Фидойи, фаол, ташаббускор
  • 02 Декабрь 2015

Фидойи, фаол, ташаббускор

“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази “Ўзбекистон аёллари — 2015: ижтимоий аҳвол ва ижтимоий кайфият” мавзуида ижтимоий сўров ўтказди.

Бундан кўзланган асосий мақсад хотин-қизларнинг оила ҳамда жамиятдаги ижтимоий мавқеини мустаҳкамлаш, ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги иштирокини янада фаоллаштириш бўйича чора-тадбирлар қай даражада самарали амалга оширилаётганини, шунингдек, уларнинг ижтимоий қарашлари ва ёндашувларини аниқлашдан иборат эди. Тадқиқотда мамлакатимизнинг барча ҳудудидаги турли ижтимоий гуруҳлар, миллат ҳамда эътиқод вакиллари қамраб олинди.
Маълум бўлдики, истиқлол йилларида жамиятимизда аёлларнинг роли ошган. Бинобарин, юртимизда хотин-қизларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш, оналар саломатлигини муҳофаза қилишга оид ҳуқуқий нормалар самарали рўёбга чиқарилмоқда. Сўров иштирокчилари давлат томонидан уларни ижтимоий ҳимоялаш ва қўллаб-қувватлаш бўйича йўлга қўйилган тизимга юксак баҳо бердилар.
Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижроси асосида ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватланаётганлар сонининг ошиб бориш тенденцияси кузатилаётгани тадқиқотда ўз ифодасини топди. Респондентларнинг 94,3 фоизи ўзларининг таълим, бандлик ва тадбиркорлик, тиббий хизматдан фойдаланиш, ижтимоий-сиёсий ҳаётда иштирок этишга бўлган ҳуқуқ ҳамда эркинликлари бузилишидан ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан ҳимояланганлигини ҳис қилишини билдирган. Уларнинг фикрича, бундай муҳофаза асоси Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қатнашчиларнинг мутлақ катта қисми таниш бўлган ундаги тегишли моддалар ҳисобланади.
Қиёсий таҳлил натижаларига кўра, мустақиллик йилларида ўз ҳуқуқларини яхши биладиган аёллар сони сезиларли даражада кўпайган. Сўровда иштирок этганларнинг ҳар иккинчиси ҳуқуқий саводхонлигини юксалтиришга ҳаракат қилаётганини айтиб ўтган. Эътиборлиси, уларнинг асосий қисми ёшлардир.
“Ижтимоий фикр” мониторингида нозик қалб эгаларининг 93,8 фоизи истиқлол йилларида ўзларининг фуқаролик йиғинлари, хотин-қизлар қўмиталари, сиёсий партиялар, касаба уюшмалари, ННТ фаолиятидаги социал, ижтимоий-сиёсий фаоллиги ўсганини кўрсатди.
Шунингдек, улар аёлларнинг ҳудудий ҳамда маҳаллий бошқарув органларидаги иштироки сезиларли даражада ортганини таъкидлашган. Респондентларнинг ҳар учинчиси корхоналар ва ташкилотларда хотин-қизлар қўмиталари бошланғич бўғинлари — фаол иш олиб борадиган бўлинмаларнинг ўз вақтида ташкил этилишини қўллаб-қувватлаган.
Социал тадқиқот натижалари мамлакатимизда аёлларнинг профессионал ҳамда ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш учун барча имконият яратилганини яна бир карра тасдиқлади. Сўровда қатнашганларнинг аксарияти иш жойидаги мавжуд шароитлардан қониқиши ва мансаб поғоналаридан кўтарилишга ҳаракат қилишини қайд этган. Зотан, респондентлар меҳнат ҳамда касбу корда ўз иқтидорини намоён қилишни ҳаёт мазмуни ва жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш имконияти, деб билади. Аёллар меҳнатни муҳим ҳаётий қадрият сифатида эътироф этадилар. Уларнинг фикрича, иш қизиқарли, ижтимоий аҳамиятга эга ҳамда фойдали бўлиши лозим.
Ўз навбатида, Ўзбекистон хотин-қизларининг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликдаги фаолияти ўсиши кузатилаётир. Ишбилармон ҳамда ташаббускорлар учун эса қўшимча қулайликлар — имтиёзли кредитлар ва преференциялар, семинарлар ҳамда тренингларда қатнашишга шароитлар яратилган.
Таҳлилга кўра, мустақил Ўзбекистон аёллари қадриятлар ва қарашлари тизимида мақсадли ҳаётий ёндашувлар асосий ўринни эгаллайди. Респондентларнинг 94,1 фоизи ҳаётда аниқ мақсадга эга эканлигига урғу бериб, бу уларни иқтисодий, сиёсий, маданий соҳаларда фаол иштирок этиши, жамият ҳамда ўсиб келаётган авлод олдидаги масъулиятини кучайтиришга хизмат қилаётганини таъкидлаган. Тадқиқот қатнашчиларининг мутлақ катта қисми оилавий қадриятларни устувор, деб билади. Хусусан, уларнинг 93,1 фоизи охирги йилларда аёлларнинг баркамол авлодни вояга етказишдаги роли ошган, деб ҳисобласа, 84,4 фоизи оилада ижобий муҳит шаклланишида нозик қалб эгалари кўпроқ иштирок этаяпти, дея фикр билдирган. 78,7 фоизи эса аёллар тез-тез муҳим қарорлар қабул қилиши, оилавий бюджетга катта ҳисса қўшаётганини айтиб ўтган.
Умуман, социал тадқиқот Ўзбекистон аёлларининг ўзига хос ижтимоий қиёфаси шаклланаётганини ифодалади. Улар — таълим олаётган, касб эгаллаётган, ўсишга интилаётган, мамлакат ва жамият ҳаётида қатнашаётган ижтимоий фаол шахсдир. Айни чоғда ватанпарварлик ҳамда давлат ишларига дахлдорлик ҳисси унга хосдир. Зеро, респондентларнинг мутлақ аксарияти ўзини бахтли, деб ҳисоблайди. Келажакка ишонч, оила ва юртимиздаги тинчлик, яқинларининг соғлиғи ҳамда саодати, фаровонликнинг ўсиб бориши уларнинг кайфиятига ижобий таъсир кўрсатаётган асосий омиллардир. Юртимиз аёлларининг 86,1 фоизи ўз турмушидан рози. Жавоблардаги бундай ёндашув ва кайфият мустақиллик йилларида жамиятда аёлларнинг роли ҳамда мавқеини юксалтириш, уларнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, қобилият ва салоҳиятларини юзага чиқариш бўйича амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар аҳамиятини яққол кўрсатиб турибди.

«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази
материаллари асосида М. ҚОСИМОВ тайёрлади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn