Жамоатчилик экологик назорати: Миллий ва хорижий тажриба
  • 02 Декабрь 2015

Жамоатчилик экологик назорати: Миллий ва хорижий тажриба

Пойтахтимизда “Жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш: Ўзбекистон ва Европа давлатлари тажрибаси” мавзуида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди. У Ўзбекистон экологик ҳаракати, БМТТД, ЕХҲТнинг мамлакатимиздаги лойиҳалари координатори, Европа иттифоқи комиссияси делегацияси томонидан ташкил этилди.

Тадбирда Австрия, Бельгия, Буюк Британия, Франция, Латвия, Сингапур, Япония, Ҳиндистон ҳамда бошқа давлатлардан мутахассислар ва экспертлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Экоҳаракат фаоллари, жамоат ташкилотлари, ОАВ вакиллари қатнашди.
Республикамизнинг барқарор тараққиёти, аҳолининг ҳаёт сифати ҳамда мустаҳкам саломатлиги табиий экотизимлар ва атроф-муҳит муҳофаза этиладиган шароитлардагина таъминланади. Бинобарин, мустақилликнинг илк кунлариданоқ юртимизда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, уларни келгуси авлод учун сақлаш масаласига устувор аҳамият қаратиб келинмоқда.
Таъкидланганидек, юртимизда соҳага оид пухта институциявий ҳамда ҳуқуқий пойдевор яратилган. Бу борада экологик муаммоларга ечим топиш учун жамоатчиликни сафарбар қилаётган фуқаролик жамияти институтлари муҳим ўрин тутмоқда. Ўзбекистон экологик ҳаракатининг фаолияти бунга ёрқин мисол бўла олади. У экологлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва жамоатчилик вакиллари ташаббуси билан аҳоли манфаатларига дахлдор атроф-муҳит ҳамда саломатлик муҳофазаси соҳасидаги долзарб муаммоларга ечим топиш мақсадида ташкил этилган. Дунё парламентаризми тарихида биринчи бўлиб мамлакатимизда Экоҳаракат депутатлари учун депутатларни квоталаш институти жорий қилинди. Бу эса экологик муаммоларни ечишда парламент ролини кучайтириш, депутатликнинг юксак минбаридан туриб атроф-муҳит ва аҳоли соғлиғини муҳофазалаш соҳасидаги масалаларни илгари суриш, уларга оқилона ечим топиш, бу борадаги ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилиш, уларни ижро этишда жамоатчилик иштироки даражасини ошириш имконини берди.
Ўзбекистон экологик ҳаракати бугунги ва келажак авлоднинг мусаффо атроф-муҳитда ҳаёт кечиришга бўлган ҳуқуқини ҳимоя қилиш, соғлиқни сақлаш, табиий ресурсларни асраш ҳамда улардан оқилона фойдаланиш соҳасида фаолият юритаётган 220 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштирган.
Юртимизда экологик қонунчиликни ривожлантириш ҳам доимий эътиборда бўлиб келмоқда. Чунончи, жабҳага доир ўттизга яқин қонун, юзлаб қонуности ҳужжатлари ҳаётга татбиқ этилди. Мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлари, жамоат тузилмалари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳуқуқларини кенгайтириш ҳамда мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ҳам атроф-муҳит муҳофазаси, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш борасидаги мавжуд муаммоларни ҳал қилишга уларни кенг жалб этиш имконини бермоқда. Шубҳасиз, 2013 йилнинг декабрь ойида кучга кирган “Экологик назорат тўғрисида”ги Қонун мазкур йўналишдаги ишларнинг мантиқий давоми бўлди. Айтиш жоизки, мазкур ҳуқуқий ҳужжатни тайёрлашда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди. Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан уни янада маромига етказиш бўйича тақдим этилган уч мингдан ортиқ таклифлар бунга мисол бўла олади.
Бу Қонун табиатни асраб-авайлашда долзарб саналади. Унинг асосий вазифалари атроф-муҳит ҳолатини кузатиб бориш, ифлосланиши ва табиий ресурслардан нооқилона фойдаланилишига олиб келиши ҳамда фуқаролар ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солиши мумкин бўлган вазиятларни аниқлашдан иборатдир.
Ушбу ҳуқуқий ҳужжатда экологик назорат атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилишининг олдини олиш, уни аниқлаш ва унга чек қўйишга, табиатни авайлаб асраш фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган давлат ҳамда жамоатчилик чора-тадбирлари тизими экани белгилаб берилган. Жумладан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тегишли ҳудудда жамоатчилик экологик назорати ҳамда атроф-муҳит ҳолатини ва унинг ифлосланишига ҳамда табиий ресурслардан нооқилона фойдаланишга олиб келишини, фуқаролар ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солиши мумкин бўлган вазиятларни кузатиб боришни амалга оширади. Уларга экологик назорат соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этиш, махсус ваколатли давлат органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига тегишли таклифлар киритиш ҳуқуқи берилди. Қонунда маҳалла институти қатори нодавлат нотижорат ташкилотларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Улар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари бўйича қарорлар тайёрлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқиш, атроф-муҳит муҳофазаси бўйича давлат дастурларини амалга оширишда қатнашиш, жамоатчилик экологик назоратини олиб бориш, махсус ваколатли давлат органларига жойларда экологик вазиятни яхшилаш бўйича таклифлар киритиш ҳамда бошқа ҳуқуқларга эга.
Давра суҳбатида атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида жамоатчилик иштирокини ҳуқуқий тартибга солиш бўйича Япония, Сингапур, Франция, Австрия, Латвия тажрибасига оид маълумотлар тақдим этилди. Муҳокамалар давомида хорижлик экспертлар томонидан “Экологик назорат тўғрисида”ги Қонун экологик муаммоларни самарали ҳал қилишда катта мазмун-моҳиятга эга экани алоҳида айтиб ўтилди. Экологик назоратда жамоатчилик иштироки бўйича ўзаро тажриба алмашиш эса атроф-муҳит муҳофазасида ННТни фаоллаштириш механизмларини янада такомиллаштиришга туртки бериши, шубҳасиз.
Мазкур тадбир экспертлар, парламент аъзолари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида конструктив мулоқот ўрнатиш, экологик назоратни рўёбга чиқариш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда аҳолида экологик маданиятни шакллантиришда фуқаролик жамияти институтларининг ролини янада оширишга доир тавсиялар ишлаб чиқиш имконини яратди.

Сўз — халқаро давра суҳбати иштирокчиларига

Касперс ГЕРХАРДС,
Латвия Республикаси атроф-муҳит ва минтақавий ривожланиш вазири:
— Тадбирга юқори экспертлик савиясига эга маҳаллий ва хорижлик иштирокчилар таклиф этилгани ҳам республикангизда экологик назоратни амалга оширишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганини кўрсатади. Давра суҳбати доирасида Ўзбекистон ҳамда бошқа қатор давлатларнинг соҳадаги тажрибаси намойиш этилиб, муҳокама қилинди. Бу ҳамма учун фойдали бўлди. Зеро, сайёрамиз биз асраб-авайлаб, келажак авлод учун етказиб берадиган умумий уйимиздир. Бинобарин, инсон саломатлиги билан чамбарчас боғлиқ атроф-муҳитни яхшилаш масалаларига биргаликда ечим излаш муҳимдир.
Ўзбекистон ва Латвия бу соҳада самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Мамлакатингиз парламенти билан мустаҳкам алоқалар йўлга қўйилган, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан умумий ҳаракатлар режаси амалга оширилаяпти. Ишончим комилки, бундай муносабатлар нафақат идоралараро, балки ноҳукумат ва давлат органлари даражасида ҳам самарали бўлади.

Мартин ЮНГ,
Австрия технологиялар институти сув ресурсларини бошқариш бўйича эксперти:
— Табиатни асраш, соҳага оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш жараёнига жамоатчиликни кенг жалб этиш давр талабидир. Шунинг учун ҳам қонунчиликда жамоатчилик экологик назорати механизмининг мустаҳкамлаб қўйилиши атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида ҳуқуқий ҳужжатларни самарали амалга ошириш нуқтаи назаридан айни муддаодир. Қолаверса, бу жамоатчиликнинг мавжуд экологик таҳдидлардан кенг хабардор қилиниши, уларнинг салбий таъсирини бартараф этишга янада тайёр бўлиши учун имконият туғдиради.
Ўзбекистон парламентида Экоҳаракат учун депутатлик ўринларининг ажратилгани мамлакатингизда экология ва табиат муҳофазаси масалаларига катта эътибор қаратилаётганини кўрсатади.

Эдвин СИ,
Сингапурнинг Атроф-муҳит бўйича кенгаши ижрочи директори:
— Ўзбекистон ва Сингапурнинг атроф-муҳит муаммоларини ҳал этиш бўйича қарашлари ўхшаш. Мазкур йўналишда давлатнинг алоҳида эътибори, жамоатчилик ташкилотлари ролини оширишга интилиш шулар жумласидандир. Аслида ҳар бир инсон сайёрамизни асраб-авайлашга ўз ҳиссасини қўшиши лозим. Ўйлайманки, Ўзбекистоннинг мазкур соҳада қабул қилаётган чора-тадбирлари ўз самараларини беради ва бундай тўғри ёндашув мамлакатингиз томонидан фаол ўрганилиб, фойдаланилаётган илғор халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда давом эттирилади.

Пьер-Эммануэль ДЮПОН,
“Volterra Fietta” компанияси адвокати, Париж университетининг ҳуқуқ,
иқтисодиёт ва бошқарув бўйича эркин факультети катта ўқитувчиси:
— Францияда жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш нафақат норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, балки Конституция даражасида тартибга солинган. Экология соҳасида юртингизда миллий ҳамда минтақалар миқёсида қабул қилинадиган ҳар қандай қонун лойиҳалари Асосий Қонун талабига жавоб бериши, шунингдек, жамоатчилик эшитувидан ўтказилиши керак. Ушбу жараёнда фуқароларнинг ахборот ва сўз эркинлигига бўлган ҳуқуқларига риоя этилиши муҳим аҳамият касб этади.
Таъкидлаш лозимки, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ўз ўринларига эга Ўзбекистон экологик ҳаракати фаолияти юртингизда экология ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш жабҳасида жамоатчилик назоратини амалга оширишда катта роль ўйнайди.
Мамлакатингизда бу борада сезиларли ютуқларга эришилганини кўриб турибмиз. Зеро, Ўзбекистон атроф-муҳитни муҳофазалаш борасида ННТ фаоллигини кучайтириш бўйича Марказий Осиёда етакчи ҳисобланади.

Саиджон МАХСУМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn