Хорижий экспертлар: «Маҳалла — Ўзбекистонда кучли фуқаролик жамиятини барпо этишнинг муҳим асосларидан биридир»
  • 01 Декабрь 2015

Хорижий экспертлар: «Маҳалла — Ўзбекистонда кучли фуқаролик жамиятини барпо этишнинг муҳим асосларидан биридир»

Маҳалла институтининг мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантиришдаги ўрни ва аҳамияти мавзуига бағишланган тадбирларда иштирок этиш мақсадида яқинда қатор жамоат ҳамда давлат ташкилотлари вакилларидан иборат Ўзбекистон Республикаси делегацияси Корея Республикаси ва Хитой Халқ Республикасига ташриф буюрди.

Сеул, Пекин ҳамда Шанхайда Ўзбекистоннинг кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш соҳасидаги тажрибасига доир давра суҳбатлари ва учрашувлар ўтказилди. Тадбирларда Корея Республикаси Миллий ассамблеяси, Ханянг университети ҳузуридаги Осиё-Тинч океани тадқиқотлари маркази, Корея халқаро муносабатлар бўйича кенгаши, Хитой ижтимоий фанлар академияси, ХХР Давлат кенгаши ҳузуридаги Ижтимоий тараққиёт институти, Шанхай ижтимоий фанлар академияси, шунингдек, Жанубий Корея ҳамда Хитойнинг бошқа тадқиқот ва таълим муассасалари экспертлари қатнашди.
“Ўзбекистонда маҳалла институти: тарихий тажриба ва замонавийлик” ҳужжатли фильми ҳамда “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари. Маҳалла: тарихий тажриба ва замонавийлик” китобининг тақдимоти анжуман иштирокчиларининг ушбу беқиёс институт фаолияти билан яқиндан танишишларига имкон берди. Мамлакатимизнинг баркамол авлодни тарбиялаш соҳасидаги ютуқларига бағишланган ҳужжатли фильмлар ҳам тўпланганларда алоҳида таассурот уйғотди.
Тадбирлар чоғида қайд этилганидек, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда ҳуқуқий демократик давлат қуриш ҳамда кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мазкур жараёнда маҳалла институтини изчил ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Ушбу муассаса жамиятда юксак маънавий-ахлоқий қадриятларнинг мустаҳкамланиши, ёш авлод тарбияси, оила институтини қўллаб-қувватлаш, аҳолини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда.
Хорижий шериклар маҳалла фаолиятига катта қизиқиш билдирганлари ҳолда, Ўзбекистонда ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотларнинг юқори самарадорлигини, фуқаролар йиғинларининг миллий қадриятларни мустаҳкамлаш, тинчлик-осойишталикни сақлашдаги аҳамиятини алоҳида таъкидладилар. Маҳалла фуқароларнинг демократик ислоҳотларни амалга ошириш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш, уларни долзарб масалаларни ҳал қилиш йўлида жипслаштиришда катта аҳамият касб этиши ҳам айтиб ўтилди.
Давра суҳбати ҳамда учрашувлар иштирокчиларининг якдил фикрича, маҳалла халқнинг кўп асрлик урф-одат ва анъаналарини бугунги кун воқелиги билан уйғунлаштиради. Бу, ўз навбатида, болаларни тарбиялаш, оилада ўзаро англашув, катталарга нисбатан ҳурмат муҳитини шакллантириш, жамият ҳамда давлатни ҳар томонлама ривожлантиришда салмоқли муваффақиятларга эришиш имконини яратмоқда.
Жанубий Корея ва Хитойнинг таниқли давлат арбоблари ҳамда экспертлари Ўзбекистонда мазкур йўналишда қўлга киритилган ютуқларга юксак баҳо бердилар.

На Кюнг Вон,
Корея Республикаси Миллий ассамблеясининг Халқаро муносабатлар ва бирлашув масалалари бўйича қўмитаси раиси, “Ўзбекистон — Жанубий Корея” парламентлараро жамияти раиси:
— Президент Ислом Каримовнинг Корея Республикасига бу йил амалга оширган давлат ташрифи икки томонлама муносабатлар тарихида муҳим воқеа бўлди. Биз стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаб, уни янги мазмун билан бойитдик. Бу борада нафақат парламентлараро алоқалар, балки экспертлар мулоқоти, фуқаролар ўртасидаги ўзаро муносабатлар ҳам муҳим ўрин тутади.

Ли Же Ёнг,
Жанубий Корея халқаро иқтисодий сиёсат институти вице-президенти:
— Маҳалла Ўзбекистон заминида — дунёга буюк олимларни тақдим этган ўлкада пайдо бўлгани ҳаммамизга маълум. Мамлакатингиз халқи ушбу ниҳоятда муҳим ижтимоий ютуқни сақлаб қолгани қувонарлидир.
Маҳалланинг жамиятда маънавий-ахлоқий қадриятлар ҳамда соғлом ҳаёт тарзини тарғиб қилиш, жойларда таълим, аҳоли бандлиги, атроф-муҳит муҳофазаси, ободонлаштириш, жамоат хавфсизлиги ва ҳуқуқ-тартиботни сақлаш сингари масалаларни ҳал этишдаги аҳамияти беқиёсдир. Маҳалла — Ўзбекистонда кучли фуқаролик жамиятини барпо этишнинг муҳим асосларидан биридир. У фуқароларнинг давлат бошқарувида, мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг энг муҳим вазифаларини ҳал қилишда бевосита иштирок этишга доир конституциявий ҳуқуқини таъминлайди.
Корея Республикаси миллий дипломатик академияси профессори Ко Жэ Нам Ўзбекистонга бир неча маротаба сафар уюштирганини, ҳар гал бу ерда иқтисодиётнинг жадал ўсиш суръатларига гувоҳ бўлиб, халқимиз маданияти, ижтимоий, маданий ҳамда маънавий ҳаёти билан яқиндан танишганини айтиб ўтди.
— Самарқанд вилоятига борган чоғимда, фуқаролар йиғинларининг ҳудудларни ободонлаштириш, аҳоли фаровонлигини юксалтиришда фаол қатнашишига гувоҳ бўлдим. Маҳалла халқни жипслаштирувчи институтдир. Президент Ислом Каримов ўз стратегияси билан фуқаролар энергияси ва фаоллигини, маҳалланинг салоҳиятини ислоҳотларни амалга ошириш йўлида сафарбар этди, — дея таъкидлади Жанубий кореялик олим.
Ханянг университетининг Глобал ижтимоий иқтисодиётни ўрганиш бошқармаси бошлиғи Ким Жонг Гуль Корея Республикасида маҳалла ҳамда унинг ижтимоий-иқтисодий соҳадаги фаолияти тажрибаси катта қизиқиш уйғотаётганини маълум қилди. Унинг сўзларига қараганда, ўзини ўзи бошқариш органлари фуқароларнинг турли ташаббуслари ҳаётга татбиқ этилишига кўмаклашиш баробарида, аҳоли фаровонлигини таъминлашнинг оптимал механизми ҳам ҳисбланади.
ХХР Давлат кенгаши ҳузуридаги Европа ва Осиё ижтимоий тараққиёти институти директори Ли Фэнлинь маҳаллага “Миллий анъаналарни асраб-авайлаш, давлат ҳамда жамият бошқарувининг самарадор тузилмасини йўлга қўйишнинг намунаси”, дея тавсиф берди. Унинг фикрича, қадимий ва ривожланган маданий анъаналарга эга Ўзбекистон маҳалла институти имкониятларидан ижтимоий жараёнларда фуқаролар иштирокининг замонавий усуллари ҳамда механизмларини шакллантиришда муваффақиятли фойдаланмоқда.
Хитой ижтимоий фанлар академиясининг Халқаро ҳамкорлик бошқармаси директори ўринбосари Ван Сюаньцзин қайд этганидек, 24 йиллик тараққиёт даврида мамлакатимиз Президент Ислом Каримов раҳнамолигида иқтисодиёт, сиёсат, дипломатия соҳаларида улкан ютуқларга эришди. Чуқур ўйланган ва пухта амалга оширилаётган стратегия жамиятда узоқ муддатли барқарорлик ҳамда иқтисодиётнинг юқори ўсиш суръатларини таъминлаш имконини берди.
— Ўзбекистон дунёнинг энг жадал ривожланаётган давлатларидан биридир. Тизимли, изчил ва босқичма-босқич ислоҳотларнинг бекаму кўст модели эришилган муваффақиятларнинг асоси бўлиб, унда маҳалла алоҳида ўрин эгаллайди. Маҳалла ижтимоий барқарорлик ҳамда муваффақиятли давлат қурилишининг муҳим омилларидан бирига айланди, — деб ҳисоблайди эксперт.

Хитой ижтимоий фанлар академиясининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти директори Ли Юнцюань:
— Ўзбекистон ҳаётнинг барча жабҳасида замон талабларига жавоб берадиган инновацион йўлдан бормоқда. Ижтимоий бошқарув соҳасида мамлакат бугунги кун мезонлари ва шарт-шароитларига мослаштирилган анъанавий институтларга таянаётгани эътиборга моликдир. Бу борада, айниқса, маҳалла институтини алоҳида қайд этиш жоиз.
Хитой халқаро муносабатлар академияси бош илмий ходими Сюй Тао мамлакатимизда барча соҳада эришилган ютуқларни юқори баҳолаган ҳолда, маҳалла кўп миллатли Ўзбекистон халқининг донолигини акс эттиришини таъкидлади. Мазкур институт давлатнинг сиёсий тараққиёти ҳамда иқтисодий ўсишни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
— Умуман, Ўзбекистонда давлат ва жамият қурилишининг самарали модели ҳаётга татбиқ қилинмоқда. Фуқаролик жамиятининг изчил ривожи алоҳида эътиборга моликдир. Республика Марказий Осиёда энг муҳим давлатлардан бири эканлиги билан ажралиб туради, — деди Сюй Тао.
Хулоса ўрнида айтганда, давра суҳбатлари ҳамда учрашувлар Корея Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси экспертларининг Ўзбекистонда кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш ва унинг муҳим таркибий қисми саналмиш маҳалла институтини ривожлантириш борасида эришилган ютуқларга қизиқиши руҳида бўлиб ўтди.
Тадбирларнинг якуни “The Korea Post” ҳамда “Seoul City” журналлари, “Жэньминь жибао” газетаси ва Жанубий Корея ҳамда Хитойнинг бошқа етакчи нашрларида кенг ёритилди.

«Жаҳон» АА.
Сеул — Пекин — Шанхай

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn