Ёшлар тарбияси ва масъулият
  • 13 Декабрь 2015

Ёшлар тарбияси ва масъулият

“Туркистон” саройида “Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси” республика кўрик-танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Республика Маънавият тарғибот маркази томонидан турли давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ҳамда идоралар, ижодий ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, хотин-қизлар қўмиталари фаоллари, ўқитувчилар, ёшлар таклиф қилинди.
Эътироф этилганидек, ёшларни замонавий билим ҳамда тафаккурга эга, юксак маънавиятли инсонлар этиб тарбиялаш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар ижобий самара бермоқда. Бу, айниқса, маънавий-маърифий соҳалардаги янгиланишларда кўзга яққол ташланаётир. Таълим тизимига “Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари” ўқув фани ҳамда “Маънавият соатлари” жорий этилгани эртамиз эгаларининг жамиятимизда рўй бераётган улкан ижобий ўзгаришлардан хабардорлигини ошириш, юрт тақдирига дахлдорлик туйғусини кучайтириш, уларни соғлом ва мустақил фикрли шахслар этиб вояга етказишда алоҳида аҳамият касб этаяпти.
Танлов Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Республика Байналмилал маданият маркази, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси, “Ўзбектеатр” ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси билан ҳамкорликда уюштирилди.
Кўрикнинг бу йилги республика босқичида 16 нафар ғолиб халқимиз бой ўтмиши, бугунги ижтимоий жараёнлар, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш, уларни иш жараёнига унумли татбиқ эта олиши, хорижий тилларни билиши, ёшлар аудиторияси билан ишлаш маҳорати ҳамда “оммавий маданият”нинг зарарли таъсиридан ҳимоялай олишга доир иш услубларини намойиш этди.
— Ёшлар тарбияси, уларнинг камоли учун ҳар биримиз масъулмиз, — дейди танловнинг “Ўзбектеатр” ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси тизими ғолиби, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Тоҳир Саидов. — Негаки, бугунги глобаллашув даврида турли ахборот хуружларига нисбатан ёшларда маънавий иммунитетни шакллантиришда барчанинг, жумладан, биз, санъат ва маданият вакилларининг зиммамизга катта масъулият юклатилган. Жойлардаги учрашувларда, саҳнада ижро этаётган ролларимизда ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратишимиз зарур.
Тадбирда “Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси” республика кўрик-танловининг турли йўналишлар бўйича ғолибларига совринлар топширилди.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn