Фидокорона меҳнат эътирофи
  • 06 Декабрь 2015

Фидокорона меҳнат эътирофи

Президентимиз Ислом Каримов фармонларига мувофиқ ҳар йили энг улуғ, энг азиз айём — Мустақиллик байрами арафасида ижтимоий-иқтисодий соҳа, ҳуқуқ-тартибот идораларида узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб келаётган юртдошларимизни Ватанимизнинг юксак унвонлари,  орден ва медаллари билан тақдирлаш яхши анъанага айланган.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллиги нишонланаётган шу кунларда ушбу мукофотлар ўз эгаларига тантанали равишда топширилмоқда.
Тошкент шаҳар ҳокимлигида бўлиб ўтган тадбирга турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари, кенг жамоатчилик, маҳалла, хотин-қизлар қўмиталари фаоллари таклиф этилди. 
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотлар Ватанимизнинг жаҳонда муносиб ўрин эгаллаётганида, турли соҳаларда улкан ютуқлар қўлга киритилаётганида, халқимиз фаровонлиги муттасил юксалаётганида, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишда асосий омил бўлаётир. Бу Тошкент шаҳрининг ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий ҳаётида ҳам ўз ифодасини топмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Тошкент шаҳри кундан-кун чирой очмоқда. Себзор кўчаси бўйлаб Абдулла Қодирий кўчаси устидан ўтадиган янги кўприк барпо этилгани шаҳар аҳли, пойтахтимиз меҳмонлари учун улкан туҳфа бўлди. Йўловчилар ҳамда транспорт қатнови учун қулайлик яратган ушбу иншоот шаҳарга буткул янгича қиёфа, кўрк бахш этди.
Пойтахтимизнинг Эски шаҳар қисми таниб бўлмас даражада ўзгариб, шаҳарнинг турли ҳудудларини ўзаро боғловчи янги кўчалар барпо этилмоқда. Нурафшон кўчасининг қурилиши аҳоли учун катта қулайлик яратиш билан бирга, Эски шаҳарни замонавий масканга айлантириш борасидаги ишларга кенг йўл очди. Олмазор туманида энг замонавий архитектура ва муҳандислик талабларига тўла жавоб берувчи кўп қаватли тураржой бинолари қад ростлади.
Янги кўча ва хиёбонлар, маҳалла гузарлари, ижтимоий объектлар, тиббиёт масканлари, маданият ва аҳоли дам олиш марказлари, қайта реконструкция қилинган маданият ва истироҳат боғлари жонажон пойтахтимиз жамолини янада безаб турибди.   
Тадбирда мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш ва ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишдаги катта хизматлари, кўп йиллик самарали меҳнати билан саноат, транспорт, алоқа ҳамда қурилиш соҳаларини ривожлантиришга қўшган салмоқли ҳиссаси, ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун бир гуруҳ юртдошларимизга юксак мукофотлар тантанали тарзда топширилди.
— Осмони мусаффо, тинч ва осуда ҳаёт, халқи ҳамиша аҳил ва ҳамжиҳат юрт фарзанди эканимдан беҳад фахрланаман, — дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, Тошкент педагогика коллежи махсус фан ўқитувчиси Дилбар Каримова. — Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ўтган давр мобайнида юртимизда илгари ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган улкан ютуқ ва марраларга эришилди. Бу истиқлол шарофати, халқимизнинг самарали меҳнати туфайлидир. Бугунги мураккаб даврда тинч-осойишта ҳаётимизни, мустақиллигимизни, фарзандларимизнинг онгу тафаккурини асраш, доим ҳушёр ва огоҳ бўлиш бизнинг чин инсонийлик бурчимиздир.
Мукофотларни Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. Мирзиёев топширди.

* * *
Халқимиз маънавиятини юксалтириш, миллий анъаналаримиз бардавомлигини таъминлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг онгу шуурини ҳаёт тарзимизга ёт ғоялар таъсиридан ҳимоялаш Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида маънавий-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мазмун-моҳиятини ташкил этади.
Ана шу эзгу мақсадда маданият, маънавият, адабиёт, санъат ва илм-фан, соғлиқни сақлаш соҳаларини ҳар жиҳатдан ривожлантириш, соҳа ходимлари меҳнатини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбек Миллий академик драма театрида бўлиб ўтган тадбирга ёзувчи ва шоирлар, драматурглар, олимлар, режиссёрлар, актёрлар, мусаввирлар, санъаткорлар, журналистлар, спортчилар, мураббийлар, ноширлар, жамоатчилик вакиллари таклиф этилди.
Тантанали тадбирда миллий маданият ва санъат, оммавий ахборот воситалари ривожи давлатимизнинг доимий эътиборида экани, соҳа ходимларини моддий ва маънавий рағбатлантириб бориш анъанага айлангани алоҳида таъкидланди.
— Давлатимиз раҳбарининг доимий ғамхўрлигини фаолиятимиз, кундалик ижодимизда ҳис этиб яшаймиз, — дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Ўзбектелефильм” студияси саҳналаштирувчи режиссёри Замира Бегимқулова. — Бу биз, санъат аҳлини мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги йўлидаги масъулиятни доимо ҳис этишга, янада фидойилик билан меҳнат қилишга даъват этади.
— Мамлакатимиздаги тинч-осойишта, ижтимоий барқарор муҳит барча соҳа қатори миллий журналистикани ҳам жадал ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда, — дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси бўлим мудири Аҳмад Отабоев. — Юртимизда кечаётган ислоҳотлар моҳияти ва аҳамиятини халқимизга етказиш, ватандошларимизда юрт тақдири, унинг келажаги учун дахлдорлик туйғусини кучайтириш, ёш авлодни буюк аждодларимизга муносиб ворислар этиб камолга етказиш, уларни турли мафкуравий таҳдидлардан ишончли ҳимоялаш зиммамиздаги масъулиятли вазифадир.
Тантанали тадбирларда сўзга чиққанлар кўрсатаётган улкан эътибори учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.
Мукофотларни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х. Султонов топширди.
Бундай тантанали тадбирлар Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар, вазирлик ва идораларда бўлиб ўтди.

ЎзА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn