Оила бахти
  • 11 Декабрь 2015

Оила бахти

Президентимиз Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасини “ойнаи жаҳон” орқали катта қизиқиш билан тингладик.

Ундаги сўзлар бир педагог, қолаверса, аёл сифатида юрагимдан чуқур жой олди. Айниқса, оналик бахти, хотин-қизларга эҳтиром кўрсатиш ҳақидаги фикр-мулоҳазалар мени тўлқинлантириб юборди. Давлатимиз раҳбари таклифи билан 2016 йилнинг мамлакатимизда “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилиниши замирида ҳам теран маъно мужассам.
Сир эмас, соғлом онадан соғлом фарзанд туғилади. Бундай ўғил-қизлар нафақат оила, балки жамиятнинг бебаҳо бойлигидир. Шу боис болажон халқимиз орасида оналарни асраб-авайлаш, ҳурматини жойига қўйиш миллий қадрият даражасига кўтарилган. Бошқача айтганда, Юртбошимиз таъкидлаганидек, болага эътибор бўлажак онага эътибор қаратишдан бошланиши керак. Чунки ҳар биримиз фарзандларимиз иқболу камолини кўриб яшашни истаймиз. Қолаверса, оиланинг бахти фарзандларнинг саломатлигидадир.
Ўн бир йилдирки, коллежда ёшларга меҳмонхона сервиси, ошпазлик, хизмат кўрсатиш технологияси каби йўналишларда сабоқ бериб келаяпман. Ўқувчиларимиз орасида қизлар кўпчиликни ташкил қилади. Шогирдларимнинг бир неча хорижий тилларда эркин сўзлашиши, пазандалик сирларини қунт билан ўрганишини кўриб, қувонаман. Германия ва бошқа бир қатор давлатларда малака ошириб қайтганим учун яхши биламан: бугун ёшларимиз, жумладан, қизларимиз ҳеч кимдан кам эмас, кам бўлмайдилар ҳам!
Юртбошимиз ўз маърузасида оилаларда соғлом муҳитни мустаҳкамлаш масаласига ҳам алоҳида тўхталдилар. Дарҳақиқат, хонадонлардаги тотувлик, қўни-қўшнилар ўртасидаги меҳр-оқибат, аҳиллик юртимиздаги тинчлик-осойишталикнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилади. Қайси касб эгаси бўлишимиздан қатъи назар, бу ҳаётий ҳақиқатни ҳеч биримиз унутмаслигимиз лозим. Токи, Соғлом она ва бола йилида ҳам ҳар бир кунимиз шукуҳли, мазмунли, эсда қоларли кечсин!

Гулбаҳор РАҲИМОВА,
Бухоро туризм коллежи махсус фан ўқитувчиси,
«Меҳнат шуҳрати» ордени соҳибаси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn