Ёшлик, шижоат ва рағбат
  • 06 Декабрь 2015

Ёшлик, шижоат ва рағбат

Мамлакатимизда ёшларнинг ҳар жиҳатдан пухта билим олиши, замонавий касб-ҳунар сирларини эгаллаши учун барча имконият яратилган. Бу каби қулайликлардан оқилона фойдаланаётган йигит-қизлар ҳеч кимдан кам эмасликларини исботлашмоқда. Зеро, истеъдодли ва билимдон авлод  эртанги кунимиз, ёруғ келажагимизнинг ишончи ҳамда таянчидир.

Пойтахтимиздаги “Туркистон” саройида Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ йигит-қизларнинг “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони билан тақдирланиши ҳам уларга кўрсатилаётган эъзоз ва эътиборнинг ёрқин далилидир.
Тадбир иштирокчилари дастлаб Мустақиллик майдонида бўлиб, истиқлолимиз, буюк келажагимиз ҳамда орзу-истакларимизни ўзида мужассам этган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйдилар.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, юртимизда иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, жамиятда ўз ўринларини топишларига кўмаклашиш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётир. Хусусан, Президентимиз ташаббуси билан таъсис этилган Зулфия номидаги Давлат мукофоти, “Ниҳол” мукофоти, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат стипендияси ва бошқа совринлар ёшларимизни янги муваффақиятлар сари руҳлантиришда муҳим аҳамият касб этаяпти.
Тадбирда қатор вазирлик, идора ва муассасалар, жамоат ташкилотлари вакиллари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати фаоллари, “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони совриндорлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори юртимиз ёшларининг истеъдодини юзага чиқариш ҳамда рағбатлантиришга йўналтирилган саъй-ҳаракатларни янги босқичга кўтарди.
Юртбошимизнинг Фармонига кўра, 2003 йилда таъсис этилган “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони илм-фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш, санъат, журналистика, спорт, қишлоқ хўжалиги, кичик бизнес, ҳуқуқ ва ҳарбий соҳаларда юксак натижаларга эришаётган ёшларга бериб келинаяпти. Ўтган йиллар мобайнида ушбу мукофот билан тақдирланган 435 нафар йигит-қиз турли соҳаларда меҳнат қилиб, она-Ватанимиз равнақига ўз ҳиссаларини қўшишмоқда. Мазкур кўкрак нишони соҳиби бўлиш иштиёқидаги ёшларнинг сони йилдан-йилга ортиб бораяпти. Жумладан, жорий йилда қарийб минг нафарга яқин номзод ҳужжати келиб тушган бўлиб, уларнинг 22 нафари ушбу мукофотга лойиқ, деб топилди.
—  Жудаям ҳаяжондаман, — дейди Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти “Ўқув театри” олий тоифали драма артисти Юлдуз Ражабова. — Камтарона хизматимизни юксак баҳолашгани, “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони билан тақдирланганим ҳаётимда унутилмас воқеа сифатида бир умрга муҳрланиб қолади. Ўтган йиллар давомида бир қатор асарларни саҳналаштириб, томошабинлар эътиборига ҳавола қилдик. Шунингдек, кино соҳасида ҳам фаолият кўрсатаяпман. Шу кунгача бир қанча фильмларда қатнашдим. Ушбу эътибор эса менга янада куч ва шижоат бағишлайди.
Сарой фойесида Ўзбекистонда ёшлар сиёсатига доир ислоҳотлар самаралари акс этган расмлар, ёш иқтидор эгалари томонидан эришилган илм-фан ютуқлари, улар ясаган миллий ҳунармандлик намуналари кўргазмаси ташкил қилинди.
Маросим ёш ижрочилар иштирокидаги концерт дастури билан якунланди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б. Ҳодиев сўзга чиқди.

Дилмурод СОДИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn