Ижтимоий ҳимоя ва жамият
  • 11 Декабрь 2015

Ижтимоий ҳимоя ва жамият

Пойтахтимизда “Алоҳида эҳтиёжга эга болаларнинг ижтимоий ҳимояси ва жамиятга уйғунлашуви” мавзуида халқаро форум бўлиб ўтди.

“Sen yolg‘iz emassan” республика жамоатчилик болалар жамғармаси ҳамда Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, Маданият ва спорт ишлари, Молия вазирликлари, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, БМТ Болалар жамғармаси — ЮНИСЕФнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирда парламент аъзолари, турли вазирлик ҳамда идоралар, халқаро ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, хорижлик мутахассислар, экспертлар, олимлар, педагоглар, шифокорлар қатнашди.
Анжуманда сўзга чиққанлар истиқлол йилларида юртимизда Президентимиз раҳнамолигида маънавий етук, жисмонан соғлом, юксак интеллектуал салоҳиятли, мустақил фикрлайдиган, замонавий билимларга эга, яъни баркамол авлодни тарбиялашга катта эътибор қаратилаётганини таъкидладилар. Бундай ғамхўрликдан алоҳида эҳтиёжли болалар ҳам бирдек баҳраманд бўлмоқда. Жумладан, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимоя қилиш, жамиятда ўз ўрнини топиши учун кўмаклашиш борасида ибратли ишлар амалга оширилаяпти.
Мамлакатимизда рўёбга чиқарилаётган “Соғлом она — соғлом бола” дастури ижросини таъминлаш мақсадида ҳудудларда замонавий тиббиёт муассасалари тармоғи, шу жумладан, республика ихтисослаштирилган педиатрия, акушерлик ва гинекология илмий-амалий марказлари, перинатал ҳамда скрининг марказлари, туғуруқхона мажмуалари, ҳудудий кўп тармоқли болалар тиббиёт марказлари ташкил этилди. Булар аҳолининг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтирди.
Ўз навбатида, Меҳрибонлик уйлари, ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ва мактабгача тарбия муассасаларининг моддий-техника базаси ҳам мустаҳкамлаб борилаётир.
Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 1 августдаги “2014 — 2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарори бу борадаги саъй-ҳаракатларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим дастуриламал вазифасини ўтамоқда.
Халқаро форумда юртимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, алоҳида эҳтиёжли болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бу борадаги қонуний асосларни янада такомиллаштириш ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби қатор масалалар муҳокама этилди.
— “Sen yolg‘iz emassan” республика жамоатчилик болалар жамғармаси ва Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда эҳтиёжманд оилалар фарзандлари, мураккаб тақдирли болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, жамиятга интеграциялашувига ёрдамлашиш борасида изчил ишларни амалга оширмоқда, — дейди “Sen yolg‘iz emassan” республика жамоатчилик болалар жамғармаси масъул ходими Д. Собирова. — Кам таъминланган оилалар фарзандлари, алоҳида эҳтиёжли болалар юртимиз ва хориждаги клиникаларда даволанаётир. Туғма хаста болалар учун коррекцион-даволаш курслари, тиббий кўриклар ўтказилиб, ота-оналарга ижтимоий, ҳуқуқий, маънавий кўмак берилмоқда. Мазкур Форум бу борадаги эзгу ташаббуслар кўламини янада кенгайтириш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Халқаро тадбир якунида ҳар бир болани ижтимоий ҳимоялаш, таълим, маданият ва спорт соҳасига унинг имкониятлари ҳамда алоҳида эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда уйғунлашуви самарадорлигини ошириш, алоҳида эҳтиёжли болаларни келгусида жамиятда тўлақонли мустақил турмуш кечиришлари учун касбга йўналтириш ва меҳнатга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Оила бахти Анъанавий ярмарка »