Элу юрт ардоғида
  • 04 Декабрь 2015

Элу юрт ардоғида

Нуронийлар — хонадонимизнинг файзи ва кўрки. Уларнинг умр йўли, панду насиҳатлари ҳамиша эзгуликка, яхшиликка ундайди. Шунинг учун ҳам улар ҳар жиҳатдан эъзоз ва эҳтиромга лойиқ. Чунончи, мамлакатимизда жорий йил “Кексаларни эъзозлаш йили” деб номлангани, шу асосда Давлат дастури қабул қилиниб, унда белгиланган вазифалар изчил амалга оширилаётгани бу борадаги ишлар кўламини янги босқичга олиб чиқди.

Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида яшовчи 101 ёшли Салима ая ўаниева — ана шундай ғамхўрликдан баҳраманд бўлиб, умргузаронлик қилаётган юртдошларимиздан бири.
— Президентимизга минг раҳмат, — дейди онахон. — Мустақиллик байрами арафасида кўпчилик қатори мен ҳам Ватанимизнинг юксак мукофоти — “Шуҳрат” медали билан тақдирландим. Бундан бошим осмонга етди. Кексалик даврини ғурур ва сурур билан ўтказаяпман. Ҳар қадамда эъзоз ва ғамхўрлик, очиғи, бундан одам яшариб кетгандек бўлаверади.
Салима Ғаниева — пиру бадавлат инсон. Саккиз нафар фарзанди ҳамда қатор невараю чевараларининг ардоғида ҳаёт кечираяпти. Маҳалла-кўй, узоқ-яқиндаги таниш-билишлар тез-тез бувини зиёрат қилиб туришади. У ёшлар билан мулоқот қилганда, уларга тинчлик, шукроналик, меҳнатсеварлик, она-Ватанни чин дилдан севишни, энг муҳими, ҳеч кимдан кам бўлмай билим олишлари учун яратиб берилаётган кенг имкониятларнинг қадрига етишни таъкидлашдан чарчамайди...
Маълумки, бугунги кунда ёши улуғ кишилар, уруш ва меҳнат фахрийлари, табаррук отахону онахонларни юртимизнинг қадимий шаҳарлари, маданият ҳамда санъат масканлари, зиёратгоҳлар, меъморий обидаларга саёҳатлари ҳам ташкил этилмоқда.
Яқинда пойтахтимизнинг бир гуруҳ нуронийлари қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрида бўлиб, етти иқлимга машҳур тарихий қадамжолар, обидаларни зиёрат қилиб қайтишди.
— Саёҳатимиз таассуротларга бой бўлди, — дейди Шайхонтоҳур туманида истиқомат қилувчи тўқсон уч ёшли Мухтор ота Расулов. — Замонавий “Афросиёб” поездида бирпасда етиб олганимиз-у, Самарқанднинг тенгсиз жамоли, сўнгги йиллардаги ижобий ўзгаришлардан ҳайратга тушдик. Ҳурмат-эҳтиромдан дилларимиз чароғон бўлди. Шу боис ҳам доимо дуога қўл очганда, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлишини, эзгу ишларга бош-қош бўлаётганлар омон бўлишини сўраб ният қиламиз.
Айтиш жоизки, Давлат дастурида, ўз навбатида, фахрийлар ва ёши улуғ кишиларга тиббий ҳамда ижтимоий хизмат кўрсатиш, уларни тизимли асосда соғломлаштиришни ташкил этиш, профилактика тадбирлари изчиллигини таъминлаш белгилаб қўйилган. Бугунги кунда оилавий поликлиникаларда ҳам бу борада ибратли ишлар амалга оширилаётир. Жумладан, Чилонзор туманидаги 36-оилавий поликлиникада кексаларимизнинг кўриш ва эшитиш органлари, таянч-ҳаракат тизими ҳамда юрак-қон томир касалликларини даволаш ҳамда олдини олиш учун мунтазам равишда чуқурлаштирилган тиббий кўриклар олиб борилаяпти. Поликлиника бош шифокори Малика Файзуллаеванинг таъкидлашича, муассасада “Кундузги шифокор” бурчаги фаолият кўрсатмоқда. Отахону онахонлар бу ерда физиотерапия, ЭКГ ва бошқа йўналишларда даво олишади. Бундан ташқари, маҳалла фуқаролар йиғинлари қошида Саломатлик секторлари ташкил этилган. Маҳалла фаоллари ҳамда умумий амалиёт шифокорлари мунтазам равишда нуронийлар ҳолидан хабар олиб туришади.
Яккасарой туманида истиқомат қилувчи Собир ота Султонов эса умрининг тўқсон еттинчи довонини босиб ўтаяпти. Тетик, хушфеъл. Суҳбатлашиб зерикмайсиз, пурмаъно ўгитларини эшитиб, ҳаётга янада теран қарай бошлайсиз.
— Умр мазмуни — одамларга яхшилик улашиб яшашда, — дейди отахон. — Мен ана шу ҳикматни ўз ҳаётим мисолида англаб етдим. Беадад шукрлар бўлсинки, юртимиз тинч, ҳеч кимдан кам жойимиз йўқ. Истиқлол шарофати билан ота-боболаримиз орзу қилган кунларга етдик. Мустақил диёримиз кундан-кун чирой очиб, юртдошларимизнинг турмуши фаровонлашиб бораяпти. Одамларнинг дунёқараши, фикрлаши ўзгарди. Ёшларни айтмайсизми, билимли, одобли, очиғи, кишининг ҳаваси келади. Уларнинг ёши улуғларга бўлган ҳурмати, эъзозидан эса диллар яйрайди. Шундай кезларда бошимиздан ўтказган минг бир машаққатли кунларни унутиб, ҳаётимиздан мамнун бўламиз.
Отахон ҳақ гап айтди. Мамлакатимизда кексаларимизга ҳурмат кўрсатиш шарафли вазифага айланган. Бундай эҳтиромдан руҳланган нуронийларимиз маҳаллалар, таълим муассасалари ҳамда бошқа жамоат ташкилотларида уюштириладиган тадбирлар, учрашувларда фаол қатнашишаяпти. Улар ҳаётий тажрибалари ва ўгитлари билан ёшларимизни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга ўз ҳиссаларини қўшиб, ҳар ишда таянч ва суянч бўлишмоқда.
— Меҳр-эътибор одамга ўзгача куч-қувват бағишлайди, — дейди Собир ота. — Болалар, набиралар ҳамда маҳалладошлар доимо ёнимизда. Хабар олишни канда қилишмайди. Тўю тадбирларда алоҳида иззат-икром кўрсатишади. Давлатимизнинг эътибори эса беқиёс. Рости, энг саодатли кунларни бошдан кечираяпмиз. Бундай роҳат-фароғат, эъзоз учун Президентимизга раҳмат!
Иккинчи жаҳон урушига гувоҳ бўлган отахон турмуш ўртоғи Марзия Аблаева билан олти нафар ўғил-қизни тарбиялади. Айни пайтда 18 невара, 19 чеваранинг севимли бобожониси бўлган Собир Султоновнинг асли касби — тарих фани ўқитувчиси. Шу боис доимо ёшлар билан ҳамнафас, уларнинг қизиқиш ва интилишлари билан бирга яшайди, эзгу ишлар қилишга, юрт корига ярайдиган фарзанд бўлишга ундайди.
— Бугунги ўғил-қизларимизнинг иқболини кўриб қувонаман, — дея суҳбатимизга қўшилади 89 ёшли Марзия ая. — Ҳозирги авлод бутунлай бошқача, замонавий фикрлайди. Узоққа бормайлик, боғчага қатнаётган чеварамнинг инглиз тилида шеърлар айтишидан лол қоламан. Буларнинг барчаси фарзандларимизнинг эртаси янада порлоқ бўлишидан дарак беради. Мен уларга тинч, осойишта кунларнинг қадрига етинглар, янада кўпроқ ўқинглар, ўрганинглар, деб уқтираман.
Шундай фаровон ва осойишта мамлакатда яшаш — чинакам бахт. Ҳаммамизнинг ниятимиз битта: Ўзбекистонимиз дунё тургунча турсин!
Чиндан ҳам, тинч ва обод юртдагина инсон, хусусан, кексаларга юксак эҳтиром, ғамхўрлик кўрсатилади. Одамлар хотиржам яшайди, эзгу орзу-умидларининг ижобатини кўради. Зеро, мамлакатимизда Президентимиз томонидан узоқни кўзлаб олиб борилаётган сиёсат ўзида ана шундай эзгу мақсадларни мужассам этган.

Дилмурод СОДИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn