Саломатлик посбонларига эҳтиром
  • 06 Декабрь 2015

Саломатлик посбонларига эҳтиром

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигида Асосий Қонунимиз қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишлаб ўтказилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, олий ўқув юртлари олимлари, шифокорлар иштирок этди.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири А. Алимов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ этишга йўналтирилган  ислоҳотлар аҳолининг малакали тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш, халқимизнинг саломатлик даражасини мустаҳкамлашда ўзининг юксак самараларини бераётганини таъкидлади.
Тиббиёт тизимини ислоҳ этишга йўналтирилган давлат дастурларида белгиланган вазифалар ҳаётга татбиқ этилиши натижасида мамлакатимизда соғлиқни сақлашнинг жаҳон стандартларига мос тизими яратилди. Бунинг натижасида нафақат шаҳарларда, балки чекка қишлоқларда ҳам аҳолига малакали тиббий ёрдам кўрсатишга эришилмоқда.
“Соғлом она — соғлом бола” миллий модели оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, саломатликка салбий таъсир кўрсатаётган муаммоларнинг олдини олиш, соғлом авлодни вояга етказиш имконини бермоқда.
Ҳар йили Мустақиллик байрами арафасида давлатимиз раҳбарининг фармонларига мувофиқ эл саломатлиги йўлида фидокорона меҳнат қилаётган бир гуруҳ юртдошларимиз Ватанимизнинг юксак орден ва медаллари билан тақдирланмоқда. Тадбирда жорий йилда тақдирланган тиббиёт ходимларига давлатимизнинг юксак мукофотлари тантанали равишда топширилди.
— Инсон учун ҳалол меҳнатининг мевасини кўриш, жамиятда эъзоз-эътибор топишдан ортиқ бахт йўқ, — дейди “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳибаси, Республика скрининг маркази директори Мадина Шарипова. — Ана шундай бахтиёр инсонлар сафида эканимдан ғоят мамнунман. Мамлакатимизда жамиятнинг барча соҳасини модернизация қилишга қаратилган ислоҳотлар, ҳар бир инсоннинг меҳнати юзага чиқиши учун қулай шароитлар яратилгани ютуқларимизнинг асосий омили бўлаётир. Бундай имкониятлардан оқилона фойдаланиш, Ватанимизнинг тараққиётини янада юксалтиришга муносиб ҳисса қўшиш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир.
Мукофотларни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Икрамов топширди.

Б. ХИДИРОВА,
ЎзА мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn