Бошланғич ташкилотлар фаолиятини такомиллаштириш хотин-қизлар манфаатларини таъминлашнинг муҳим омилидир
  • 28 Ноябрь 2015

Бошланғич ташкилотлар фаолиятини такомиллаштириш хотин-қизлар манфаатларини таъминлашнинг муҳим омилидир

Аёлни улуғлаш, унга оила гултожи, келажак авлод тарбиячиси, миллат давомчиси сифатида эҳтиром кўрсатишдек азалий қадриятларимиз истиқлол шарофати билан янгича маъно-мазмун касб этди.

Хусусан, хотин-қизларни ижтимоий фаоллаштириш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, саломатлигини мустаҳкамлаш, интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, тадбиркорликка жалб қилиш каби устувор йўналишлардаги саъй-ҳаракатлар қамрови тобора кенгаймоқдаки, пировардида уларнинг оилада ҳам, давлат ва жамият ҳаётида ҳам нуфузи юксалиб бораётир.
Зеро, хотин-қизларнинг эркаклар билан тенг ҳуқуқлилиги, оиланинг, оналик ва болаликнинг давлат томонидан муҳофаза қилиниши Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ҳам мустаҳкамлаб қўйилган.
Пойтахтимизда “Хотин-қизлар қўмитасининг энг намунали бошланғич ташкилоти” кўрик-танловининг мамлакат босқичи ғолибларини тақдирлаш маросимида ана шулар хусусида сўз юритилди. Унда парламент аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги корхона ҳамда ташкилотлар, бирлашмалар, маҳаллалардаги бошланғич ташкилотлар вакиллари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Юртимизда хотин-қизларни ҳуқуқий, ижтимоий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, бу борадаги қонун ҳужжатларини амалиётга татбиқ этишда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси алоҳида ўрин ҳамда мавқега эга. Ушбу жамоат ташкилоти томонидан аёлларга оид давлат сиёсатини кенг жамоатчиликка етказишда, хотин-қизларга ҳар томонлама кўмаклашишда давлат ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни кенгайтириш, ижтимоий аҳамиятга молик дастурларда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича изчил ҳамда самарадор чора-тадбирлар рўёбга чиқарилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2004 йил 25 майдаги “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
Бугунги кунда ушбу жамоат ташкилоти тизимида қирқ бир мингдан ортиқ бошланғич ташкилотлар фаолият юритмоқда. Улар вазирлик, идора, корхона ва ташкилотларда, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда ўқув муассасаларида хотин-қизларга бўлган эътиборни кучайтириш, оилада ва жамиятда соғлом маънавий-ахлоқий муҳитни қарор топтириш, ёшларимиз, айниқса, қизларимизни миллий қадриятларимизга ҳурмат ҳамда садоқат руҳида тарбиялаш, эрта никоҳлар ва ажралишларнинг олдини олиш каби долзарб йўналишларда салмоқли натижаларга эришишда муносиб улуш қўшаётир. 2012 йилдан буён Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан “Хотин-қизлар қўмитасининг энг намунали бошланғич ташкилоти” кўрик-танлови ўтказиб келинаётгани қуйи тизим фаолиятини давр талабларига кўра такомиллаштириб боришга хизмат қилмоқда.
Жорий йилда танловнинг шаҳар ва туман босқичларида 37 мингга яқин бошланғич ташкилотлар раислари қатнашди. Уларнинг 122 нафари мамлакат босқичига йўлланма олди. Бу галги танловда анъанавий номинациялар қаторида “Энг намунали қўшма корхона хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти” ҳамда “Энг намунали ҳарбий қисм хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти” йўналишларида ҳам ғолиблар аниқланди.
“Хотин-қизлар қўмитасининг энг намунали бошланғич ташкилоти” кўрик-танлови республика босқичи ғолиб ва совриндорлари диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова сўзга чиқди.

Фарида МАҲКАМОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn