатнашчиларининг фикрича, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ амалиётга татбиқ этилган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонунлар давлат ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорлигини янада кучайтиришга хизмат қилмоқда. Жумладан, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролар йиғинлари билан шерикликда самарали иш олиб бораётир.
Тадбирда шулар хусусида атрофлича сўз юритилиб, Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий институтлари фаолиятини янада такомиллаштиришга оид масалалар муҳокама этилди. Фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини кафолатлаш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, қонунийлик ҳамда ижтимоий адолат тамойиллари устуворлигини таъминлашда Омбудсман институтининг, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказнинг ўрни ва ролини ошириш юзасидан таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилди.

Фарида МАҲКАМОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn