Анъанавий ярмарка
  • 11 Декабрь 2015

Анъанавий ярмарка

Андижон шаҳрида анъанавий қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярамаркалари иш бошлади. Вилоят марказидаги 14 та маҳалла ва даҳада очилган савдо нуқталарида она замин неъматлари арзонлаштирилган нархларда аҳолига таклиф этилмоқда.

Янги йил байрамини муносиб кутиб олиш мақсадида йўлга қўйилган мазкур эзгу ташаббус орқали фермер ва деҳқон хўжаликлари, агрофирмалар, тадбиркорлик субъектларининг энг сара маҳсулотларини эл дастурхонига тортиқ қилиш кўзда тутилган. 
Расталардан гўшт, балиқ, асал, тухум, мева-сабзавот сингари 50 дан зиёд турдаги кундалик эҳтиёж моллари ўрин олган.
— Бундай байрамолди ярмаркаларида уч йилдан буён иштирок этамиз, — дейди “Қўрғонтепа чорва озуқа бирлашмаси” масъулияти чекланган жамияти ходими Носиржон Нишонхўжаев. — Ҳозир шаҳар аҳли ва меҳмонларига кунига 300 килограммгача гўшт етказиб бераяпмиз. Харидорлар хизматимиздан мамнун эканликларини билдиришаяпти. Бу жуда муҳим.
— Сифати юқори, нархи эса бозордагидан арзон сархил неъматларни пластик карточкага ҳам харид қилиш имконияти мавжудлиги айни муддао, — дейди пенсионер Абдуҳалим Юнусов. — Ташкилотчиларга раҳмат. Байрамона безатилган расталарнинг  аҳоли учун қулай ерларга жойлаштирилгани диққатга сазовор. Набираларим билан бу ерга яна келмоқчиман.
Эътиборли жиҳати, бу каби савдо ярмаркалари вилоятнинг бошқа туман ва шаҳарларида ҳам иш юритмоқда.

Саидаҳмад ШУКУРОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn