Устувор вазифалар масъулияти
  • 28 Ноябрь 2015

Устувор вазифалар масъулияти

Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида иштирок этиб, давлатимиз раҳбарининг нутқини катта эътибор билан тингладик.

Унда кейинги йилларда ҳудудда эришилган ютуқлар эътирофи билан бир қаторда, мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилган ислоҳотларни амалга оширишда айрим камчиликлар ва муаммолар мавжудлиги айтиб ўтилди. Бу, ўз навбатида, вилоят аҳлини мулоҳаза қилишга, истиқбол режаларининг муваффақиятини таъминлашда фаоллик кўрсатишга ундайди.
Таъкидланганидек, Наманганда кейинги йилларда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда ижобий ўзгаришлар юз берди. Жумладан, жорий йилнинг тўққиз ойида ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш 9 фоиз ўсди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, ижтимоий инфратузилма ҳамда коммуникация тармоқларини ривожлантириш ва шу асосда аҳоли турмуш даражасини кўтаришга йўналтирилган тадбирлар кўлами кенгаймоқда. Бироқ имкониятлардан оқилона фойдаланилмаётгани натижасида иқтисодиётнинг етакчи тармоқлари, хусусан, саноат соҳаси оқсаётгани бор гап. Айниқса, вилоятдаги 327 та ишлаб чиқариш субъектининг 10 фоизи ишламай тургани, 16 фоизи эса паст қувват билан ишлаётгани, чиндан ҳам, афсусланарлидир. Оқибатда кейинги йилларда саноатнинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши атиги 11 фоизга яқинни ташкил этаяпти.
Хўш, мазкур ҳолатларнинг сабаблари нимада? Президентимиз, аввало, вилоятда стратегик аҳамиятга эга, ташқи бозорга маҳсулот чиқаришга қодир бўлган йирик саноат корхоналарини қуришга етарлича эътибор берилмаётганига алоҳида тўхталиб ўтдилар.
Ваҳолонки, бугунги кунда давлатимиз томонидан иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш учун қулай муҳит, барча зарур шарт-шароит яратиб берилган. Энди ташаббус ва ғайрат-шижоат кўрсатиб ишлаш қолган, холос. Зотан, изланган чора топади, эртанги кун ташвиши билан яшайди, фаолияти ҳамиша барқарор бўлади. Ўзи ҳам, элу юрт ҳам наф кўради.
Юртбошимиз ислоҳотларни рўёбга чиқаришга доир бошқа камчиликларни ҳам айта туриб, уларнинг ечимини, ҳал этиш йўлларини чуқур таҳлил қилиб бердилар. Яқин истиқболда амалга оширилиши лозим бўлган лойиҳалар, вилоят аҳли олдида турган долзарб вазифалар хусусида атрофлича сўз юритдилар. Наманган вилоятининг саноат салоҳияти ва инфратузилмасини кескин ривожлантириш бўйича 2016 — 2019 йилларга мўлжалланган махсус дастур устида бошланган ишлар ўз якунига етаётганини эшитиб, ниҳоятда қувондик. Давлатимиз раҳбари бешта асосий йўналишдан иборат, умумий қиймати 5 миллиард АҚШ долларига тенг 250 дан зиёд лойиҳани ўз ичига олган ушбу дастур янги саноат объектларини барпо этиш, мавжуд корхоналарни модернизациялаш, импорт ўрнини босувчи ҳамда экспортбоп маҳсулотлар тайёрлашни ўзлаштириш, ишлаб чиқариш инфратузилмасини яхшилаш, қўшимча меҳнат ўринлари яратишда жуда муҳим эканлигини қайд этдилар. Бу, вилоятимиз иқтисодий салоҳияти жадал ва изчил юксалиб боради, деганидир.
Мухтасар айтганда, сессияда муҳокама қилинган масалалар юзасидан билдирилган фикр-мулоҳазалар вилоятимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида тараққиётнинг навбатдаги босқичига кенг йўл очади. Биз, Наманган вилояти аҳли Президентимиз белгилаб берган вазифаларни билим ҳамда салоҳиятимизни ишга солиб, ҳамжиҳатликда якунига етказамиз. Юксак ишончни оқлаймиз. Халқимизнинг янада обод, бахтли ва мунаввар ҳаёти учун муносиб ҳиссамизни, албатта, қўшамиз.

Аваз ИБРАГИМОВ,
Наманган шаҳридаги «Техностандарт тест»
қўшимча масъулиятли жамият бош мутахассиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn