Ахборот соҳасида малака ва тажриба алмашилди
  • 27 Ноябрь 2015

Ахборот соҳасида малака ва тажриба алмашилди

Тошкентда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти томонидан мустақил оммавий ахборот воситалари фаолиятининг иқтисодий салоҳиятини янада мустаҳкамлаш ҳамда ахборот олишни таъминлаш масалаларига бағишланган семинар-тренинг ўтказилди.

Унда ФЖШМҚМИ ва унинг ҳудудий бўлинмалари мутахассислари, ОАВ соҳасидаги халқаро ҳамда миллий экспертлар, марказий ва маҳаллий ОАВ вакиллари қатнашди.
Тадбирда юртимизда миллий ОАВ, хусусан, матбуотнинг сифат ҳамда самарадорлигини изчил ошириш, нодавлат оммавий ахборот воситалари фаолиятини кенгайтириш ва бозор механизмларини ахборот соҳасига жорий қилишга, шунингдек, фуқароларнинг Конституцияда ўз ифодасини топган сўз эркинлиги ҳамда ахборот олиш ҳуқуқини амалга оширишни кафолатлашга қаратилган медиа соҳадаги қонунчилик базаси ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.
Таъкидланганидек, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси миллий медиа соҳани босқичма-босқич ислоҳ этиш, уни изчил равнақ топтириш истиқболларини белгилаб берди. Концепция доирасида қабул қилинган қонунлар оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш учун қулай шароитларни яратиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишда уларнинг таъсирчанлигини тобора оширишда кенг имконият яратмоқда. Қонунчилик соҳасидаги бундай ислоҳотлар натижасида истиқлол йилларида ОАВ сони йилдан-йилга ошиб бораётганлиги ҳам айтиб ўтилди. Бугун мамлакатимизда фаолият юритаётган ОАВ сони 1991 йилдаги кўрсаткич билан таққослаганда, деярли 3,6 марта ошган. Шунингдек, 50 фоиздан зиёд босма оммавий ахборот воситаларининг муассисларини нодавлат тузилмалари ташкил этади.
Семинарда иштирокчилар давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари фаолияти ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиш борасидаги миллий меъёрий-ҳуқуқий база ва ОАВ ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ва аҳолининг ахборот олиш ҳуқуқини таъминловчи ҳуқуқий механизмлар билан танишди. Ўз навбатида, экспертлар хориж қонунчилигининг бозор шароитида ОАВ фаолиятининг иқтисодий асосини, давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари фаолияти ҳақида ахборот олишни тартибга солувчи меъёрлари ҳақида батафсил тўхталиб ўтишди.
Семинар-тренингнинг амалий қисми “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари таҳририятида олиб борилди. Унда иштирокчилар таҳририят ижодий жамоасининг тезкор ахборотни олиш, уни қайта ишлаш ҳамда ёритиш борасидаги тажрибаси, шунингдек, таҳририятнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлаш билан боғлиқ масалалар билан танишдилар.

Зиёда АШУРОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn